Лукаку Роналдуни ортда қолдирди, Испанияда жиддий йўқотиш. Евро саралашида кун ўйинлари

Спорт 14:43 / 20.11.2023 22114

А гуруҳи

Гавининг жароҳати ва Ҳоландсиз голлар шоуси

Испания — Гуржистон 3:1
Голлар:
Ле Норман (4), Торрес (55), Лочошвили (72, автогол) — Кварацхелия (10). 
Испания – Симон, Карвахал, Мартинес, Ле Норман, Гайя, Фабиан Руис, Родри (Субименди, 86), Гави (Сансет, 26), Ферран Торрес (Ямал, 65), Уилямс (Рикелме, 86), Мората.
Гуржистон – Мамардашвили, Какабадзе (Мамучашвили, 90), Кашия, Кверквелия, Лочошвили, Азаров (Гочолейшвили, 78), Квеквескири (Меквабишвили, 60), Кочорашвили, Чакветадзе (Алтунашвили, 90), Кварацхелия, Микаутадзе (Давиташвили, 60).
Огоҳлантиришлар: Родри (56), Кварацхелия (75), Саньоль (75), Кашия (83), Мартинес (90).

Испанлар Гуржистон билан ўйинни худди Тбилисидаги ўйин натижасини (7:1) такрорлаш ёки уни яхшилашни мақсад қилгандек бошлади. Ферран Торреснинг жарима зарбаси ва Ле Норманнинг тезкор голи, бу «Реал Сосиедад» ҳимоячиси учун миллий жамоадаги биринчиси бўлди. Аммо меҳмонлар бу сафар «муштланадиган қоп»га айланмаслик учун бор имкониятини ишга солди. 10-дақиқада Чакветадзе ҳимоячилар орасидан Кварацхелияга голли пас берди. Хвича жами голлари сонини 15 тага етказди ва Гуржистон тарихидаги энг яхши тўпурарлар пойгасида учинчи ўринга кўтарилиб олди.

Аммо ўтказиб юборилган гол испанларни Гавининг жароҳати каби хафа қилмагани аниқ. Ўзининг реакциясига қараганда, шикастланиш анча жиддий бўлган. Шундан кейин кўплар Луис де ла Фуэнтенинг қуйидаги сўзларини эслади: «Яхши футболчилар ҳеч қачон дам олишмайди». Кўз тегдими? Нима бўлганда ҳам бу «Барселона» бош мураббийи Хави учун жуда ёқимсиз хабар, у узоқ даволанган Педрисиз анча қийналганди, энди эса бошқа бир вундеркиндсиз қолди.

Испанияга Мамардашвили ҳам муаммолар туғдирди. Биринчи бўлим охирида «Валенсия» дарвозабони Моратанинг яқин масофадан йўллаган зарбасини қайтарди. Иккинчи бўлим бошида — Родрининг ҳужумини тўсиб чиқди. Аммо барибир Торреснинг бош билан газонга чўпчитиб берган зарбасини қайтариш имконсиз эди. Ушбу вингер голини захира ўриндиғи томон югуриб бориб Гавининг футболкасини кўтаргани ҳам ҳавбекнинг тиззадан олган жароҳати жиддий эканини яна бир бор тасдиқлади. Сўнгги маълумотларга кўра, биринчи тиббий кўрик футболчининг олдинги хоч суяги йиртилганини кўрсатган. У энди мавсум охиригача майдонга туша олмаслиги ва ҳатто ёзда Евро-2024 ва Олимпиадага ҳам бора олмаслиги мумкин.

Шотландия — Норвегия 3:3
Голлар:
Макгинн (13), Остигард (33, автогол), Армстронг (59) — Доннум (3), Ларсен (20), Элюнусси (86).

Глазгода турнир аҳамиятига эга бўлмаган ўйинда жамоалар қувноқ футбол намойиш этишди. Ҳоланд, Эдегор ва Серлотсиз ўйнаган норвегияликлар ҳайрон қолдирди ва йўлланмани олдинги турда ҳал қилиб улгурган мезбонларни икки бор ҳисобда ортда қувишга мажбур қилди. Бу саралашни жуда яхши ўтказган шотландлар эса нафақат жавоб қайтаришди, балки ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олишди. Макгинн ва Стюарт Армстронг иштирокидаги учинчи голли комбинация — ушбу футболчилар бир-бирини телепатик даражада тушунишини намойиш этиб берди. Аммо якунда Макгиннинг жароҳати ва дарвозабоннинг қўпол хатоси Шотландияни ғалабасиз қолдирди.

