Трамп махфий ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларини бузганини рад этди

Жаҳон 08:38 / 19.09.2023 2438

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп ўзининг собиқ ёрдамчиларидан бири федерал терговчиларга маълум қилган махфий ҳужжатлар билан нотўғри ишлаш ҳақидаги айбловларни рад этди

Душанба куни ABC News телеканали манбаларга таяниб хабар беришича, Трампнинг собиқ ёрдамчиси Молли Майкл терговчиларга собиқ давлат раҳбари Оқ уйдан махфий деб белгиланган ҳужжатлар ортига бир неча бор у қиладиган ишлар рўйхатини ёзиб бергани ҳақида хабар қилган. Ҳужжатлар Трампни президентлик даврида хорижий етакчилар билан телефон суҳбатлари ва бошқа халқаро муаммолар ҳақида хабардор қилиш учун ишлатилган. 

ABC News хабарига кўра, Майкл 2018 йилда Трампнинг Оқ уйда ёрдамчисига айланган ва у лавозимидан кетганидан кейин ҳам ёнида ишлашда давом этган. У 2022 йилда Трампнинг Оқ уйдан олиб чиққан ва Мар-а-Лагодаги мулкида сақланаётган барча махфий материалларни қайтариш бўйича федерал талабларни бажаришдан бош тортгани учун истеъфога чиққан. 

Трамп матбуот котиби ABC News маълумотларини «ноқонуний сиздириш» деб атади ва ҳар қандай қонунбузарликни рад этди, деб ёзади Reuters. 

Трампга қарши тўртта жиноий иш 

2022 йил август ойида Доналд Трампнинг қароргоҳида аниқланган махфий ҳужжатлар бўйича АҚШ федерал суди июн ойида мамлакат собиқ президентига 37 та банд бўйича айблов эълон қилди. Махфий ҳужжатларга рухсатсиз эгалик қилишдан ташқари, Трамп 2021 йилда Оқ уйни тарк этганидан бери адолатга тўсқинлик қилиш мақсадида фитна уюштирганликда айбланган. Собиқ президент айбини тан олмади. 

Ҳаммаси бўлиб, Трампга қарши аллақачон тўртта жиноий иш очилган, улар бўйича унга 91 та айблов қўйилган. Махфий ҳужжатлар билан ноқонуний муомала қилишдан ташқари, Трамп 2020 йилда Жоржиядаги президентлик сайловларига аралашиш, сайлов натижаларини сохталаштиришга уриниш ва президентлик кампанияси учун йиғилган маблағларни ноқонуний сарфлашда айбланмоқда. Сиёсатчи 24 август куни вақтинча ҳибсга олиниб, сайловларга аралашганликда айбланиб, Жоржия штатининг Фултон округи қамоқхонасига жойлаштирилган, бироқ 200 минг доллар (тахминан 185 минг евро) гаров эвазига 20 дақиқадан сўнг қамоқхонани тарк этган. 

Жиноий таъқиблар фонида Трамп 2024 йилда АҚШ президентлигига номзод бўлиш учун сайловолди кампаниясини давом эттирмоқда ва республикачилардан номзод бўлиш учун фаворит ҳисобланади. Агар у бирон бир айблов бўйича айбдор деб топилиб, қамоққа юборилса ҳам, бу уни мамлакат президентлигига номзод бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. 

Кўпроқ янгиликлар