Қашқадарёда битта сайт ва беш нафар блогер фаолиятини тугатганини маълум қилди

Ўзбекистон 22:47 / 05.06.2023 27698

5 июн куни асосан Қашқадарёда фаолият юритувчи Nasafnews.uz интернет-нашри ўз фаолиятини якунлаётганини эълон қилди. Шу билан бирга, нашр раҳбари Умид Каримов ҳам Telegram'даги «Капитан Каримов» блогини ортиқ юритмаслигини маълум қилди.

«Бунинг сабаблари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимасман. Бизни қўллаб-қувватлаган, ишонч билдирган ҳаммага раҳмат», дейилади Nasafnews.uz сайтининг Telegram-каналида эълон қилинган хабарда.

Мазкур янгилик ортидан яна тўрт нафар блогер – Мақсуд Музаффаров, Отабек Артиков, Азизбек Яздурдиев, Ўролжон Камолов (Turon24/7 телеграм-канали муаллифи), шунингдек, KeshNews Telegram-канали ҳам фаолиятини тўхтатаётганини билдирган.

Улар бу қарорга биргаликда келишганми ёки йўқ, бу маълум эмас. Мақсуд Музаффаров ўз қарорини «ота-онасининг хоҳиш-истаги ҳамма нарсадан муҳим»лиги билан изоҳлаган. Умид Каримов эса ички кечинмаларини видео орқали ифодалашга уринган.

Блогерларнинг айтишича, фаолиятларини тўхтатишга ундаган қарор яқинда бўлиб ўтган суд ва тайинланган жазо билан боғлиқ. 29 май куни Умид Каримов ва Мақсуд Музаффаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг турли моддалари бўйича ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилиб, 5 суткага қамалганди.

Блогерлар Шаҳрисабз тумани ИИБ ЙҲХБ ИИБ ходимларига нисбатан қўполлик қилиб, жанжал кўтарганликда ва фуқаролар олдида ИИБ ходимларини обрўсизлантирганликда, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, бақир-чақир қилиб, майда безорилик қилганликда айбланган.

Автоблогер Мақсуд Музаффаров ўзининг Telegram-каналида Умид Каримовни ички ишлар ходимлари ИИБга олиб кириб кетгани, бунга блогернинг ходим «тўхтаб турган машина»ни текшираётганига билдирган эътирози сабаб бўлгани, уларни текширган ходим Шаҳрисабз ИИБ бошлиғи ўринбосари бўлгани ҳақида хабар берган. Кейинчалик Отабек Артиков мазкур ҳолатларни оммага очиқлаган автоблогер ҳам ушланиб, судга олиб кетилган, дея маълум қилган.

Блогерлар Kun.uz билан суҳбатда судда адолат қарор топишига умид қилишгани, бироқ судья уларга қулоқ ҳам солмаганидан шикоят қилди.

«Судга ишонч йўқлигини кўриб, ортга қайтмасам бўлмас экан дедим, – дейди Мақсуд Музаффаров. –  Ишонганим суд эди. ИИБ нимадир уюштирса ҳам суд мени эшитади деб ўйлардим ва судга ишониб қўрқмасдан юрардим. Аммо судда бунинг аксини кўриб тақдирга тан бердим. Иккита “ГАИ”нинг туҳмати билан 5 суткага қамалиб кетдик. Бизни ИИБ ходимларига қўпол муносабатда бўлиш, уларни обрўсизлантиришда айблашди. Ҳолбуки, бундай қилмагандик. Қонунлар бизни на фуқаро, на блогер сифатида ҳимоя қиларкан, бундай шароитда блогерликни давом эттиришдан ҳеч қандай маъно йўқ».

«Судда ЙҲХБ ходимлари уларга қўполлик қилганимиз, жанжал кўтарганимиз, майда безорилик қилганимиз акс этган ҳолатнинг бодикамерага ёзиб олинган тасвирини кўрсатишини қайта-қайта илтимос қилдим. Чунки ушбу тасвирлар тақдим этилганда менинг айбсиз эканим рўйирост исботини топарди. Бироқ бу илтимосимиз қаноатлантирилмади, – дейди Умид Каримов.

