Ўзбекистон | 08:20 / 15.10.2024
1962
1 дақиқада ўқилади

Айрим сайлов участкаларида электрон овоз бериш синовдан ўтказилади

Марказий сайлов комиссияси депутатлар сайлови куни Тошкентдаги 10 та сайлов участкасида электрон овоз беришни синовдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Фото: Марказий сайлов комиссияси

Марказий сайлов комиссияси 12 октябр куни Тошкент шаҳрида жойлашган айрим сайлов участкаларида сайлов куни электрон овоз бериш жараёнини синовдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

МСК хабарига кўра, сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида мамлакат тарихида илк маротаба электрон овоз бериш жараёнини синовдан ўтказиш режа қилинмоқда.

Электрон овоз бериш тартиби овоз бериш ва сайлов натижаларини тезкор аниқлаш, овоз бериш жараёнларининг қонунийлигини таъминлаш, сайлов комиссияларининг иш ҳажмини мақбуллаштиришга хизмат қилади.

Қурилма сайлов бюллетенларининг электрон кўринишлари билан махсус дастурланган, монитор, қоғозни чоп этувчи ва автоматик тарзда кесувчи принтер, сайлов қутиси ва уни масофадан фаоллаштириш тугмасидан иборат бўлади. Ундан фойдаланиш тартиби участка сайлов комиссиясининг тегишли масъул аъзоси томонидан тушунтирилади.

Тизим Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиясининг тавсиясига асосан пойтахтдаги 16-, 17-, 18-, 19-, 20-, 21-, 22-, 23-, 24- ва 25-сайлов участкаларида жорий этилади.

Мавзуга оид