G гуруҳи

Болгарлар яна фаворитни қийнашди

Сербия — Болгария 2:2
Голлар:
Велкович (17), Бабич (82) — Русев (59), Десподов (69).
Сербия – Милинкович-Савич, Велкович, Бабич, Миленкович, Костич (Максимович, 85), Гудел, Журичич (Влаҳович, 62), Лукич (Илич, 76), Живкович (Радонич, 76), Тадич, Митрович (Младенович, 85).
Болгария – Наумов, Турицов, Атанасов, Петков, Попов, Груев, Крастев (Боруков, 77), Краев (Чочев, 77), Минчев (Русев, 46), Колев (Илиев, 77), Десподов (Ковачев, 90).
Огоҳлантиришлар: Петков (3), Лукич (51).

Сербияда Венгриянинг хатосидан сабоқ олиш имконияти бўлганди. Венгрлар ўтган турда гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб турган болгарлар билан учрашган ва Евро йўлланмасини инфарктга туширадиган воқеалар ривожида қўлга киритганди — ҳисобни тенглаштирувчи гол иккинчи бўлимга қўшиб берилган саккизинчи дақиқада урилганди. Серблар ҳам бундай асаббузарликдан қоча олишмади ва огоҳлик қўнғироғи биринчи бўлимдаёқ чалина бошлади.

Масалан, Велкович дарвозабон қайтарган тўпни боши билан барибир тўрга жойлаган ҳолда ҳисобни очганидан кейин мезбонларни Десподовнинг ҳужуми вақтида фақат дарвоза тўсини голдан сақлаб қолди. Сербияни дуранг ҳам қаноатлантирса-да, ҳисобда олдинда борган ҳолда ўйнаш қулайроқ эди, чунки параллел кечаётган учрашувда Черногория Будапештдаги ўйинда натижа керак бўлмаган венгрларни мағлуб этаётганди. Болгария эса яна тишларини кўрсатди ва Русев иккинчи бўлим бошларида ҳисобни тенглаштирди.

Кўп ўтмай мудофаадаги хатодан кейин Крастев Десподовни серблар дарвозабони билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборди. Влаҳовичнинг тезкор жавоб голи эса офсайд туфайли бекор қилинди. Параллел учрашувда Венгрия ниҳоят уйғониши ва Собослои икки дақиқа ичида дубл қайд этиб, ўйинни 180 даражага ўзгартириб юборишигина мезбонларни тинчлантирди. Ортиқча босимдан халос бўлинганидан кейин ўйин охирида Бабич ҳисобни тенглаштирди.

Венгрия — Черногория 3:1
Голлар:
Собослаи (67, 68), Над (90+3) — Рубежич (36).
Венгрия – Дибус, Болла (Него, 46), Ланг, Салаи, Балог, Над, Газдаг (Калмар, 46), Над (Суходовски, 90), Собослаи, Стайлз (Хорват, 64), Адам (Немет, 78).
Черногория – Миятович (Жукич, 58), Вешович (Вукчевич, 55), Савич, Вуячич, Рубежич (Раичкович, 76), Вукчевич, Янкович (Радулович, 70), Куч, Йоветич, Цамай (Крстович, 70), Осмайич.
Огоҳлантиришлар: Цамай (13), Савич (18), Собослаи (26), Рубежич (33), Газдаг (35), Вешович (47), Вуячич (70), Дибус (78), Над (86), Раичкович (87), Куч (90).

F гуруҳи

Пушкашга бир қадам

Белгия — Озарбойжон 5:0
Голлар:
Лукаку (17, 26, 30, 37), Троссард (90). 
Бельгия – Кастелс, Кастан, Вертонген (Ад Даҳил, 84), Фас, Теате (Салемакерс, 60), Мангаля, Вранкс (Тилеманс, 46), Троссард, Бакайоко (Карраско, 60), Лукаку (Опенда, 46), Доку.
Озарбойжон – Магомедалиев, Хагверди, Мамедов, Кривоцюк, Жафаргулиев (Алиев, 46), Байрамов, Маҳмудов (Жамалов, 77), Паскуал, Исаев (Диниев, 46), Эмрели (Охунзода, 46), Дадашов (Ахмадзода, 64).
Огоҳлантиришлар: Паскуал (20), Теате (22), Вранкс (45), Магомедалиев (86).
Четлатиш: Паскуал (24).

