Шарҳ. Юридик таълимда қандай ўзгаришлар бўлди? 

Ўзбекистон 19 Июнь 2017 13157

2017 йил 2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Бундан аввалроқ, яъни 2017 йил 28 апрель куни «Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори имзолангани ва у орқали миллий таълим тизимида бир қатор инқилобий ўзгаришлар қилингани ҳақида маълумот берилганди.

«Xushnudbek.uz» сайтида жойлаштирилган мақолада Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан яна қандай ўзгаришлар киритилгани таҳлил қилинган.

Ушбу қарор билан иккита нарса, Тошкент давлат юридик университети бакалавриатига хорижий фуқароларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди (1) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланди (2).

1-ўзгариш: Тошкент давлат юридик университетига хорижий фуқароларни қабул қилишда бошқа ОТМлардан фарқли ўлароқ, тест синовларидан воз кечилиб, шунчаки суҳбат ўтказиладиган бўлди.

Ўзгаришга кўра, эндиликда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан келган хорижий фуқаролар нафақат ТДЮУ, балки барча ОТМлар бакалавриатига суҳбат натижасида қабул қилинадиган бўлди. МДҲдан бошқа мамлакат фуқаролари учун эса ОТМларда тест синови сақланиб қолган. ТДЮУда барча хорижликлар суҳбат асосида қабул қилинади.

2-ўзгариш: Хорижий фуқароларни қабул қилишда абитуриентлар ўз ҳужжатларини интернет орқали юбориши йўлга қўйилди. Фақат абитуриентлардан суҳбатга келганда ўзлари билан ҳужжатларнинг оригиналларини олиб келиш ва тасдиқлаш талаб этилади холос.

Аслида бундай тизим деярли барча хорижий ОТМларида мавжуд. Тегишли ҳужжатларнинг оддий сканер варианти бирламчи ҳужжат топшириш учун етарли ҳисобланади. Чунки кейинчалик уларнинг ҳаққонийлигини текшириш ва агар кимдир алдаган бўлса, унга рад жавобини бериш имкони ҳар доим бўлади. Бу жуда оддий тартиб.

Интернет орқали ҳужжат қабул қилиш тартибни нафақат хорижий фуқаролар, балки ўзимизнинг абитуриентларга ҳам қўллаш вақти аллақачон етиб келган. Аммо бизда қўрқув бор. ОТМлар бунга тайёр эмас, абитуриентлар бунга тайёр эмас, ҳали бизда интернет саводхонлиги ривожланмаган, фирибгарлик кўпаяди, у бўлади, бу бўлади, хуллас сон-саноқсиз баҳона. Ўқишга кириш мавзуси шунчалар даражага етганки, ҳар қандай қароримиз ортида фирибгарлик пайдо бўлиши мумкинлигидан қўрқиб қолганмиз. Лекин қачонгача янгилик қилишдан қўрқиб яшаймиз, ҳайронман.

Ҳозирда фақат Тошкент ахборот технологиялари университетидагина бакалавриат учун ҳужжатларни онлайн қабул қилиш йўлга қўйилган холос.

3-ўзгариш: Бир семестрда назарий билимларни эгаллашга ажратилган 18 ҳафталик ўқув жараёнлари 14 ҳафтага қисқартирилди. Ортиб қолган 4 ҳафталик муддат талабаларнинг мустақил изланишлари ва назорат ишлари учун ажратилади.

Шунингдек, аудитория дарслари ҳажмининг ҳафталик максимуми 36 соатдан 30 соатга қисқартирилди. Бу ТДЮУда ҳафтасига 5 кун ўқиш бўлади дегани.

Барча хорижий ОТМлардан фарқли равишда Ўзбекистонда 2 сентябрдан январь ойининг ўртасига қадар ўқув машғулотлари давом этади. Натижада ўқиш самарадорлигига бу фактор салбий таъсир кўрсатади. Ўқитувчи чарчайди, талаба чарчайди, чунки вақтининг аксарият қисмини аудиторияда ўтказади, амалий кўникма ҳосил қилмайди. ТДЮУда эса 18 ҳафталик муддат 14 ҳафтага қисқартирилди.

