Чегарадаги қишлоқда пайдо бўлган номаълум махлуқ – қушчиликлар хавотирда яшамоқда

Жамият 21:31 / 25.07.2023 36657

Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги Қушчи маҳалласида номаълум махлуқ бир ойдирки аҳоли чорвасига зиён етказмоқда. Асосан бузоқларни елка қисмидан ғажиб кетаётган йиртқични кўрганлар у итга ўхшашини, аммо на ит ва на бўри эканлигини таъкидлаяпти. Аҳоли қишлоққа тобора яқинлашаётган йиртқич одамларга ҳам ташланиб қолишидан хавотирда. Масъуллар эса ҳозирча масалага эътибор қаратишмаган. 

Номаълум йиртқич чегара ёнида жойлашган қишлоққа қўшни Тожикистондаги тоғли ҳудуддан тушиб келган, дея тахмин қилинмоқда. У ўтган бир ой мобайнида ўнга яқин бузоқни бир хил услубда – елка қисмидан бўғизлаб кетган. 

 

Асосан ярим тунда ҳужумга ўтаётган номаълум махлуқни тасодифан кўриб қолганлар бор. Қишлоқда яшовчи фуқаролардан бири уни ҳатто машина ичидан ғира-шира суратга олишга ҳам улгурган. Одамларнинг тасвирлашича, йиртқич катта итга ўхшайди, бироқ ит ҳам, бўри ҳам, шоқол ҳам эмас. Сабаби, бўри чорвани асосан бўйин қисмидан бўғизлайди, шоқол эса бузоққа ҳамла қилолмайди. 

Маҳалла эркаклари тўда бўлишиб, кечқурунлари бир неча бор махлуқни излаб кўришган. Қидирув ишларига овчилар ҳам жалб этилган. Бироқ уларнинг номаълум ҳайвонни тутиш борасидаги ҳаракатлари самарасиз бўляпти.

Ғалати воқеалар бўляпти маҳалламизда: номаълум махлуқ келиб, бузоқларга зарар етказяпти. Бузоқни йиқитиб, қонини ичади, елкасини ейди. Шу билан йўқ, тополмаяпмиз. Кечқурун соат 1-4 орасида бўляпти бу нарсалар. Кўрганлар итга ўхшайди деяпти, фақат бўйни узунроқ, қулоғи калта ва тик экан.

Махлуқ асосан 1 ёшгача бўлган бузоқларнинг елкасидан оляпти. Аввалига қонини ичади, кейин гўштини ейди. Елкасидан 2-3 кг гўштни егач бузоқ ётиб қоляпти. Эгаси нима қилишини билмай, сўйиб кўмиб ташлашга мажбур бўляпти”, дейди маҳалла фаоли Ойбек Абдураҳимов. 

Моли бўғизлаб кетилган фуқаролардан бири Шерзод Ражабовнинг таъкидлашича, йиртқич унинг уйига юз метр масофагача яқинлашган. Тракторчи бўлиб ишловчи Ражабов бузоқни бироз олдин рўзғордан орттириб жамғарган пулига, 3,2 млн сўмга сотиб олганлигини айтади. 

15 кун бўлди, томорқамдан 100 метрча нарида дала бор, ўша ерга олиб бориб боғлаб қўйгандим бузоғимни. Улар иккита эди. Эрталаб туриб қарасам биттаси кўринмаяпти. Борсам ариқ ичида ётибди, елкасини ғажиб ташлабди. Ўзи тирик, аммо бошини кўтаролмайди, елкадаги пайни узиб ташлаган. Фойдаси йўқ, яшамасди барибир, сўйиб кўмиб ташладик. Энди иккинчисини уйга келтириб, қўриқлаб ётибмиз. Ҳар куни жойини ўзгартиряпти у махлуқ: биз бу томонни изласак, у бошқа томонда из қолдиряпти. Ҳатто итлар ҳам яқинлашмаяпти унга”. 

 

Маҳалла фаолларидан бири Қодир Аҳмедовга кўра, қишлоқда ёш болалар ҳам дала-даштда мол боқишади. Йиртқич пайдо бўлганидан буён одамлар хавотир ичида кун ўтказишяпти, аксарияти молларини уйларига олиб кетмоқда.

Қўлимизда қурол йўқ, хода ва темир-терсакни кўтариб чиқяпмиз-у, аммо биз барибир уни ушлай олмасак керак.

Ёш-ёш болалар мана шу ўриб кетилган буғдой далаларида мол боқишади. Тунов куни кундуз пайтида битта қўчқорни еб кетяпти. Экологияга мурожаат қилдик, улар бизга 6 нафар овчи бириктириб берди. Аҳоли билан 50-60 киши бўлиб, чиқиб изладик. 2-3 кун шунақа ишларни қилдик, лекин барибир топишнинг иложи бўлмаяпти”, дея таъкидлайди Қодир Аҳмедов. 

Қишлоқда ветеринар бўлиб ишловчи Тожиқул Дўсматов ҳам йиртқичнинг илк ҳужумига гувоҳ бўлганлардан. Тунги пайт уйидан унча узоқ бўлмаган фермер хўжалик даласида молларнинг бўкирганини эшитган ветеринар машинасида дарҳол воқеа жойига етиб борган ва номаълум махлуқнинг ҳужуми устидан чиққан. Аммо махлуқ қочиб қолишга улгурган. 

Йиртқич ҳамласидан фақатгина бир бузоқ тирик қолган. Айни пайтда эгаси уни даволашга ҳаракат қилмоқда. 

Вилоят ва туман масъуллари, тегишли ташкилотлар ушбу масалага жиддийроқ эътибор қаратишлари ҳамда номаълум махлуқни тезроқ тутиш чоралари кўрилиши зарур. Чунки қишлоқ аҳолиси хавотирда яшамоқда. Махлуқ эса кутилмаганда одамларга ҳам ташланиб қолиши ҳеч гап эмас. 

Руслан Сабуров,
Бахтиёр Тўхтаев,
Kun.uz
Тасвирчи ва монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов.

Кўпроқ янгиликлар