АҚШга Мексика орқали ноқонуний кирган ўзбекистонликлар ҳибсда сақланади

Ўзбекистон 15:02 / 20.11.2023 25544

АҚШга Мексика орқали ноқонуний кирмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари эндиликда мамлакатга қўйиб юборилмайди ва иммиграция иши ҳал бўлгунича ҳибсда сақланади. Бу ҳақда Қўшма Штатларнинг Тошкентдаги элчихонаси хабар берди.

«АҚШ Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш масаласи бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатдан чиқариб юбориш тижорат авиакомпаниялари ҳамда АҚШ Иммиграция ва божхона назорати билан тузилган чартер рейслари орқали амалга оширилмоқда.

АҚШ-Мексика чегараси орқали АҚШга ноқонуний миграция хавфли ва қимматдир. Контрабандачиларнинг ёлғон ваъдаларига учманг. Америка Қўшма Штатларига саёҳат қилиш учун хавфсиз ва қонуний воситалардан фойдаланинг.

АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган шахслар бу мамлакатга камида беш йил ичида қонуний равишда қайта киришлари тақиқланади. Ноқонуний миграцияга ёрдам берадиган оила аъзолари ҳам виза олишдан бутунлай маҳрум этилиши мумкин», дейилади хабарда.

Маълумот учун, сўнгги икки йил ичида Ўзбекистоннинг 13,6 минг нафар фуқароси АҚШга Мексика орқали ноқонуний киришга уринган. Бу борадаги рўйхатда 30,8 минг киши билан Туркия ва 15,5 минг киши билан Мавритания етакчи, Миср ва Покистонни ортда қолдирган Ўзбекистон учинчи ўринда қайд этилган.

Ўзбекистонлик ноқонуний меҳнат муҳожирлари асосан «Ўзбекистон – Туркия (Испания) – Боливия – Колумбия – Мексика – АҚШ» йўналиши бўйича Қўшма Штатларига киришга ҳаракат қилишган.

Кўпроқ янгиликлар