Хитой Россияга Москванинг асосий манфаатлари доирасида ёрдам ҳақида ваъда берди

Жаҳон 12:04 / 25.05.2023 7533

Хитой Россияга Москванинг асосий манфаатлари соҳасида ёрдам таклиф қилди. Хитой раҳбари Си Жинпинг Россия бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувда мамлакатлар бир-бирини қўллаб-қувватлашда давом этишини ва “кўп соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаши”ни айтди. Бу ҳақда 24 май, чоршанба куни “Синхуа” ахборот агентлиги хабар берди.

Хитой раҳбарининг аниқлик киритишича, Пекин Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти, БРИКС ва G20 каби халқаро платформаларда ҳамкорлик қилишда Москва билан мувофиқлаштиришни кучайтириш ниятида.

Россия бош вазири ташриф давомида Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан конструктив ҳамкорликни йўлга қўйишни ўзининг асосий вазифаси деб билишини таъкидлади. Михаил Мишустин “давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни зудлик билан амалга ошириш учун ҳукуматлар ўртасида самарали ҳамкорликдаги ишларни ташкил этишга” умид қилишини қўшимча қилди.

Мишустин РФ бош вазири лавозимидаги илк расмий ташрифи билан 22 май куни Хитойга борди. У Шанҳайга етиб борди ва у ерда Хитой-Россия бизнес-форумида иштирок этди. Кейин бош вазир Пекинга йўл олди ва у ерда 24 май куни Ли Цян ҳамда Си Жинпинг билан учрашди. Ташриф доирасида бир қатор икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, савдо ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича меморандум имзоланди.

Кўпроқ янгиликлар