Япония дунёда биринчи бўлиб ёғоч сунъий йўлдошни коинотга учирди
Сунъий йўлдош “қайта тикланадиган материалнинг космик имкониятларини” намойиш этиши керак. У орбитада 6 ой қолади.

Фото: Irene Wang/Reuters
Япониялик олимлар дунёдаги биринчи ёғоч сунъий йўлдошни ишлаб чиқди ҳамда Американинг SpaceX компанияси миссияси доирасида уни коинотга учирди, деб хабар бермоқда Reuters.
Киото университети ва Sumitomo Forestry қурилиш компанияси томонидан ишлаб чиқилган LignoSat ёғоч сунъий йўлдоши Халқаро космик станцияга етказиб берилади ва Ердан тахминан 400 километр баландликда орбитага чиқарилади.
LignoSat Японияда ўсадиган магнолия турларидан бирининг ёғочидан тайёрланган — ундан анъанавий тарзда қилич қинлари ясашда фойдаланилади. Кафтдек келадиган сунъий йўлдош Ой ва Марсни ўрганишда “қайта тикланадиган материалнинг космик имкониятларини” намойиш этишга мўлжалланган.
“Ўзимиз ишлаб чиқарадиган ёғоч материаллар ёрдамида коинотда уй қуриш, яшаш ва ишлаш имкониятига эга бўламиз”, — деб таъкидлади Киото университети астронавти ва тадқиқотчиси Такао Дои. Унинг жамоаси келгуси 50 йил ичида Ой ва Марсда дарахт ўтқазиш ҳамда ёғоч уйлар қуришни режалаштирмоқда.
Коинотда ёғоч Ердагига қараганда узоқроқ сақланади, чунки у ерда сув ва кислород йўқ. Олимларнинг таъкидлашича, LignoSat хизмат муддати тугагандан кейин ҳам атроф-муҳитни камроқ ифлослантиради: анъанавий металл сунъий йўлдошлар атмосферага қайтганда алюминий оксиди зарраларини ҳосил қилади.
Аппарат 10 сантиметр ўлчамли, 4-5,5 миллиметр қалинликдаги деворлардан ташкил топган куб шаклида бўлиб, унинг оғирлиги бир килограммни ташкил этади.
LignoSat орбитада олти ой қолади, ундаги электрон таркибий қисмлар эса ёғочнинг коинотдаги оғир шароитларга чидамлилигини ўлчаб боради.
Мавзуга оид

22:17 / 10.03.2025
КХДР Япониядан 1945 йилда ўлдирилган корейсларнинг қариндошларидан кечирим сўрашни талаб қилди

22:07 / 10.03.2025
2025 йилнинг энг ишончли автомобиллари рейтинги тузилди

23:25 / 04.03.2025
Японияда ўрмон ёнғинлари 2,6 минг гектар майдонни қамраб олди

13:04 / 04.03.2025