Шунингдек, ОТМларда  ҳалигача талабалар ўз иш фаолиятида бирон марта керак бўлмайдиган, мутахассислигига умуман алоқаси бўлмаган қўшимча фанларни ўқишга мажбур бўлишмоқда. ТДЮУда кераксиз, мутахассислик учун кам аҳамиятли фанларни чиқариб ташлаш эвазига 4 йил давомида ўқитиладиган фанларнинг умумий сони 30 тагача қисқартирилди. Илгари уларнинг сони 60 га яқин эди.

Бундан ташқари, ТДЮУда барча фанлар кесимида ҳафтасига 1 та лекция ва 1 та семинар ўтиладиган бўлади. Бу ўз навбатида ўқитувчиларнинг ўқув юкламасини сезиларли даражада камайтиради ва уларга қулайлик яратади, ўқитиш самарасини оширишга олиб келади.

4-ўзгариш: ТДЮУ давлат таълим стандартларида белгиланган ўқув блокларига ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга бўлди.

Бугунги кундаги таълим тизимимизда барча йўналишлардаги ўқув режаларига киритиладиган фанлар стандарт равишда мажбурий 5 та блоклардан иборат қилиб белгиланган. Бундай умумий “стандартлар” халқаро тажрибага мутлақо жавоб бермайди. Чунки талабалар кўплаб ортиқча ва кераксиз фанларни мажбуран ўқишади, вақтларини беҳудага кетказишади. Биз “универсал аскар”ларни чиқаришга уринамиз, лекин аниқ бир йўналишдаги кучли мутахассисларни тайёрлаш даражасида муаммоларимиз етарлича.

ТДЮУга берилган ушбу ҳуқуқ орқали эндиликда ўқув дастурларидан математик ва табиий-илмий фанлар блоки чиқариб ташланади. Бунинг устига фан блокларини гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар, умумкасбий фанлар, махсус фанлар ва қўшимча фанлар тарзида бўлиш ҳам мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабли, ТДЮУда халқаро тажрибадан келиб чиқиб фанлар иккита блокка: мутахассислик (профил) ва номутахассислик фанларига ажратилади. Ва иккала блокда ҳам мажбурий ҳамда танлов фанлари киритилади.

5-ўзгариш: ТДЮУда Ўзбекистондаги ОТМлар орасида биринчи бўлиб, ўқитишнинг кредит тизимига ўтилади. Кредит тизими талабалар ўқув юкламалари ҳажмини аниқлашнинг шартли белгиси бўлиб, хорижий таълим муассасаларида энг кенг тарқалган тизим ҳисобланади.

Кредит тизими ҳақида қуйидаги мақолалар орқали маълумот олишингиз мумкин:

European credit system of education
Educational integrating projects in the credit system of education
What Are Academic Credit Systems? Benefits for International Students
All You Need to Know about the European Credit System ECTS
What You Need to Know about Academic Credit Systems in the U.S.
Основы кредитной системы обучения в странах мира
Кредитная система обучения: как ставят оценки

6-ўзгариш: Тошкент давлат юридик университетига педагог ходимлар адлия органлари ва муассасалари учун белгиланадиган тартибда ўтказиладиган танлов асосида қабул қилинади.

7-ўзгариш: ТДЮУга бакалавр даражасига эга бўлган шахслар ҳам ўқитувчи сифатида ишга олиниши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги “Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига кўра, Ўзбекистонда олий таълим ўқитувчиси лавозимини эгаллаш учун албатта магистрлик даражаси бўлиши лозим.

