Мажбурий ижро бўлимининг собиқ ходими ишга қайта тикланиши ва айбсизлигини исботлаш учун Бош прокурорга ариза ва далилларини тақдим қилди.

“2014 йилда Ислом университетини тамомлаб Бош прокуратурага ишга жойлашиш мақсадида ҳужжат топшириб, барча танловлардан ўтганман. Мени вақтинча МИБга ишлаб туриш учун жойлаштиришди. Иш жараёнида раҳбаримнинг ноқонуний топшириқларини бажармаганлигим учун ишдан бўшатишга ҳаракат бошланди.

Хонамга бегона шахсни қасддан 200 доллар билан киргизишиб, мени пора билан ушлашмоқчи бўлишди. Бу атай уюштирилган тадбирлиги кейинчалик аён бўлди. Кейин эса менинг иштирокимсиз хизмат текшируви ўтказилди. Бунда имзо ва хатларимни сохталаштириб, туман прокуратурасига ёлғон маълумотлар киритишди. Бу тадбирларнинг барчаси Андижон вилояти МИБ шахсий хавфсизлик шуъбаси томонидан уюштирилган эди.
Менга нисбатан нотўғри малакаланган жиноят ишини қонуний ҳал этиш учун Бош прокурордан Олий судга протест киритиш бўйича илтимос қилдим. Айбсизлигимни исботлаб аввалги ишим, яъни МИБ Булоқбоши туман бўлими давлат ижрочиси лавозимига қайта тиклашга амалий ёрдам сўрадим. Айбсизлигимни исботлаш учун Бош прокурорга 15 та аниқ далил ва маълумотлар тақдим этдим. Агар уларнинг ақалли биттаси ўрганилса ҳам айбсизлигим тўлиқ исботини топади”, – дейди МИБнинг собиқ ходими.
Аввалроқ ноҳақ ишдан бўшатилган собиқ ИИБ ходимлари Фарғонада Ички ишлар вазирининг қабулига адолат истаб киргани, улардан бири шу ернинг ўзида ишга тиклангани ҳақида хабар бергандик.
3 май куни Тошкент вилоятининг Бўка туманида ташкиллаштирилган сайёр қабулда эса можароли ҳолат кузатилган, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Ниғматилла Йўлдошев билан учрашмоқчи бўлган аёл ва унинг қайнотасини раҳбарининг қабулига ўтказишни истамай, уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлганди.
Давлат мулозимининг омманинг кўз ўнгида содир бўлган тийиқсиз хатти-ҳаракати юзасидан ҳозирга қадар Бош прокуратура томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Светлана Ортиқованинг ўзи ҳам воқеа жамоатчилик ўртасида резонансга сабаб бўлгани, истеъфоси талаб қилингани ортидан узр сўраб чиққани йўқ.