Республика ИИВ делегацияси Андижон тажрибасини ўрганди

Жамият 12 Август 2017 5378

Жорий йил 11-12 август кунлари Андижон вилоятида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ташкил қилинган патруллик хизматининг ижобий тажрибасини ўрганиш юзасидан Республика ички ишлар вазирлигидан ташриф буюрган делегация аъзолари Андижон шаҳри, Хонобод, Асака, Шаҳрихон туманларида бўлиб, олиб борилаётган амалий ишлар билан яқиндан танишди. Хусусан, Асака туманида ташкил этилган семинарда Тозалаш-Антитерор тадбирларининг ижобий самара бераётганлиги, унга жалб қилинаётган барча ҳамкор ташкилотларнинг ўзаро ҳамжиҳатликда иш ташкил этаётганлиги алоҳида таъкидланди. Бу ҳақда Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати “Кун”га маълум қилди. 

Делегация аъзолари Андижон шаҳрида ташкил этиб келинаётган тунги хизматга жалб қилинган ички ишлар ходимлари, жамоатчилик вакиллари билан ўтказиладиган тунги йўриқномалар, Тун Тиғ ва Фильтрлаш тадбирлари билан атрофлича танишиб ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. 

Бундан ташқари Хонобод шаҳрида Хавфсиз шаҳар тизими жорий этилганлиги муносабати билан бу жойда олиб борилаётган профилактик тадбирлар билан ҳам яқиндан танишилиб, делегация аъзоларига вилоят ҳудудида, ҳудудлар макети, отлиқ, кинология хизматини жалб этилиши юзасидан атрофлича маълумотлар берилди. 

Шаҳрихон туманида жамоатчилик асосида олиб борилаётган тунги хизмат фаолияти ва  янгича ишлаш тизими бўйича амалга оширилаётган  барча тизимли ишлар делегация аъзоларининг диққат марказида бўлди.