Ҳиндистон шимолида давом этаётган ўрмон ёнғинлари туфайли 6 киши ҳалок бўлди

Жаҳон 01 Май 2016 7702

Ҳиндистон шимолидаги Уттарҳанд штатида рўй бераётган ўрмон ёнғинлари туфайли 6 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Times of India хабар тарқатди.

Хабарда келтирилишича, ёнғинлар жами 2000 га майдонни қамраган.

"Айни вақтда ҳудудларда 922та ёнғин ҳолати қайд этилди. Ёнғинлар туфайли 6 киши ҳалок бўлган, улардан 3 нафари аёл ва бири ёш бола. Шунингдек, 7 киши жароҳатланган. 1890,79 гектар ҳудуд ёнғиндан зарарланган", дейди штат ўрмон хўжалиги вакили.

Бу ёнғин туфайли Чамоли, Паури, Рудрапраяг, Техри, Уттаркаши, Питхорагарх, Алмора ва Найнитал туманларида талофатлар кўп. Ўт ўчириш ишларига ўт ўчириш ва қутқарув хизматларининг 6 минг нафарга яқин вакили жалб этилган.

1 май куни ўт ўчириш ишларига армия қисмлари жалб этилди. Шунингдек, Ҳиндистон ҳарбий ҳаво кучларининг 2та Ми-17 русумли вертолёти жалб этилган. Бу вертолётлардан Бхимтал кўлидан сув ташишда фойдаланилмоқда.