Жавлон Ваҳобов Марказий Осиё халқаро институтига директор этиб тайинланди
2017–2023 йилларда Ўзбекистоннинг АҚШ, Канада ва Бразилиядаги элчиси бўлиб ишлаган Жавлон Ваҳобов Марказий Осиё халқаро институтига директор этиб тайинланди.

Фото: "Жаҳон" АА
Жавлон Ваҳобов АҚШдаги миссиясини 2023 йил март ойида якунлаган эди.
8 ойлик танаффусдан сўнг у Марказий Осиё халқаро институти директори сифатида иш бошлаган. Институт фаолиятининг асосий вазифалари қаторига минтақани барқарор ривожлантириш жараёнларини тадқиқ этиш киради.
Ваҳобов фаолияти давомида кўплаб юқори лавозимларда ишлаган. Хусусан, 2011-2013 йилларда Президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, 2013 йилда Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори сифатида фаолият олиб борган.
Дипломат 2013-2015 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, 2015-2017 йилларда ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Жавлон Ваҳобов 2017 йилдан бошланган АҚШдаги элчилик фаолияти билан Тошкент–Вашингтон муносабатлари фаоллашишининг янги даврида муҳим миссияни бажарди.