"Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Ўзбекистон 08:23 / 26.05.2023 3123

Қонуннинг мақсади ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

  • Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
  • шахснинг, айниқса вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
  • жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
  • ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш;
  • жабрланувчиларни, шунингдек ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган, шу жумладан илгари судланган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ҳамда ижтимоий мослаштириш;
  • жисмоний шахсларнинг ҳуқуқбузарликдан жабрланиш хавфини камайтириш;
  • вояга етмаган шахслар назоратсизлигининг, қаровсизлигининг, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг профилактикаси, уларнинг сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш;
  • вояга етмаган шахсларда конституция ва қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялаш;
  • ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда қолган шахсларни ва оилаларни ижтимоий-педагогик жиҳатдан реабилитация қилиш;
  • шахсларни ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этишга жалб қилиш, ундаш ҳолларини аниқлаш ва уларга барҳам бериш;
  • ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасида иштирок этувчи субъектларнинг ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

  • қонунийлик;
  • инсонпарварлик;
  • тизимлилик;
  • ишонтириш усулининг устуворлиги.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ёки ҳуқуқбузарликлар профилактикасида иштирок этувчи субъект, ўз ваколатлари доирасида ғайриижтимоий хатти-ҳаракат, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслар ҳақида иш (ўқиш) жойидаги иш берувчини (маъмуриятни), яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органини ғайриижтимоий хатти-ҳаракатнинг ва содир этилган ҳуқуқбузарликнинг ҳолатларини, шунингдек уларга имкон бераётган сабаблар ва шарт-шароитларни кўрсатган ҳолда хабардор қилишга ҳақли.

Ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш ғайриижтимоий хатти-ҳаракат ёки ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган, илгари судланган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ҳуқуқбузарликдан жабрланган, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда қолган шахсларга ҳамда оилаларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа ёрдам кўрсатишга ва уларга жамиятда умумқабул қилинган хулқ-атвор нормалари ҳамда қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир.

Ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи субъектлар томонидан жабрланувчиларга, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:

  • ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда қолган, психоактив моддаларни нотиббий мақсадларда истеъмол қилувчи, наркологик касалликларга чалинган, руҳий ҳолати бузилган ёхуд назоратсизлиги ёки қаровсизлиги оқибатида ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирадиган ёки таъминлаш, тарбиялаш ва таълим бериш талабларига жавоб бермайдиган шароитда бўлган шахсларнинг, шунингдек ҳуқуқбузарликларни ёхуд бошқа ғайриижтимоий ҳаракатларни содир этаётган шахсларнинг ҳисобини юритиш;
  • ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда қолган оилаларнинг, оила аъзоларига, шунингдек биргаликда яшовчи бошқа шахсларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлаётган оилаларнинг, ота-онаси, оила аъзолари ёки биргаликда яшовчи шахслар вояга етмаган шахсларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ёки оила аъзоларини ва биргаликда яшовчи бошқа шахсларни таъминлаш, тарбиялаш ҳамда уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган ёки лозим даражада бажармаётган оилаларнинг, низолашиш арафасида ёхуд низоли вазиятларда бўлган оилаларнинг ҳисобини юритиш.
Кўпроқ янгиликлар