«Монако» яна 3 футболчи сотиб олди

Спорт 18 Июнь 2017 10904

Ёзги трансферлар вақтида бир қатор етакчиларини сотиши кутилаётган «Монако» ўз таркибига янги футболчиларни қўшиб олмоқда. Князлик жамоаси 3 футболчини трансфер қилиб улгурди.

«Вольфсбург» дарвозабони Диего Бенальо янги мавсумдан «Монако» шарафини ҳимоя қилади. 33 ёшли швейцарилик эркин агент сифатида жамоага келган ва 3 йиллик шартномага имзо чеккан.

«Лион»дан Жорди Гаспар сотиб олинган. 20 ёшли футболчи билан ҳам 3 йиллик шартнома тузилган.

Учинчи трансфер эса Бельгиядан - «Зулте-Варегем»дан 23 ёшли ярим ҳимоячи Соуахило Мейте сотиб олинган ва у билан 5 йиллик шартнома тузилган. Якунланган мавсумда белгиялик футболчи жамоаси сафида 40 учрашув ўтказиб, бир гол урган ҳамда бир голга узатма берган. Ушбу футболчи Леонарду Жардим жамоасида «Челси»га кетиши кутилаётган Тьемуэ Бакайоко ўрнини эгаллаши кутилмоқда.

Бельгия клуби сафида ушбу футболчи ўтган мавсумда ижара асосида ўйнаганди, унинг трансфер ҳуқуқи Франциянинг «Лилль» клубига тегишли эди. Аммо бельгияликлар 1 июнь куни уни 300 минг евро эвазига трансфер қилганди.

Шу тариқа «Монако» ёзда сотиб олган футболчилар сони 4 нафарни ташкил қилмоқда. Бунгача Бельгиянинг «Андерлехт» клубидан Юри Тилеманс сотиб олинганди.