Болалар миллий тиббиёт марказида онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилди

Ўзбекистон 12:14 / 19.09.2023 2725

Тошкент шаҳридаги Болалар миллий тиббиёт марказида вилоят ва туманлардаги клиник шифохоналарда даволанаётган беморларга телемедицина орқали онлайн маслаҳат бериш бошланди.

Марказнинг маълум қилишича, онлайн маслаҳат нафақат Ўзбекистон ҳудудидаги, балки қўшни давлатлардаги шифохоналарда даволанаётган беморлар учун ҳам бериб борилади.

Жумладан, 18 сентябр куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида даволанаётган 2 ёшли бемор бўйича онлайн маслаҳат берилган. Марказ мутахассислари маҳаллий шифокорлар билан беморни консилиум қилиб, унинг лаборатор ва инструментал текширувлари ҳамда ҳозирги ҳолати ва бошқа параметрлари билан танишган. 

Натижада бемор қариндошлари ташаббуси билан Болалалар миллий тиббиёт марказига қайта текшириш ва даволаниш учун келадиган бўлган.

Шунингдек, Хоразм ва Самарқанд вилоятидаги марказ филиалида даволанаётган оғир аҳволдаги беморларга телемедицина орқали онлайн маслаҳат берилиб, консилиум қилинган ва кейинги текшириш ҳамда даволаш чоралари келишиб олинган.

Кўпроқ янгиликлар