Амалиётда тез-тез дуч келамизки, миллий ОТМлардан бирида бакалавр дажасини олган кўпчилик юртдошларимиз хорижий ОТМларда магистрлик даражасини олишади. Улар юртимиздаги ОТМларда дарс бергиси, хорижда тўплаб келган билими билан ўртоқлашгиси келади, бироқ бизда хорижий дипломларни нострификация қилиш худди игна билан қудуқ қазиш каби қийинлиги сабабли улар ана шундай ўқитувчилик, илмий-тадқиқот ва амалий иш тажрибасига эга бўлган шахсларнинг тажрибасидан фойдалана олмаймиз. Масалан, хорижий ОТМларнинг юртимиздаги филиалларига эътибор берсак, улар бемалол бакалавр даражасидаги шахсларни ўқитувчи сифатида ишга олишади.

Мазкур ўзгаришга кўра, ТДЮУга ўқитувчи сифатида ишга кириши мумкин бўлган шахслар доираси кенгаяди ва қуруқ магистрлик дипломига эмас, балки олинаётган шахснинг тажрибасига қаралади.

8-ўзгариш: ТДЮУда ўқитувчиларнинг йиллик шахсий иш режаси фақат ўқув тусдаги тадбирларни ўз ичига оладиган бўлди. Шунингдек, ўқитувчилардан 1540 соатлик “нагрузка” ҳам олиб ташланди.

Бугунги кунда олий таълим тизимида ўқитувчиларнинг йиллик шахсий иш режаси:
ўқув;
илмий-методик;
илмий-тадқиқот;
ташкилий-методик;
маънавий-ахлоқий;
тарбиявий тусдаги асосий тадбирлар рўйхатини, тадбирлардан ҳар бири бўйича соатлар миқдорини кўрсатган ҳолда, ўз ичига олади.
Ўқитувчи ўзининг асосий вазифаси, яъни дарс беришдан ташқари, яна кўплаб жамоатчилик ишларига жалб қилинади, ҳар бир ўтказган тадбирини исботлаш учун тонналаб қоғозбозликларга маҳкум этилади. Йил охирида соати чиқмаётган ўқитувчи қўшиб ёзиш учун нималарнидир ўйлаб топишга мажбур бўлади. Умуман ўқитувчининг асосий фикру хаёли 1540 соатлик “нагрузка”ни бажаришда бўлади.
Хўш, унда ўқитувчи қачон ўз устида ишлайди?
ТДЮУда эндиликда ўқитувчининг йиллик шахсий иш режаси фақат ўқув тусдаги тадбирларни ўз ичига олади. Аммо бу дегани ўқитувчилар қолган йўналишдаги тадбирларни бажармайди дегани эмас. Қўшимча тадбирларни бажаргани учун ўқитувчиларни иш ҳақи фондининг 85%и миқдорида алоҳида рағбатлантириш тизими жорий этилади.

9-ўзгариш: ТДЮУда таҳсил олаётган талабалар иккинчи курсдан бошлаб ўқишнинг бир ўқув йилигача бўлган муддатни хорижий ОТМнинг юриспруденция йўналишида ўқиш ҳуқуқига эга. Талабанинг хорижий ОТМда ўқиган даври ва ўзлаштирган фанлари маълумотнома асосида университет Кенгаши томонидан университет ўқув режаси ва дастурларининг тегишли қисмларини ўзлаштирганлиги сифатида қабул қилиниши ва талабага ўқишини тегишли ўқув семестридан давом эттириш ҳуқуқи берилиши мумкин.

Бугунги таълим тизимимизда талаба ёшларнинг хорижда ўқиши ёки оддийгина амалиёт ўташи билан боғлиқ бир қатор қийинчиликлар мавжуд. Амалдаги қоидага кўра, талаба 74 соат дарс қолдирса, у талабалар сафидан чиқарилади. Шунинг учун хорижга, айтайлик атиги 1 ойга ўқишга кетмоқчи бўлган талаба ўз хоҳишига кўра талабалар сафидан чиқиш учун ариза ёзишга мажбур бўлади. Қайтиб келгач эса, яна олдинги курсидан ўқишни бошлайди, натижада 1 йилини ҳавога совуради.

