Турк лираси янги молия вазири тайинланганидан кейин яна қадрсизланди

Жаҳон 14:59 / 05.06.2023 8183

Турк лирасининг курси 5 июнь куни Тошкент вақти билан соат 13:54 ҳолатига кўра 1,15 фоизга пасайиб, бир доллар учун 21,17 лирани ташкил қилди. Бу бир доллар учун 21,8 лирага тенг бўлган ўтган ҳафтадаги рекорд даражага яқин, деб ёзади Reuters. 

Лира янги молия вазири тайинланишига қарамай, пасайишда давом этяпти. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 3 июнь куни Меҳмет Шимшекни Ғазначилик ва молия вазирлигига раҳбар этиб тайинлади. Илгари у Merrill Lynch компаниясининг Лондон бўлимида, сўнгра молия вазири, Туркия бош вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2018 йилда Эрдўған куёви Берат Албайракни Молия вазирлиги раҳбари этиб тайинлаганидан сўнг у ҳукуматни тарк этган эди. 

Шимшекнинг тайинланиши Эрдўған мамлакатнинг иқтисодий сиёсатини ўзгартиришга тайёр эканлигини кўрсатиши мумкин. Янги вазир анъанавий пул-кредит сиёсатига қайтишни, жумладан, асосий ставкани оширишни ёқлайди, деб ёзади Financial Times. Bloomberg манбаларига кўра, Шимшек Эрдўған билан қайта сайланганидан сўнг ўтказган учрашувда қайтиши шарти сифатида мустақил пул-кредит сиёсати олиб бориш имкониятини илгари сурган. 

Шишмекнинг ўзи 4 июнь куни Туркия иқтисодиёти «оқилона асосга қайтишдан бошқа чораси йўқлигини» айтди. «Ошкоралик, изчиллик, тахмин қила олиш ва халқаро меъёрларга риоя қилиш бизнинг асосий тамойилларимиз бўлади», деб ваъда берди у. 

 

Кўпроқ янгиликлар