Абу Даби Лувр музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган даврий кўргазма ташкил этилади

Ўзбекистон 07:52 / 18.09.2023 2184

Ўзбекистон Маданият ва санъат жамғармаси ва Абу Даби маданият ва туризм департаменти ўртасида ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми лойиҳасининг онлайн муҳокамаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Лойиҳага кўра, Ўзбекистон маданий меросига бағишланган даврий кўргазмани Абу Даби Лувр музейида ташкил этиш, музейлар ходимлари ўртасида ўзаро тажриба алмашувни йўлга қўйиш ҳамда маданий мерос йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг музейлар фаолияти билан танишуви асосида малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, Амирликлар томони ўзаро ташкил этилаётган маданий тадбирлар ва илмий анжуманларда иштирок этиш йўналишини қўшимча равишда лойиҳага киритиш таклифини билдирди.

Учрашув якунида кутилаётган олий даражадаги ташрифларни инобатга олган ҳолда томонлар лойиҳага келишилган қўшимча ва ўзгартишларни киритиш ҳамда ҳуқуқий расмийлаштиришга келишиб олди.

Кўпроқ янгиликлар