ДХХ раиси Баҳодир Қурбоновнинг унвони кўтарилгани маълум бўлди
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбоновга генерал-полковник ҳарбий унвони берилган. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, у миллий армия ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб айни дақиқаларда ўтказилаётган байрам тадбирида уч юлдузли генерал погони бириктирилган формада иштирок этмоқда.

Фото: Kun.uz
Генерал-полковник – Ўзбекистонда тинчлик даврида бериладиган энг юқори ҳарбий унвон саналади.
55 ёшли Баҳодир Қурбонов ДХХни 2024 йил ноябридан буён бошқариб келмоқда. Ундан аввал салкам 6 йил давомида Ўзбекистон мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган.
Баҳодир Қурбоновнинг фаолияти
Баҳодир Низомович Қурбонов 1969 йил Жиззах вилоятида туғилган. 1987-1989 йилларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. 1990 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Олий тергов мактабига, 1992 йилда Ўзбекистон ИИВ Олий милиция мактабига (ҳозирги ИИВ Академияси) ўқишга кирган.
1994–2002 йилларда Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасида турли лавозимларда ишлаган. 2002–2005 йилларда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, 2005 йилдан Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ИИБ бошлиғи бўлган. 2008 йилда Ички ишлар вазирлиги Пост-патрул хизмати бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган, кўп ўтмай, ўша йилнинг ўзида Наманган вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига ўтказилган.
2013 йил 24 декабрдан 2015 йил 27 декабргача Ўзбекистон ички ишлар вазирининг ўринбосари бўлган. 2015 йилда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи этиб тайинланган. 2017 йил 14 январда генерал-майор унвонини олган.
Баҳодир Қурбонов 2018 йил 12 февралдан 2019 йил 11 февралгача Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони лавозимида ишлади. 2019 йил 11 феврал куни Ўзбекистон мудофаа вазири этиб тайинланиб, бу лавозимда қарийб 6 йил фаолият олиб борди. Бу орада, 2021 йил 13 январ куни генерал-лейтенант ҳарбий унвонига сазовор бўлди.
Баҳодир Қурбонов 2024 йил 23 ноябрда ДХХ раиси лавозимида генерал-лейтенант Абдусалом Азизовнинг ўрнини эгаллади. Мудофаа вазирлигида эса унинг ўрнига вазирнинг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи сифатида ишлаб келган генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов тайинланди. Бош штабга генерал-майор Иминов Зайнобиддин Рўзиевич бошлиқ бўлди.
Мавзуга оид

17:35 / 10.03.2025
Бухорода прокурорнинг катта ёрдамчиси 2,5 минг доллар билан қўлга тушди

10:18 / 07.03.2025
ДХХ ер майдонларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлади

10:21 / 01.03.2025
ДХХ соғлиқни сақлаш бошқармасининг масъул ходимини қўлга олди

10:41 / 22.02.2025