Футбол шарҳловчиларимиз қачон чин юракдан ишлашади?

Спорт 11 Август 2017 19135

Ўзим журналист эмасман, аммо журналистикага қизиқишим баланд. Журналист ака-укаларимиз, айниқса, футбол журналистларимиз ва шарҳловчиларимиз томонидан ёзилган мақолаларни доимо қизиқиш билан ўқиб бораман.

Ушбу чиқишимда футбол журналистикаси ҳақида эмас, айнан шарҳловчилар ҳақида ўз мулоҳазаларимни билдиришга жазм этдим.

Ҳар бир устознинг ўз муҳри бўлади. Шогирдларининг қайсидир ҳаракатлари устозини эслатиб юборади. Шундай шогирдларни «устоз кўрган шогирд», дейиш мумкин. Аммо менинг назаримда, «Спорт» телеканалида шарҳлаётган кўплаб футбол шарҳловчиларимизнинг устозлари йўқдек. Айнан мана шу ерда савия, устоз муҳри сезилиб қолади.

Экрандаги футбол темпига мос шарҳламай, пастлашиш, қизиқарли ўйинларни савиясиз шарҳлаш, ўйиндан четга чиқиш, кўп минглаб сонли мухлисларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли ҳам кўплаб юртдошларимиз Европа футболини Россия телеканаллари орқали кўришади. У ерда ҳарқалай анча қизиқроқ ва жўшқинроқ шарҳлашади.

Шу ўринда яна бир муаммони, футбол шарҳловчиларимиз томонидан ўз ишига юракдан ёндашилмаслиги сабабли кўпчилик эътибор бермаган қимор иллати, тўғрироғи, тотализатор юртимизга кириб келаётганини айтиб ўтмоқчиман.

«Бизга нима алоқаси бор?» деб ҳайрон бўлманг, ҳозир тушунтираман.

Аввалари эътибор бермасдим, аммо кўпчилик замонавий телефон ишлатадиган танишларим кўпдан бери ўша рус футбол каналлари томонидан реклама қилинадиган тотализатор компаниялари орқали замонавий қиморга аралашиб қолишган. Бунинг асосий сабабларидан бири — каналларимиз орқали футболнинг сифатсиз шарҳланишида, мухлисни ўз каналларимиз ушлаб қола олмаётганидадир.

Эътибор беряпсизми, ҳурматли шарҳловчилар? Сизларнинг ўз касбларингга масъулиятсиз ёндашишларинг сабабли миллатимизга нималар кириб келиши мумкин ва кириб келяпти?

Шу ўринда бир савол туғилади: мухлисларни ўз каналимизга қайтариш учун нима қилиш керак? Европа чемпионатлари трансляциясини сотиб олишда ҳамкорлик қилаётган ташкилотлар, энг аввало, ўз бизнеслари ўйлаб, қолаверса, халқимизнинг Европа футболи ҳавосидан баҳра олишлари учун қилаётган хизматлари, албатта, таҳсинга сазовор. Аммо деярли ҳамма рус телеканалларини кўраверса, ҳомий ўз маҳсулотини қайси канал орқали реклама қилсин?

Трансляция учун сарфлаган маблағи ўзини оқламаса, кейинги мавсумда яна ҳомийлик қилишидан нима наф? Мана сизга савол ичидаги савол: муаммонинг энг асосий сабаби, устоз кўрмаган шарҳловчиларимизнинг футболни шарҳлашларида, потенциал томошабинни экраннинг остига михлаб қўя олмаётганлигида, деб биламан.

Бир пайтлар «Спорт» телеканалида раҳматли Давлат Турдиалиев, у кишининг чин шогирди деб аташга арзигулик Хайрулла Ҳамидов каби «тишга босарли» шарҳловчиларимиз бўларди. Устоз сифатида Давлат аканинг ўз мактаблари бор эди. У кишининг ўгитларидан фойдаланган кўплаб шогирдлари айни пайтда қалам тебратиш билан банд. Балким уларни ТВга қайтариш керакдир?

Аксарият ҳозир ишлаётган кўплаб шарҳловчилар ҳам Давлат акани балки ўзларига устоз, деб билишар, аммо устоздаги ҳеч бўлмаганда биттагина ижобий хусусиятни ўзида шакиллантира олмаган шогирд шогирд эмас, деб ҳисоблайман. Устозни «устоз» деб билиш эмас, устоздан нималарнидир ўрганиш, уни ўз феъл-атвори ва характери орқали шакллантириш керак.

Давлат ака ва у кишига ўхшаган кўплаб устозларимиздан таълим олган шогирдлари, айни пайтда устоз дейиш мумкин бўлган футбол журналисти ва шарҳловчиларимиз бор. Шу шогирдлар энди ўзлари ўзларига устозлик қилиб, ўз мактабларини яратиш устида иш олиб боришмаса, ўзини «Давлат аканинг шогирдиман, у кишини устоз, деб биламан», дея ўз устиларида ишлаб, футбол шарҳлашда, футболдан ташқарига чиқмасдан, футбол жозибасини янада кўтариш учун меҳнат қилишмас экан, спорт ва шу каби спортга оид телеканалларимиз шарҳидаги фаолияти сустлигича қолаверади.

Мухлисларимиз, аввалгидек, рус телеканаллари шарҳловчиларининг шарҳига маҳлиё бўлиб қолаверишади. Натижада, тотализатор аталмиш бало миллатимиз, ёшларимиз онгини заҳарлашда давом этаверади.

Кўряпсизми, биргина футбол шарҳидаги масъулиятсизлигингиз миллат онгининг заҳарланишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳали ҳам кеч эмас! Бу борада ТВдаги мутасаддилар, устоз кўрган тажрибали шарҳловчиларимиз вақтида ҳаракатни қилиб қолишмас экан, эртага кеч бўлиши шубҳасиз. Бу худди оғзингдаги ошни олдириб қўйишдек гап.

Вазият бу даражагача етиб бормаслигига, кўп миллион сонли мухлислар номидан умид билдираман.

Улуғбек Ғафуров