БМТ: Дунёда 1 миллиарддан ортиқ қиз бор ва уларнинг барчаси катта салоҳиятга эга

Жамият 12 Октябрь 2017 5167

Бугунги кунда дунёдаги аксарият қизлар ҳаётининг дастлабки ўн йиллигида мактабда ўқиб, керакли эмлашларни олишмоқда ва олдинги авлоднинг қизларига қараганда озиқ-овқат ҳамда соғлиқ муаммоларидан камроқ азият чекишмоқда. Бироқ, кўплаб қизлар учун ҳаётининг иккинчи ўн йиллиги анча камроқ истиқболга эга, деб хабар бермоқда БМТнинг янгиликлар маркази.

Улар ҳар доим ҳам ўрта ва олий маълумотга эга бўла олмайдилар, баъзида эрта ёшда турмушга чиқишга мажбур бўлишади, ўзларини қандай ҳимоя қилиш ва исталмаган ҳомиладорликдан сақланишни билмайдилар. Бу ҳақда БМТдан Халқаро қизлар куни муносабати билан эслатишди. У 11 октябрда нишонланади. Куннинг мақсади - бутун дунё бўйлаб қизлар дуч келадиган муаммоларга эътибор бериш.

Бу йил Халқаро қизлар куни инқирозларда ва уларни бартараф этишда уларнинг ўз имкониятларини кенгайтиришга бағишланган. БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда бир миллиарддан зиёд қиз бор, уларнинг барчаси катта салоҳиятга эга - ҳатто инқирозга учраганлар ҳам. Халқаро ҳамжамиятнинг вазифаларидан бири бу салоҳиятларни ривожлантириш ва улардан фойдаланишда ёрдам беришдир.