Марказий банк Ўзбекистонда банклар ва тадбиркорлик субъектлари учун валюта операцияларига чекловлар жорий этиш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. 16 сентябр куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида регулятор раиси Мамаризо Нурмуродов бунга изоҳ берди.
“Бу қарор бўйича маълум бир ижобий фикрларни кўрмадик. Фалсафада шундай тушунча бор, жамият қабул қилмаган қарор, бу – нотўғри қарор. У қайси мақсадга йўналтирилган бўлишидан қатъи назар. Бугун эрталаб банк қўмитамиз мазкур қарорни бекор қилди. Бизнинг энг катта камчилигимиз – коммуникацияни тўғри ташкил қила олмаганимиз бўлди. Қарорда тижорат банкларига тегишли масалалар бўйича чоралар кўрилсин, деб ёзилган. Иккинчи томондан, бу норматив ҳужжат эмас, чунки бизнинг банк қўмитамиз ҳар ҳафта пайшанба ёки жума куни тўпланиб, банклардаги жорий муаммоларни, бизни ташвишга солаётган, ўйлантираётган масалаларни ўша банклар иштирокида муҳокама қилиб, бошқа банкларга ҳам маълумот етказади. Бу доимий бўладиган жараён.
Асосий мақсадимиз нима эди? Ҳозирги кунда ташқи иқтисодий алоқалар, банкларнинг валюта операцияларига бўлган талаб, нафақат бизда, балки бутун дунёда кучайди. Комплаенс назорат тизими ҳозир ҳамма жойда талаб қилиняпти. Биз ҳам ўзимизнинг тижорат банкларимиздан буни сўраяпмиз.
Ҳар бир валюта операцияси, у миллий валюта бўладими, биржадан сотиб олинган валюта бўладими, албатта, эксперт гуруҳидан кўрикдан ўтиши керак. Бўлаётган валюта операциясининг қайси мақсадга мўлжаллангани ўрганилиши керак. Бу тўхтатиб қўйишни назарда тутмайди, гуруҳ ўзининг фикрини айтади. Ҳозирги кунда тижорат банкларида валюта операциялари билан боғлиқ тўловларни амалга оширишда мижозларни лозим даражада текшириш – KYC (ўз мижозингизни билинг) тизими бутун дунёда бор. Ўша нуқтаи назардан экспертлар гуруҳидан ўтказилади. Бизнинг ҳам валюта амалиётларини амалга ошириш регламентларимизда бу нарса белгиланган”, деди Мамаризо Нурмуродов.