Ўзбекистон | 09:37 / 14.06.2018
10864
5 дақиқада ўқилади

Самарқанднинг Сўғдиёнаси обод масканга айлантирилади

Самарқанд шаҳридаги Сўғдиёна таянч тиббиёт коллежида вилоят ҳокими Т.Жўраев раҳбарлигида Сўғдиёна маскани ҳудудини ижтимоий-муҳандислик, йўл инфратузилмаси ҳамда кўп қаватли уй-жой фондини таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш бўйича йиғилиш ўтказилди.

Президент Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 16 мартдаги қарори билан ташкил этилган «Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси»га 50 млн. доллар миқдорида маблағ ажратилган. Ушбу маблағ вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик ва йўл инфратузилмасини тубдан реконструкция қилишга имкон бериб, аҳолининг кундалик яшаш шароитини янада яхшилашга замин яратади.

Ш.Мирзиёевнинг 17–18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, вилоят ҳокимлиги томонидан ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик ва йўл инфратузилмасини яхшилаш, кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ошириш ва соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан жами 334,4 млрд. сўмлик чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Шундан:

  • Самарқанд шаҳрида жами 28,5 км узунликда йўл қуриш ва реконструкция қилиш;
  • 5 та асосий кўчаларда пиёдалар учун йўл ўтказгич кўприги қуриш ва 2 та кўчадаги мавжуд ер ости ўтиш йўлагини реконструкция қилиш;
  • шаҳарнинг Сартепа, Сўғдиёна, Микрорайон «А» ва «Б» масканлари ҳудудидаги жами 317 та кўп қаватли уй-жойларни мукаммал таъмирлаб, ҳудудини ободонлаштириш;
  • шаҳарнинг ичимлик сув тармоқларини қуриш, мавжуд сув тармоқларини ҳамда оқова сув қувурларини янгилаш;
  • Самарқанд шаҳрида 4 та марказлашган қозонхона қуриш;
  • шаҳарнинг 20 та марказий кўчасида ҳамда Сартепа, Сўғдиёна, Микрорайон «А» ва «Б» масканлари, Фарҳод, Сўлим, Кимёгарлар қўрғони ҳудудларининг тунги ёритиш тизимларини мукаммал таъмирлаш;
  • шаҳар ободонлаштириш бошқармасига 63 та турли ҳажмдаги юк ортиш, кўча супуриш, ювиш, юклаш, текислаш, дарахт экиш ва бошқа автотранспорт воситаларини ҳамда 40 та ўт ўриш ускуналарини харид қилиш;
  • Самарқанд шаҳрининг Амир Темур, Буюк Ипак йўли, Туркистон, Али Қушчи, Рудакий ва Ўзбектрак кўчаларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштирилган қисмининг сунъий суғориш тизимини яхшилаш;
  • кўп қаватли уй-жойлардаги мавжуд 71 та лифт мосламасини янгисига алмаштириш режалаштирилди.

Бу ишларни ўз муддатида бажарилиши учун 1 та бош штаб ва жойларда 4 та ҳудудий штаблар фаолияти ташкил этилди. Хусусан, Сўғдиёна маскани бўйича штаб фаолияти Нодирабегим маҳалласи маърифат марказида ташкил этилди.

Сўғдиёнада 5 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. 68 та кўп қаватли уй-жой ва уларда 3315 та хонадон жойлашган. 15 минг нафардан кўпроқ аҳоли истиқомат қилади. Шунингдек, ҳудудда 2 та мактаб, 1 та лицей, 2 мактабгача таълим муассасаси ва 1 та шифохона ишлаб турибди.

68 та кўп қаватли уй-жойларнинг 40 таси 5 қаватли, 27 таси 9 қаватли ва 1 таси 12 қаватли бўлиб, уларга 7 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатади.

Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси маблағи ҳисобидан Сўғдиёна масканида жорий йилда 68 та кўп қаватли уй-жойнинг том, ертўла, ички муҳандислик тармоқлари мукаммал таъмирланади, унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишларига 15,1 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилади.

Уй-жойлар ҳовлиларида 11 та болалар майдончаси, 15 та катталар спорт майдончаси, 17 та аҳоли йиғинлари учун айвон, 3 та ўйин майдончаси ва 1 та автомобилларни сақлаш учун автотураргоҳ қурилади.

Маскан ҳудудидаги ички ичимлик сув тармоқларини тўлиқ янгилаш, ҳудудни ўраб турган Али Қушчи, Тонг, Нарпай кўчаларини ҳамда ички 5,1 км узунликдаги йўлларни тунги ёритиш ҳамда ирригация тизимлари билан биргаликда мукаммал таъмирлаш белгиланди.

Йиғилишда ушбу масканда амалга ошириш режалаштирилган таъмирлаш ва бунёдкорлик ишларини ўз муддатларида бажаришда аҳолининг яқиндан ҳамкорлик қилиши таъкидланди.

Шунингдек, ҳудуддаги ноқонуний қурилмаларни ва гаражларни олиш, хонадонлар ичидан ўтган умумий фойдаланишдаги иссиқлик ва иссиқ сув, совуқ сув ва оқова қувурларини алмаштириш учун ишчиларга шарт-шароит яратиш, кўп қаватли уй-жойларнинг фасад қисмини бузиб турган, йиллар давомида уйнинг балкон қисмида олиб борилган қўшимча қурилишларни бузиб, балконларни асл ҳолатига келтириш, 9 қаватли уй-жойлардаги лифтларнинг олд қисмини ўраб турган жиҳозларни олиб ташлаш каби ишларни амалга оширишда аҳолини фаол бўлишга чақирилди.

Йиғилишда қатнашган маҳалла фаоли ва аҳоли вакиллари вилоят ҳокимига ўзларини қизиқтирган саволларини, таклиф ва мулоҳазаларини беришди. Йиллар давомида ечилишини кутиб ётган муаммолари ҳақида гапиришди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбир

Мавзуга оид