Бу гуруҳда Белгия Австрияни қувиб ўтиб, саралаш босқичини биринчи ўринда якунлаш имкониятини қўлдан бой бермаслигини барча тушуниб турганди, шундай экан, ўйиндаги асосий интрига саралаш босқичининг энг яхши тўпурари мақомини ким эгаллаши билан боғлиқ эди. Ва Лукаку ўзига ишонч билдирганларни уялтирмади ва танаффусга қадар тўрт гол урди. Рақиб эса ўзи истамаган ҳолда бунинг учун қулай шароит яратди, 24-дақиқада Исрафилов қўполлик ва тушунарсиз фол туфайли иккинчи сариқ карточкани олди, озарбойжонликлар бош мураббийи Жанни Де Бязи эса, ягона таянч яримҳимоячисини йўқотганидан кейин ҳам футболчи алмаштириб, тактик ўзгартиришлар киритишга шошилмади. Бундай ўзгаришлар фақат иккинчи бўлимда кузатилди, бу вақтда эса Доменико Тедеско ўз суперснайперини майдондан олиб бўлганди.

Лукаку саралаш босқичидаги голлари сонини 14 тага етказди ва Криштиану Роналдуни тўрт гол фарқи билан ортда қолдириб кетди. У бу билан Евро-2008 ва Евро-2016 саралашида 13 тадан тўп киритган Дэвид Ҳили (Шимолий Ирландия) ва Роберт Левандовскини (Полша) ортда қолдириб, Европа чемпионати саралашларининг бир босқичида гол уриш бўйича янги рекорд ўрнатди.

Португалиялик футболчи мутлақ етакчилик қилаётган (205 ўйинда 128 гол) Европа миллий жамоалари тўпурарлари рейтингида эса белгиялик ҳужумчи жами 83 та гол (113 ўйин) билан учинчи ўринга чиқиб олди ва энди афсонавий Ференц Пушкашдан (89 ўйинда 84 гол) фақат битта голга ортда бормоқда.

Швеция — Эстония 2:0
Голлар:
Классон (22), Форсберг (55).
Швеция – Олсен, Крафт, Ҳеландер, Линделёф, Аугустинссон, Кулусевски, Форсберг (Сванберг, 72), Экдал (Ларссон, 72), Каюсте (Олссон, 85), Классон (Квайсон, 85), Докереш.
Эстония – Хейн, Пеэтсон, Тамм (Кууск, 62), Метс, Паскочий, Пикк (Тамм, 84), Поом, Тунев (Зенев, 56), Кяйт, Вашук (Синявский, 56), Юргенс (Анер, 62).
Огоҳлантиришлар: Кууск (69), Ҳеландер (72), Поом (90).

J гуруҳи

Алмаштирилмас Бруну Фернандеш

Португалия — Исландия 2:0
Голлар: Фернандеш (37), Орта (66). 
Португалия – Кошта, Мариу (Геррейру, 63), Диаш, Инасиу, Канселу (Ж.Невеш, 87), Б.Силва (Орта, 62), Отавио (Витиня, 75), Фернандеш, Палиня, Роналду, Фелиш (Брума, 87).
Исландия – Валдимарссон, Паулссон, Ингасон, Ҳерманнссон, Тораринссон, Гудмундссон, Сигурдссон, Йоуҳаннессон (Траустасон, 62), Торстейнссон (Гудонсен, 62), Виллумссон (Эллертссон, 62), Финнбогасон (Оускарссон, 46).

Роналду, албатта, гол уришни истарди. Айниқса ўзи учун қадрдон бўлган «Жозе Алваладе» стадионида, бу ерда «Спортинг» тарбияланувчисига «шерлар»нинг учинчи формасининг махсус версияси топширилди. Аммо исландлар Криш учун ҳеч қандай совға тайёрлашмаганди. Биринчи бўлимда сардорда гол уриш учун битта ҳақиқий вазият бўлди, аммо унинг зарбасидан кейин тўп дарвозабон қўлига борди. Голни эса Бернарду Силванинг товони билан йўллаган пасидан кейин тўпни футзал услубида қабул қилган ва узоқ бурчакка аниқ йўллаган Бруну Фернандеш урди. У бу саралаш босқичида Португалиянинг барча ўйинларида бошланғич таркибда тушган ягона футболчи бўлиб, 14 голда қатнашган. Яримҳимоячи олти голни ўзи урган, яна саккиз голга узатма берган. Роналду эса майдонни барибир голсиз тарк этди, ҳолбуки Жоау Феликснинг зарбасидан кейин дарвозабон тўпни ушлаб қола олмаганда унда ўз номини таблога ёздириб қўйиш имконияти юзага келганди. Аммо сардор хафа бўлмади ва тўпга биринчи бўлиб етиб келган Рикарду Ортани юзда табассум билан табриклади. Ўн ўйинда ўн ғалаба — бу ҳар қандай шахсий муваффақиятдан устунроқ.

Босния ва Ҳерцеговина — Словакия 1:2
Голлар:
Грошовский (49, автогол) — Боженик (52), Сатка (71).

Лихтенштейн — Люксембург 0:1
Гол:
Родригес (69).

Кўпроқ янгиликлар