ЕИ Украинага ваъда қилинган снарядларнинг бешдан бир қисмини етказиб берди

Жаҳон 11:06 / 24.05.2023 4028

Европа Иттифоқи Киев учун 800 миллион евролик фавқулодда ўқ-дорилар харид қилиш дастури доирасида Украинага 220 минг артиллерия снарядлари ва 1300 та ракета берди. Бу ҳақда 23 май, сешанба куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Брюсселда Европа Иттифоқи Мудофаа кенгаши йиғилишидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. Шундай қилиб, Украина томони ўн икки ой ичида Европа Иттифоқи ваъда қилган миллион снарядларнинг бешдан бир қисмидан кўпроғини олган.

Шу мақсадда Брюссел Европа тинчлик фондидан бир миллиард евро ажратди. Маблағлар 2023 йил 9 февралдан 31 майгача бўлган даврда ўз захираларидан Киевга ўқ-дорилар етказиб берган Европа Иттифоқи мамлакатларига ўқ-дорилар нархини қисман қоплашга мўлжалланган. Боррел муддат тугагунига қадар мамлакатлар Украинага бундан ҳам кўпроқ снарядлар етказиб беришига ишонч билдирди.

Европа тинчлик фондидан яна бир миллиард евро Украина Қуролли кучларини 155 миллиметрли артиллерия снарядлари ва зарурат туғилганда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан Европа мудофаа саноатидан биргаликда сотиб олинадиган ракеталар билан таъминлаш учун ажратилади, дея маълум қилди Евроиттифоқ кенгаши. Бу Украина учун ўқ-дориларни биргаликда сотиб олиш дастурининг иккинчи босқичидир. Харид шартномалари ёки харид буюртмалари 2023 йил 30 сентябргача Европа мудофаа агентлиги орқали ёки Европа Иттифоқи давлати бошчилигидаги қўшма харид лойиҳалари орқали топширилиши керак. Европа Иттифоқи ушбу дастур доирасида артиллерия снарядлари ва ракеталарни фақат Европа Иттифоқи ва Норвегиядаги компаниялардан харид қилиш керак, деган қарорга келди.

Режанинг учинчи қисми - Европа Иттифоқи мамлакатлари армиялари эҳтиёжлари учун мудофаа саноати салоҳиятини ошириш ва Украинага етказиб беришни давом эттириш ҳисобланади.

Кўпроқ янгиликлар