2050 йилга бориб, 5 миллион «иқлим» мигранти пайдо бўлиши мумкин – Тўқаев

Жаҳон 20:27 / 16.09.2023 8208

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчилари давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирокчилар эътиборини минтақа олдида турган бир қатор муаммоларга қаратди.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё хавфсизлигига глобал иқлим ўзгариши, сувнинг камайиши ва суғориш учун сув етишмаслиги таҳдид солмоқда.

«Халқаро экспертларнинг фикрича, минтақамизда ҳаво ҳарорати ўртача жаҳон даражасидан анча тез кўтарилмоқда. Бу Орол денгизи ҳавзасидаги асосий сув манбаи бўлган музликлар майдонининг қисқаришига олиб келади. Охирги 50 йил ичида уларнинг ҳажми 30 фоизга камайди. Таҳлилчилар ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб, Марказий Осиёдаги қурғоқчилик йилига ялпи ички маҳсулотнинг 1,3 фоизи миқдорида зарар етказиши мумкин. Бу эса 5 миллионга яқин ички «иқлим» мигрантларининг пайдо бўлишига олиб келади», деди у.

Тўқаевнинг таъкидлашича, минтақадаги икки асосий дарё – Сирдарё ва Амударё оқимининг тартибга солиш даражаси ниҳоятда юқори. Уларнинг ҳавзаларида 80 дан ортиқ сув омборлари қурилган.

«Шундай қилиб, антропоген юкламанинг ортиши, атроф-муҳитни кенг қамровли бошқаришнинг давом этиши, турли ижтимоий-экологик муаммоларнинг кескинлашиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси минтақавий хавфсизликка таҳдид қилади. Қозоқ мақолида «Сув – фаровонлик манбаи» дейилган. Менимча, давлатларимиз сув сиёсатини шакллантиришда сув чекланган табиий ресурс эканидан, бутун минтақанинг фаровонлиги ва барқарор ривожланиши бевосита унга боғлиқлигидан келиб чиқиши керак. Рақамли технологияларни жорий этиш орқали сувни максимал даражада тежаш масаласи долзарб масала ҳисобланади. Бу йўналиш сув ресурслари бўйича ҳамкорлигимизда асосий йўналишга айланиши мумкин», деди Қозоғистон президенти.

Кўпроқ янгиликлар