Жаҳон | 16:36 / 04.12.2020
11932
4 дақиқада ўқилади

Намибиядаги маҳаллий сайловларда Адольф Ҳитлер ғалаба қозонди

Намибиядаги маҳаллий сайловларда Адольф Ҳитлер исм-шарифли сиёсатчи ғолиб бўлди. Унинг тўлиқ исми Адольф Ҳитлер Уумуна бўлиб, фашистлар Германияси етакчиси Адольф Ҳитлер шарафига шундай номланган. Намибия шимолида жойлашган Омпунжа туманидаги сайловларда Ҳитлер Уумуна 1196та овоз олган ва 213та овоз олган рақиби устидан ғалаба қозонган. 

Адольф Ҳитлер Уумуна сайловларда Намибия 1990 йилда ЖАРдан мустақил бўлиб чиққанидан буён мамлакатда ҳукмронлик қилаётган SWAPO (South-West Africa's Peoples Organization) партияси номидан ўз номзодини кўрсатган. Партия 1994-2019 йилларда мамлакат парламентида 60 фоиз ўринга эгалик қилган ва охирги йилларда одамлар орасида мавқейини йўқотмоқда. Сўнгги ҳудудий сайловларда партия 57 фоиз овоз олган. Таққослаш учун, SWAPO партияси 2015 йилда 83 фоиз овоз олганди.

«Исмим Адольф Ҳитлер экани Омпунжани босиб олмоқчи эканимни англатмайди. Мен тинчлик тантанаси учун интиламан», деган Уумуна ўзининг исми ҳақида гапирар экан. Немис нашрлари сайловда ғолиб бўлган Адольф Ҳитлер исмли намибиялик билан қизиқиб, ундан интервью олишди. Уумунанинг айтишича, Адольф Ҳитлер исмини унга отаси қўйган: «Менимча, отам Адольф Ҳитлер ким бўлганини билмаган. Ёшлигимда бу исм одатий бўлиб туюларди, лекин ақлимни таний бошлаганим сари бу одам бутун дунёни босиб олишга ҳаракат қилганини билдим», дейди Уумуна. У хотини ўзини Адольф деб чақириши ва энди исмини ўзгартиришга кеч бўлганини айтиб ўтди.

Германия колонияси бўлган Намибия

Намибияда Адольф деган исмни кўп учратиш мумкин. Чунки бу мамлакат 1884 йилдан бошлаб Германия колонияси бўлган ва Германия Жануби-Ғарбий Африкаси деб аталган. Биринчи жаҳон уруши якунида эса Миллатлар Лигаси тақсимотига кўра, мамлакат ЖАР бошқарувидаги Жанубий Африка Кенгаши тасарруфига ўтган. 1968 йилдан бу мамлакат Намибия деб атала бошланган.

1904-08 йилларда мамлакатда содир бўлган қўзғолон вақтида немис аскарлари 75 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли вакилларини ўлдирган. 2019 йил Намибияда бўлган Германия делегацияси вакиллари бу ҳаракатларни генеоцид деб тан олганди. Ўз навбатида, немис ҳукумати ўтмишда содир этилган бу қотиллик учун айбдорлик ҳис қилишини маълум қилган.

Германия Намибияга ўша вақтдаги қирғин учун катта миқдорда компенсация бермоқчи бўлади, лекин Намибия бу ёрдам пулини олишни рад этади. Шундай бўлишига қарамай, Намибияда ҳамон немисча чизгилар сақланиб қолган: одамларга ҳамон немисча исмлар қўйилади, немисча номдаги кўчалар сақланиб қолган, немислар вақтидаги тарихий бинолар ҳам йўқ бўлиб кетмаган. Намибияда ҳамон немислар яшайди ва ҳар йили 120 минг германиялик сайёҳ сифатида Намибияга боради.

Маълумот учун, Намибия аҳолиси 2,5 миллиондан кўпроқ. Мамлакатнинг ЯИМ ҳажми 14,5 миллиард доллар атрофида. Намибия дунёдаги энг кўп олмос экспорт қилувчи давлатлардан бири ҳисобланади. Атлантика соҳилидаги бу давлат иқтисодиётида ҳамон ЖАР компанияларининг таъсири катталиги айтилади.

Мавзуга оид