18 сентябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ню-Йорк шаҳридаги ўзига ажратилган қароргоҳда Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиевани қабул қилди.
Глобал иқтисодий вазият юзасидан батафсил фикр алмашилди. ХВЖ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни, шу жумладан жорий йил июн ойида Самарқанд шаҳрида ўтган икки томонлама учрашувда эришилган келишувлардан келиб чиққан ҳолда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Фонд раҳбари Ўзбекистонда ислоҳотлар дастури натижаларига юқори баҳо берди ҳамда мамлакатдаги самарали янгиланишларни илгари суришда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув чоғида ХВЖнинг молия соҳаси барқарорлигини комплекс таҳлил қилиш, иқтисодий сиёсатни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда консалтинг кўмагини кўрсатиш ҳамда мамлакат идоралари мутахассисларининг салоҳиятини ошириш дастурини амалга оширишдаги иштирокига доир масалалар муҳокама қилинди.