1 октябрдан давлат хизматлари жойларга чиққан ҳолда кўрсатилади

Ўзбекистон 08:06 / 13.09.2023 2786

Жорий йил 1 октябрдан давлат хизматлари жойларга чиққан ҳолда кўрсатилади. Адлия вазирлиги давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда  кўрсатиш тартиби тўғрисида маълумот берди.

Давлат хизматлари Адлия вазирлигининг Алоқа марказига (“Call-марказ”) ёки унинг расмий веб-сайтига мурожаат қилиш орқали кўрсатилади.

“Call-марказ” орқали сўровномалар соат 09:00 дан 18:00 гача иш вақти давомида қабул қилинади. Расмий веб-сайт орқали сутканинг исталган вақтида мурожаат қилиниши мумкин.

Давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланишга ариза юбориш учун Тошкент шаҳрида БҲМнинг 50 фоизи, вилоят марказларида БҲМнинг 40 фоизи, туман (шаҳар)ларда БҲМнинг 30 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади.

Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўлов ундирилмайди.

Давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда кўрсатиш қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришга;

Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картасини ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишга.

Кўпроқ янгиликлар