Дунё тартиботининг янги архитектураси. Ким қайси томонда бўлади?

Жаҳон 16:39 / 27.05.2023 23959

ХХ асрнинг охиридаги Совет иттифоқининг парчаланишидан кейин АҚШ жаҳон саҳнасида дипломатик, ҳарбий ва геосиёсий жиҳатдан мутлақ устунликка эришди ва бир қутбли янги дунё тартиботи ўрнатилди. Қўшма Штатлар ўзининг устун мавқейидан фойдаланган ҳолда, БМТ ва қатор халқаро молиявий ташкилотларда статусини мустаҳкамлади ҳамда бошқа мамлакатларда юзага келган ҳарбий ва сиёсий низоларга аралашиб келди.

Бироқ Россиянинг Украинадаги тажовузкор ҳаракатлари фонида халқаро геосиёсий мувозанат таназзулга учради. Мазкур уруш мамлакатларнинг иқтисодий ўзаро боғлиқлиги ҳақидаги қарашларни ўзгартиради. Ўзаро боғлиқлик тинчликни яратади деган назария узоқ тарихга эга, аммо у Россиянинг Украина ва Ғарб билан муносабатларида ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмади. Мазкур тенденция эски давр тугаши ва янги давр бошланиши сифатида баҳоланмоқда ва кейинги янги дунё тартиботидаги асосий иштирокчилари таркибини бошқача кўринишга келтириши ҳам мумкин. Хўш, бу қандай бўлади?

Янги “учбурчак”

Сўнгги бир неча ўн йилликлар ичида Хитой мислсиз иқтисодий ва технологик тараққиётга эришган, барқарор, ҳокимиятнинг бир лидердан иккинчисига тинч кўринишда ўтишини бошқаришга қодир, ташқи босимларга чидамли давлат сифатида шаклланди. Бугунги ХХР дунё лидерлиги учун бемалол даъво қилиш имкониятига эга глобал куч. Украинадаги уруш эса расмий Пекин атрофида стратегик жиҳатдан муҳим бир қанча давлатларнинг норасмий коалицияси тузилишига замин яратди. Хусусан, Москва ва Ғарб давлатлари ўртасидаги геосиёсий кескинлик фонида Россия ва Хитой муносабатларида янги саҳифа очилди. Хитой на геосиёсий, на иқтисодий, на хавфсизлик нуқтаи назаридан Россиянинг “йўқ қилиниши”дан ёки парчаланишидан манфаатдор эмас. Ғарбпараст ёки тартибсиз Россияни ўз хавфсизлигига жиддий таҳдид сифатида кўради. Хитой ўзининг кучайиб бораётган қудратига таяниб, глобал миқёсидаги ҳукмрон мавқейини мустаҳкамламоқчи, Россия эса жаҳон гегемонлиги учун пойгада иштирок эта олмаслигига иқрор бўлган ҳолда, Евросиёдаги куч марказларидан бири ва глобал ўйинчи сифатидаги иштирокини сақлаб қолишга интилади. Яқинлашув ҳар икки томон учун ўз амбицияларини амалга оширишга ёрдам беради. Москва билан иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик Пекинни нафақат Шарқий Осиёда, балки Евросиё бўйлаб энг асосий ўйинчига айлантиради. Бугунги кунда Хитой Россия ресурсларидан фойдаланиш (углеводородлардан тортиб чучук сув манбаларигача) ва Марказий Осиё, Россия ва Арктика орқали Европа билан боғланиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имкониятларга эга. Расмий Пекин ва Москванинг бугунги кундаги муносабатлари Совуқ уруш даврида Хитой-СССР томонидан тузилган иттифоқни эслатади, аммо бу сафар Хитой етакчи, Россия эса унга эргашувчи ролида.

Расмий Теҳрон узоқ вақтдан бери Яқин Шарқдаги таъсирини фаол равишда кенгайтира олмаяпти. Аксинча, Эроннинг Сурия, Ироқ ва Ливандаги ўз позицияларини ушлаб туриши тобора қийинлашиб бормоқда. Ушбу омил таъсирида Эрон – Хитой муносабатлари иқтисодий яқинликдан сиёсий яқинлик томон жиддий силжиди.

Расмий Пекин яқин-яқингача Яқин Шарқ минтақасида иқтисодий экспансия билан чекланиб, минтақадаги жараёнларда бевосита сиёсий иштирок этишдан қочиб келаётганди. Украинадаги уруш натижасида АҚШ ва Россиянинг Яқин Шарқдаги позициялари заифлашди, ХХР эса пайдо бўлган бўшлиқларни тўлдиришга киришди. Хусусан, жорий йилнинг март ойида Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг тикланишида Хитой катта роль ўйнади. Шунингдек, Россия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар тўлақонли мудофаа соҳасидаги ҳамкорликка айланиб кетди. Эрон Россия технологияси ва мутахассислари ёрдамида ўз ядровий дастурини ривожлантираётгани ҳақидаги маълумотлар мавжуд.

Россиянинг энергия ресурслари ва ядровий технологияси, Эроннинг геостратегик жойлашуви ҳамда Хитойнинг инвестиция салоҳияти ва зарур инфратузилма объектларини қуриш имконияти норасмий Москва-Теҳрон-Пекин учбурчагини шакллантирди. Келгуси йилларда бу муносабатлар сезиларли даражада мустаҳкамланиб, квази-иттифоқ ёки квази-интеграция томон интилиши ҳам мумкин. Эътиборга молик жиҳати, бугунги кундаги қутбланиш Совуқ уруш давридагидан фарқли ўлароқ, мафкура билан эмас, балки иқтисодиёт ва савдо алоқаларининг аҳамияти билан шаклланмоқда.

