Жамият | 10:11 / 15.08.2015
2251
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда автотураргоҳларда ногиронлар учун махсус белгилар ўрнатилади

Ўзбекистонда автотураргоҳларда фақатгина ногиронлар учун мўлжалланган махсус жойлар ташкил этилади. Бу ҳақда 14 август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда ногиронлар жамоат ташкилотлари ўртасидаги консультатив учрашув чоғида маълум қилинди.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилишга босқичма-босқич тайёргарлик кўриш чораларини амалга ошириш, ногиронларнинг тўсқинликларсиз ҳаракат қилишларини таъминлаш мақсадида келгусида республикамиздаги барча автотураргоҳларда ногиронлар учун мўлжалланган ўринларни ажратиш бўйича вазирлик мутасаддиларига асосланган таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан жамоат транспортларида бекатлар номларини олдиндан эълон қилиш тартибини ўрнатиш бўйича таклиф ишлаб чиқилмоқда. Бу асосан кўзи ожиз йўловчиларга катта қулайлик туғдиради.