ТДЮУдаги ўзгаришга биноан, эндиликда 1 йилгача муддатга ўқишга кетган талаба, қайтиб келгач, келган жойидан ўқишини давом эттираверади, беҳуда вақт йўқотмайди.

10-ўзгариш: ТДЮУ талабалари эндиликда академик ўзлаштира олмаганлиги (қарздорлиги) учун талабалар сафидан чиқарилмайди. Академик қарздор талабалар ўзлаштира олмаган фанларни такроран ўқитиш учун тегишли курсда қолдирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низом”га биноан, семестр якуни бўйича академик ўзлаштира олмаган (қарздор) талабалар талабалар сафидан чиқарилади. Улар келаси ўқув йилидан ўқишини қайта тиклайди ва барча фанларни янгитдан ўқишни бошлайди. Гарчи олдинги йили худди шу фанни ўзлаштирган (баҳо олган) бўлишига қарамасдан. Яна ўша мавзулар, яна ўша маърузалар, яна ўша назорат ишлари, яна ўша реферат ва тестлар… Бунинг устига талабалар сафидан чиқарилган талаба ёз ойларида қайта тикланиш учун бир дунё ҳужжатни йиғиши, комиссияга кириши, буйруқ чиқишини кутиши ва яна бир қанча мураккаб жараёнларни бошидан кечириши керак.

Эндиликда ТДЮУда фанни ўзлаштира олмаган талаба талабалар сафидан четлатилмайди, шунчаки курсдан курсга қолдирилади. Келгуси ўқув йилида эса худди ўша ўзи ўзлаштира олмаган фанни ўқийди холос. Ўзлаштирган фанларини қайта ўқиши шарт бўлмайди.

11-ўзгариш: ТДЮУ ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш факультети негизида Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази ташкил этилди.

12-ўзгариш: Эндиликда ТДЮУ  бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва ўқув дастурларини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан мустақил ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Аслида ушбу ўзгариш фақат ТДЮУ учун киритилгани йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълимнинг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида» 2001 йил 16 августдаги 343-сон қарорининг 1-иловасига ўзгартириш киритилиб, ўқув жараёни ўқитишнинг модул тизимига асосланган барча ОТМлар юқоридаги каби ўқув режаларини мустақил ўзи тасдиқлаши белгиланди. Бироқ ҳозирча фақат ТДЮУда қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқитишнинг модул тизими расман йўлга қўйилган. Гарчи ТАТУ, тиббиёт олийгоҳларида ҳам модул тизими асосида ўқитишга қисман ўтилган, бироқ уларда бу тизим расман, қонун ҳужжатларига асосан, тасдиқланган эмас. ТДЮУда эса Президент қарори билан модул тизими жорий этилган.

«Таълимдаги бундай ўзгаришлардан қувонмасликнинг иложи йўқ. Секин-аста хориж ҳавоси кириб келяпти. Ўзгаришлардан, янгиликлардан қўрқмайдиган, қотиб қолган стандартлардан воз кеча оладиган авлод шаклланяпти. Шунисига шукур.

Фақат бундай ўзгаришларни биргина юридик университет мисолида эмас, барча ОТМларда қўллашни бошлаш керак. “Қандай бўларкин, ўқитувчиларимиз тайёрмас, талабалар тайёрмас, шароитимиз тайёрмас, одамлар тайёрмас” деган баҳоналарни йиғиштириш вақти келди.

Бошланишига хатолар, камчиликлар бўлса ҳам, келгусида бу фақат фойда келтиради. Биз қанчалик ўзгаришларни ортга сураверсак, шунча ўзимизга жабр қилаверамиз. Айниқса таълим тизимида бунинг тўлови қиммат бўлади. Фурсатни бой бермайлик», дейилган «Xushnudbek.uz» изоҳида.