98 ёшли Ярослав Хунка 22 сентябр куни Украина президенти Володимир Зеленский ташрифи чоғида Энтони Рота томонидан Канада парламентига таклиф қилинди. Рота Хунканинг қаҳрамон эканини эълон қилди, шундан сўнг залдагилар уни гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди.
Кейинчалик маълум бўлишича, II жаҳон уруши йилларида Ярослав Хунка (исмининг украинча ёзилиши Ярослав Гунко) нацистлар қўмондонлиги остида тузилган Украина кўнгилли ҳарбий бўлинмаси - «Галичина» СС дивизияси сафида хизмат қилган. Полша тарихчилари маълумотига кўра, 1944 йил 28 февралда «Галичина» полки Украина ёрдамчи полицияси билан биргаликда Полшанинг Гута Пеняцка қишлоғи аҳолисини қириб ташлаган. 500 дан ортиқ тинч аҳоли қурбон бўлган.
Нюрнберг трибуналининг қарорига кўра, СС аъзолари бўлган барча шахслар ҳарбий жиноятчилар ҳисобланади.
Ўз навбатида, Канада бош вазири Жастин Трюдо бу ҳодисани парламент ва барча канадаликлар учун «жуда шармандали» деб атади, лекин Ротани истеъфога чиқишга чақирмади.
25 сентябр куни Энтони Рота Хунка таклиф этилгани билан боғлиқ воқеа учун узр сўради. «Кейинчалик мен бундай қароримдан афсусланишга сабаб бўлган қўшимча маълумотлардан хабардор бўлдим», дейилади унинг баёнотида.
Шу билан бирга, Ротанинг таъкидлашича, Украина делегацияси ҳам, унинг ҳамкасблари ҳам Хунка таклиф этилиши ҳақида олдиндан билмаган.