БМТдаги 50 йиллик аъзолик. Германия Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзосига айланадими?

Жаҳон 08:46 / 18.09.2023 4497

Германия 1973 йилда расман Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган. Нега бунчалик кеч? ГФР 1949 йилда, БМТнинг ўзи ташкил этилганидан атиги 4 йил ўтиб тузилган. Бунинг сабаби шундаки, ўша пайтда Германиянинг иккита давлати - Германия Федератив Республикаси ва Германия Демократик Республикаси мавжуд эди ва ГФР ҳукумати узоқ вақт давомида БМТдаги «якка вакиллик» деб аталадиган нарсага даъво қилди. Бу шуни англатадики, Германия Федератив Республикаси фақат ўзини немис халқининг қонуний вакили деб ҳисоблаган, чунки унинг ҳокимияти демократик тарзда сайланган.

Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган ғарбий иттифоқчилар - АҚШ, Буюк Британия ва Франция ГФРнинг БМТга киришини қўллаб-қувватлади, аммо ГДРга ҳомийлик қилган СССР унга қарши чиқди. Шу тариқа, ГФРнинг ташкилотга аъзолиги тўсиб қўйилди. 

1970-йиллар бошида ГФР ҳукумати социал-демократ Вилли Брандт бошчилигида ГДР билан муносабатларни нормаллаштириб, ҳар икки немис давлатининг БМТга қабул қилинишига замин яратди. 1973 йил 18 сентябрда ГДР ва ГФР БМТга кириб, ташкилотнинг 133- ва 134-аъзосига айланди

Нега ГФР ҳали ҳам БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси эмас? 

Икки немис давлатининг аъзолиги 1990 йил 3 октябрда Германия Федератив Республикаси ва Германия Демократик Республикасининг қайта бирлашиши билан якунланди. Ўшанда бирлашган Германия БМТ таркибига кирди. Ўтган йиллар давомида мамлакат ташкилот шафелигида ўз фаолиятини сезиларли даражада кенгайтирди: Германия аъзолик бадалларини энг кўп тўловчилардан бири ва кўплаб тинчликпарвар миссияларнинг иштирокчиси ҳисобланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгиз ҳуқуқи бўйича халқаро трибунали Ҳамбургда, БМТнинг бир нечта турли тузилмалари Боннда жойлашган. 

Германия ўзининг фаол иштирокидан келиб чиқиб, иқтисодий ва сиёсий салмоғи туфайли узоқ йиллардан бери вето ҳуқуқи билан БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлишга ҳаракат қилмоқда. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олий органи бўлиб, усиз бирон бир муҳим масала кўриб чиқилмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари - АҚШ, Хитой, Россия, Буюк Британия ва Франция. Германия ва Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолигига бошқа номзодлар, шунингдек, ташкилот бош котиби Антониу Гутерришнинг аргументи шундан иборатки, мамлакатларнинг Хавфсизлик кенгашидаги ҳозирги вакиллиги Иккинчи жаҳон урушидан кейинги геосиёсий вазиятни акс эттиради, лекин ҳозирги ҳолатга мос келмайди.

Берлиндаги Германия ташқи сиёсат жамияти (DGAP) ходими Ҳеннинг Ҳофф Германиянинг БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси бўлиш истагини «немис ташқи сиёсатининг муқаддас ғояси» деб атади, аммо унинг амалга ошиши эҳтимолини «жуда паст» деб ҳисоблади. Ҳозирги доимий аъзолар ўзларининг имтиёзли жойларини янги келганлар билан бўлишишни хоҳламайди. 

Бир мунча вақт Берлин БМТ Хавфсизлик кенгашида доимий ўринни ўзи учун эмас, балки бутун Европа Иттифоқи учун талаб қилди. Аммо бу Буюк Британия (ўша пайтда ҳали ҳам ЕИ аъзоси бўлган) ва Франция Хавфсизлик кенгашидаги ўз ўринларидан воз кечиши кераклигини англатарди, иккала давлат ҳам бу таклифни қатъиян рад этди ва бу ғоя эсдан чиқарилди.

Берлиннинг мақсади - Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш 

Ҳеннинг Ҳоффнинг фикрича, Берлин ҳукумати дилемма билан юзма-юз турибди: «Бир томондан, бу Германия ташқи сиёсатининг энг муҳим воситаси, ҳеч бўлмаганда концептуал жиҳатдан – world governance’ни яратишда БМТга таяниш. Бошқа томондан, БМТ тузилмалари ислоҳотларга муҳтожлиги аниқ, аммо бундай ислоҳотларга имконият йўқ», дейди Ҳофф DW нашрига берган интервьюсида.

Германия амалдаги ҳукуматининг коалиция келишуви «Кўп томонламалик» деб номланган бобни ўз ичига олади. Унда Германиянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти контекстидаги мақсадлари ҳақида сўз боради: «Биз БМТни халқаро тартибнинг энг муҳим институти сифатида мустаҳкамлаш учун сиёсий, молиявий ва кадрлар бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширамиз. БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш бизнинг мақсадимиздир». 

Айни пайтда Германия Намибия билан биргаликда 2024 йилда бўлиб ўтадиган ва ташкилотни ислоҳ қилиш масалалари муҳокама қилинадиган «келажакдаги БМТ саммити»ни тайёрламоқда. У саммитнинг якуний ҳужжати - «келажак шартномаси» мавзуларини тасдиқлаши керак. «Мақсад - яна бир бор БМТда ислоҳотлар ўтказишни истайдиган кучлар бир столга ўтиришига уриниб кўриш, - дейди Ҳеннинг Ҳофф. - Уни шундай бир шаклда қилиш керакки, бунда Германия каби Европа давлати ҳамда Намибия каби собиқ мустамлака ва «глобал жануб» вакили бирлашиши лозим». Бироқ Ҳофф бундай ҳаракат муваффақиятига шубҳа билан қарамоқда.

БРИКС ёки G20 БМТга муқобил вариантми?

Аммо БМТни ислоҳ қилиш бўйича муваффақиятсиз уринишлар фонида, воқеалар энди бошқа йўналишда кетмоқда. Ҳоффнинг фикрича, «биринчи навбатда, Хитой параллел тузилмалар яратиш ва уларни БМТга муқобил сифатида тақдим этишдан манфаатдор». Мутахассис БРИКС ва G20’ни мисол қилиб келтирди. 

Қизиғи шундаки, Буюк Британия собиқ бош вазири Гордон Браун Foreign Policy журналида АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятини худди шундай хатти-ҳаракатларда айблади: «Унинг икки томонлама ва минтақавий келишувлар билан машғул бўлиши - глобал миқёсда мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ҳисобига - бизнинг халқаро институтларимиз имкониятларини чеклайди, барқарор ва бошқариладиган глобаллашувнинг ҳар қандай имкониятини бузади. Янги мультилатеризм бўлмаса, ўн йиллик глобал тартибсизлик муқаррардир», деб ёзади Браун. 

Ҳатто Германиянинг қатъий БМТга йўналтирилган ташқи сиёсати ҳам ўзгара бошлади, дейди Ҳеннинг Ҳофф: «G20’нинг сўнгги саммити биз ҳозир ушбу форматларга кўпроқ ва БМТга камроқ таянишимиз керак бўлган яхши мисолдир». Афтидан, худди шундай қарашлар Германия ҳукуматида ўз тарафдорларини топа бошлаган. 

Кўпроқ янгиликлар