Мен йўл четидаги турган машинани текшираётган ИИБ ходимларига «Тўхтаб турган машина-ку» деб гапирганман холос. Шу сўзларим туфайли мени ушлаб олиб кетишди. Судда менга адвокат беришларини ёки таниш адвокатимга хабар беришимга имкон сўрадим. Бироқ судья бу талабимни ҳам қаноатлантирмади. ИИБ ходимини урмадим, сўкмадим. Аммо 5 суткага қамалдим. Судда менинг сўзларим ҳеч қандай тош босмади. ИИБ ходимларининг ҳеч бир исбот-далилсиз кўрсатмасига таяниб, менга жазо берилди. Суд томонидан тайинланган жазони ўтаб чиққач, фаолиятимни тугатишга қарор қилдим».

Блогерлар Kun.uz билан суҳбатда бу ҳеч қандай пиар эмаслиги, ўзлари ва яқинларининг келажагидан хавотирланиб, блогерлик билан шуғулланишни тўхтатишаётганини айтишди.

Мақсуд Музаффаров ва Умид Каримов бошқа блогерлик қилмаслиги ҳақида хабар берганидан сўнг бошқа яна бир қанча блогерлар ҳам улар билан ҳамфикр эканликларини намоён қилиб, фаолиятларини давом эттирмасликлари ҳақида ёзишди.

“5 суткага қамалганлар – яқин дўстларим. Уларни бир кун ичида “ўхшамаган” сабаблар билан қўлга олиб, иши шу куннинг ўзида судда кўрилиб, 5 суткадан берилиши сўз эркинлиги бўғилишининг аломати сифатида қабул қилдим. Аввалроқ аноним профиллардан мени ҳам таъқиб қилишган, “ўзбекка дўст эмассан” дейишган эди, бу ҳақда каналимда ҳам ёзгандим. Эртага менинг соғ-омон юришимга ким кафолат беради? Агар мен билан шундай ҳолат юз берганда, онам буни кўтаролмасди, онамнинг қотилига айланишни истамайман. Шу сабабли бошқа блогерлик қилмоқчи эмасман. Буёғига оддий одамлар қаторида яшамоқчиман”, дейди Азизбек Яздурдиев.

“Маъмурий қамоқ жазоси берилганлар орасида йўқ эдим. Аммо судда уларга қилинган ноҳақликдан кейин ўзимни хавф остида ҳис қилдим. Судлар фуқароларнинг ҳаётига дахлдор масалаларда бу даражада кўр-кўрона иш кўрадиган жамиятда олов билан ўйнашиб бир балога йўлиқишим аниқ. Шу учун вақтида тўхташни маъқул кўрдим. Қачондир блогерликка қайтиш ҳақида умуман ўйламаяпман. Сокин ҳаётдан баҳра олмоқчиман. Ҳадикда яшагим йўқ”, дейди Отабек Артиков.

“Анчадан бери хорижга кетиш ҳақида ўйлаб юргандим, шунинг учун кўчдим. Каналимизни жамоанинг қолган аъзолари юритишини ўйлаб тургандик, бироқ бир нечта блогернинг ҳеч қандай далилсиз, ИИБ ходимларининг оғзаки кўрсатмаси билангина қамалгани, бу ишлар биз билан ҳам содир бўлиши эҳтимолдан холи бўлмагани учун жамоани хавфга қўйишни истамадим.

Мен узоқда бўлганим учун блогер дўстларимнинг ҳаммаси билан гаплашолмадим. Бироқ аксарининг даромад манбайи бошқа бўлиб, блогерлик ҳобби бўлгани ҳолда бу қарорга келганини ҳурмат қилишлари кераклигини истардим. Қолаверса, Мақсуд Музаффаров асосан судлардаги адолат туфайли ўз фаолиятини давом эттириб келаётган эди, яъни ЙҲХБ ходимлари қўйган ноҳақ жарималарни судда исботлаган ҳолда фаолият олиб борган. Ҳеч бир исботсиз қамалиши, камида отасини ҳам ҳолатга аралаштиришлари қаттиқ таъсир этган бўлиши эҳтимол”, дейди Ўролжон Камолов

Кўпроқ янгиликлар