Латвия Сейми 15 сентябр, жума куни либерал-консерватив «Янги бирлик» партиясидан бош вазир Эвика Силиня бошчилигидаги республиканинг янги ҳукуматини тасдиқлади. 48 ёшли ҳуқуқшунос бошчилигидаги вазирлар маҳкамасини 100 депутатдан 53 нафари қўллаб-қувватлаган, 39 нафар депутат эса қарши овоз берган. Ҳукуматнинг янги коалициясига «Янги бирлик»дан ташқари «Яшиллар ва деҳқонлар иттифоқи» ҳамда сўл-марказчи «Прогрессив» партияси ҳам кирди.
Парламентда сўзга чиққан Эвика Силиня, хусусан, Латвиянинг мудофаа бюджетини ошириш ва Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишни ваъда қилди. «Мудофаа бюджетини оширамиз ва қуролли кучларимизни кучайтирамиз. Биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз», - деди у.
Илгари Силиня Латвия фаровонлик вазири лавозимида ишлаган. Бош вазир сифатида у август ойи ўрталарида ҳукумат тарқаб кетганидан кейин истеъфога чиқишини эълон қилган партиядоши Кришянис Кариншни алмаштиради. Каринш ўзининг коалициядаги ҳамкорлари - «Қўшма рўйхат» ва «Миллий бирлашув»ни «фаровонлик ва иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича ишларга тўсқинлик қилишда» айблади. Янги ҳукуматда Каринш ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллайди.