Алишер Усмонов адвокатлари мижозининг «бойлиги ва шуҳрати» туфайли санкциялари рўйхатига киритилганини айтишди

Жаҳон 18:20 / 07.06.2023 7868

Европа Иттифоқи Украинадаги уруш бошланганидан кўп ўтмай, Усмоновга қарши санкциялар киритди ва унинг «Путин билан яқин алоқалари борлиги»га ишора қилди. Тадбиркорнинг ўзи чекловлар киритилишига эътироз билдириб келмоқда.

Адвокатларнинг фикрича, Усмонов ноҳақлик туфайли Европа расмийлари «ўлжаси»га айланган, чунки у жамоатчиликка маълум бўлган «кўзга ташланадиган тимсол» эди. Бу ҳақда Bloomberg ёзди.

Адвокат Жером Гран д’Эснон суд мажлисида миллиардер «жуда, жуда бой ва машҳур» бўлгани учун жазоланганини айтди. «Шубҳасиз, бу чеклов чораларини қўллаш учун асос эмас», деди адвокат.

Европа Кенгаши ҳуқуқшуноси Диан Лоран сўзларига кўра, Усмонов санкциялар рўйхатига «жуда бой бўлгани учунгина эмас, балки Россиянинг ваколатли шахсларига моддий ва молиявий ёрдам кўрсатгани» учун киритилган.

Усмонов 2022 йил февралида, Россиянинг Украинадаги босқини бошланганидан бир неча кун ўтиб, Европа Иттифоқи санкцияларига дучор бўлган. Қарорга тушунтириш хатида Усмонов «Россия президенти Владимир Путин билан айниқса яқин алоқада бўлган олигарх» деб таърифланган. Шундан сўнг, Усмонов жазо чоралари ноҳақлик эканини таъкидлаб, судга мурожаат қилди.

2022 йил кузида немис полицияси Усмоновга тегишли бўлган виллада тинтув ўтказди. Бу санкцияларни четлаб ўтиш, шунингдек, пул ювиш иши билан боғлиқлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Май ойида Франкфурт суди Усмоновга алоқадор объектлардаги тинтувларни ноқонуний деб топди. Шундан сўнг, олигархнинг вакили «Биз Германияда Усмоновга нисбатан таъқиблар тўхтатилишини кутамиз», деган эди.

Forbes талқинига кўра, Алишер Усмонов 14,4 млрд доллар давлати билан дунёдаги энг бой одамлар рўйхатининг саккизинчи поғонасида бормоқда.

Кўпроқ янгиликлар