“Вазни оғир” нейтраллар

Бир неча йиллардан бери Европа Иттифоқига киришга ҳаракат қилиб келаётган Туркиянинг бу уринишлари самара бермади. Ўтган давр мобайнида мамлакатнинг ўзида ҳам Хитой ва Ҳиндистон етакчилигида шаклланаётган Осиё цивилизацияси томон интилишни хоҳловчи сиёсий гуруҳлар шаклланди. Улар НАТОга аъзоликни “эркинлик эмас, асирлик” деб атаган ҳолда, расмий Анқара ташкилотдан чиқиб кетиши керак деб ҳисоблашади. Шу жиҳатдан, Коллектив Ғарбнинг Россия агрессиясини тўхтатишга қаратилган чора-тадбирларда фаол равишда иштирок этмади. Туркиянинг кейинги ташқи сиёсат векторларида қайси томоннинг устунроқ аҳамият касб этиши мамлакатда давом этаётган президентлик сайловлари натижаларига ҳам боғлиқ бўлади.

Ҳиндистон билан алоқаларни АҚШ учун кейинги 10 йилликдаги энг муҳим икки томонлама муносабатлар сифатида баҳолаш мумкин. Расмий Деҳли ташқи сиёсатида узоқ вақтдан бери қўшилмаслик, шу билан бирга русларга хайрихоҳлик туйғулари мавжуд. Шу сабабли ҳам Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар учун Путинни бевосита танқид қилишдан тийилади. Аммо, АҚШ-Хитой муносабатлари ёмонлашгани сари у Америкага яқинлашмоқда. Ҳимолайдаги Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги зиддиятлар икки томонлама муносабатлар илиқлашишига тўсқинлик қилади.

АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин ҳамкори ҳисобланган Саудия Арабистони ҳам ўз ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқа бошлади. Жумладан, Вашингтон жаҳонда нефть нархини пасайтириш учун Ар-Риёддан нефть қазиб олишни кўпайтиришни талаб қилди. Бу ишдан асл мақсад Россиянинг нефть савдосидан олаётган маблағини камайтириш эди. Аммо бу талаб кескин равишда рад этилди. Аксига олиб, 2022 йил декабрь ойида Си Жинпингнинг Саудияга ташрифи икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлади. “Saudi Aramco” компанияси ва Хитой ўртасидаги кўп миллиард долларлик шартнома имзоланди, Саудия Арабистони ҳукумати ШҲТга киришни маъқуллади.

Умуман олганда, АҚШнинг Исроил-Фаластин можаросидаги бирёқлама сиёсати, Хитойнинг Шарқий Туркистонда уйғурлар устидан олиб бораётган амалиётлари исломий консерватизм асосида қурилган Саудиянинг ҳар икки томонга ҳам мутлақ хайрихоҳ бўлмаслигига таъсир кўрсатиши мумкин.

Коллектив Ғарб

Ташқи томондан қараганда, Украинадаги можаро Ғарбнинг бирлигини мустаҳкамлади ва НАТОни ишончли куч сифатида намоён этди. Бироқ жанговар ҳаракатлар қанча узоқ давом этса, Ғарб иттифоқидаги давлатларнинг мақсадлари ҳам бир-биридан фарқ қилиши мумкин.

Пекинни ғазаблантирмаслик учун Европа Иттифоқи давлатлари АҚШ ва Хитой ўртасидаги можарога очиқчасига аралашишни истамайди ва Пекин учун муҳим бўлган “ягона Хитой” тамойилини қўллаб-қувватлайди. Бу Европа иқтисодиётининг Хитой иқтисодига боғлиқлиги ва қарамлиги ортиб бораётгани билан изоҳланиши мумкин.

АҚШ учун Осиёда Хитойни жиловлаш учун НАТОга ўхшаш иттифоқ йўқ. Аммо Япония, Жанубий Корея, Австралия, Филиппин ва Таиланд каби давлатлар билан икки томонлама ҳарбий шартномалар тизими мавжуд. Бироқ бу давлатлар бир-бирлари олдида ҳеч қандай мажбуриятга эга эмас. Сўнгги пайтларда ўзаро бир бутунликни яратиш учун Америка маълум бир мақсад учун яратилган махсус схемаларни кенгайтириш устида ишламоқда. AUKUS, QUAD каби ҳарбий бирлашмаларни ташкил этди. Айтиш мумкинки, Буюк Британия, Канада, Австралия ва Янги Зеландиядан иборат англосаксон мамлакатлари АҚШ билан яқин ҳамкорликни давом эттиришади.

Россия-Украина можароси Иккинчи жаҳон урушидан кейинги чегараларни куч билан ўзгартириб бўлмайди, деган нормаларни барбод қилди. Шу жиҳатдан, урушнинг қандай тугаши, кейинги геосиёсий жараёнларга жиддий таъсир кўрсатади. Агар Россия тан олинган ҳудудий ютуқларга эришса (дефакто ёки деюре), янги "ядровий жазосизлик" прецеденти ўрнатилади. Бу эса давлатларни ядровий бўлишга ва авторитар ядровий давлатларнинг ўз муаммоларини ҳал қилиш учун анъанавий куч ишлатиш воситаларидан фойдаланишга ундайди. Хусусан, бу Хитойнинг Осиёда таъсири кенгайишига олиб келиши мумкин.   

Достон Аҳроров тайёрлади.

Кўпроқ янгиликлар