Тошкент юридик коллежидаги қонли жанжал тафсилотлари. Бир неча кишига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Ўзбекистон 12 Октябрь 2017 96525

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Тошкент юридик коллежининг собиқ директори Наталья Темирова ҳамда коллежда ишлаган бошқа мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан 12 октябрь куни ўтказилган брифинг вақтида Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи, адлия катта маслаҳатчиси Б.А.Деҳқонов маълум қилди.

Шаҳар прокуратураси томонидан Наталья Темирова ҳамда бошқа мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган, айни вақтда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, ЖК 167-модданинг 2-қисми «г» бандига кўра, айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса — айбланувчи энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорида жарима ёки 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

6 октябрь куни мазкур коллеж ҳудудида 3-курс талабалари ўртасида жанжал чиққан, Саидкамрон Саидвоҳидов ўзининг икки коллеждоши — Асадбек Парпибоев ва Раҳматилла Ёрқориевга пичоқ билан тан жароҳати етказганди. Жабрланувчиларнинг бири — Асадбек Парпибоев шифохонага олиб борилганида кўп қон йўқотишдан вафот этганди.

Тошкент юридик коллежида қотиллик рўй берди

7 октябрь куни коллеж директори Наталья Темирова ўз лавозимидан озод этилди. 

Наталья Темирова директор сифатида кадрларни ишга қабул қилишда қариндош-уруғчиликка, ходимларни ишга қабул қилишда таъмагирликка йўл қўйгани, битирувчиларга диплом беришда қонунчилик талаблари бузгани аниқланган. Шунингдек, коллеж меҳнат жамоаси ўртасида гуруҳбозлик ва носоғлом муҳит юзага келган.

«У ўз ўғли Рустам Темиров ва қизи Нодира Темировани ўқитувчилар гуруҳига киритган, аммо улар ҳеч қачон дарс ўтишмаган», дея Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг сўзларини келтирган «Газета.uz». 

Тошхўжаевнинг айтишича, Наталья Темирова ўқув муассасаларида хавфсизликни таъминлаш учун ўрнатилган тартибларни инкор этган.

«Ҳуқуқ-тартибот органлари, шаҳар ҳокимияти ва вазирлик томонидан ўрнатилган қоидаларга бўйсунмаган, талабларни бажармаган. У ҳамиша фақат Адлия вазирлигига бўйсунишини айтиб келган», деган у.

ИИББ Қоидабузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори Абдурашид Очиловнинг хабар қилишича, 12 сентябрь куни коллеж раҳбарияти ташриф буюрувчиларни текшириш учун келган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини киритмаган. Коллежда металл детекторларидан фойдаланилмаган.

Абдурашид Очиловнинг айтишича, Фожиа рўй беришидан 3 кун олдин, 3 октябрь куни Тошкент шаҳридаги таълим муассасаларида ўтказилган тадбирлар давомида 3та пичоқ, битта болта ва битта бита топилган. Бу ўқувчиларнинг ота-оналари маъмурий жавобгарликка тортилган.

6 октябрь куни коллеждошларини пичоқлаган Саидкамрон Саидвалиевга нисбатан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) аломатлари билан жиноий иш қўзғатилган. Айни вақтда тергов давом этмоқда, экспертизалар ўтказилиши тайинланган. Дониёр Тошхўжаев экспертизалар якунига кўра, иш судга оширилишини маълум қилган.

Саидкамрон Саидвалиев тергов вақтида кўрсатма беришича, у ошхонада курсдошига пластик бутилка улоқтирганида идиш бошқа курсда ўқувчи Раҳматиллога бориб теккач, жанжал келиб чиққан. Бир-бирини ҳақоратлашиб, улар кўчага чиқишган. Асадбек ҳам жанжалга қўшилган.

Гумонланувчининг ҳикоя қилишича, жанжал вақтида Раҳматилло уни онасидан сўккан,  Саидкамрон унинг бел қисмига пичоқ урган. Бу вақтда Асадбек уни тепган, у бунга жавобан унинг оёғига пичоқ билан зарба берган. Саидкамрон воқеа жойидан қочиб кетган ва ўша куни кечқурун қўлга олинган. 

Дониёр Тошхўжаевнинг маълумот беришича, тиббий хулосалар унинг қонида алкоголь ёки наркотик бўлганини кўрсатмади.

Тошкент юридик коллежида пичоқлашганлар аввал жиноий ишлар иштирокчилари бўлишган

Октябрь ойи бошида марказий телевидение орқали Тошкент юридик коллежидаги аҳволга бағишланган кўрсатув эфирга узатилган, у жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган эди. Унда, хусусан, коллеж ўқувчиларининг тартибсизликлари ва ахлоқсизликлари ҳам кўрсатилган.

7 октябрь куни коллежга аввал Тошкент юридик университетида проректор, кейинроқ кафедра мудири сифатида ишлаган Восит Эргашев янги директор этиб тайинланди.