Ўзбекистон | 18:21 / 30.12.2024
631
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон президенти ва Туркманистон етакчиси ўзаро суҳбат давомида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди.

Шавкат Мирзиёев 30 декабр куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, мулоқот давомида томонлар бир-бирини ва қардош халқларни кириб келаётган 2025 йил билан самимий қутлаб, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, фаровонлик, тинчлик ва равнақ тилаган. Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилган.

Ўзаро товар айирбошлашнинг жадал суръатлар билан ўсиб, энергетика, транспорт, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кооперация кенгайиб бораётгани, идоралараро ва ҳудудлараро алоқалар, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилган.

«Давлатимиз раҳбари бу йил шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан юксак савияда ўтказилган халқаро тадбирларга алоҳида тўхталди. Ўзбек ва туркман киноижодкорлари томонидан бадиий филм суратга олингани, бир қатор қўшма тадбирлар ўтказилгани таъкидланди», — дейилади хабарда.

Суҳбат чоғида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш нуқтаи назаридан минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган. Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан.

Мавзуга оид