Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижон давлат тиббиёт институтидаги коррупцияга йўл қўйилгани ҳақидаги хабар юзасидан муносабат билдирди.
ДХХ институт декани ўринбосари А.Н. ҳамда кафедра ассистенти К.Х. фуқароларни ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, улардан пора олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олингани ҳақида хабар берганди. Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Вазирлик матбуот хизмати маълум қилишича, соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан Андижон давлат тиббиёт институти ходимлари томонидан содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни ўрганиш юзасидан вазирликнинг ишчи гуруҳи тузилиб, хизмат текшируви тайинланган.
Айни пайтда мазкур олий ўқув юртида масъул шахсларнинг ўқишга киритиб қўйиш мақсадида коррупциявий омилларга йўл қўйилгани, уни келтириб чиқараётган тизимли муаммолар ҳамда бунга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан тўлиқ ўрганиш ўтказилмоқда.
Шунингдек, коррупциявий ҳолат содир этилишига шароит яратиб бергани, муассаса ходимлари ўртасида етарлича тушунтириш ишлари олиб бормагани сабабли институтнинг қатор масъулларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланиши айтилган.
«Ҳурматли юртдошлар! Агар Сиз соғлиқни сақлаш тизимида бирор бир коррупцион ҳолатга дуч келсангиз, вазирликнинг 1003, 1203 ва 1103 (ҳудудлар бўйича) қисқа рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги коррупциявий ҳолатлар ҳамда ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлади», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.