ЖСТга аъзо бўлишнинг иқтисодиётга таъсири қандай бўлади?

Иқтисодиёт 15:22 / 15.04.2023 28204

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишнинг мамлакатлар иқтисодиётига таъсирини таҳлил қилди.

Бунда ЖСТга 1990 йилдан кейин аъзо бўлган 15 та мамлакат — Албания, Баҳрайн, Бангладеш, Камерун, Грузия, Гондурас, Иордания, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Непал, Россия, Шри Ланка, Туркия ва Вануатунинг макроиқтисодий кўрсаткичларидаги ўзгаришлар ўрганилди.

Дастлабки таҳлил натижаларига кўра, аъзоликдан олдинги 5 йиллик ва аъзо бўлгандан кейинги 10 йиллик муддат ўртачалари солиштирилганда 15 та мамлакатдан 12 тасида экспорт ва 10 тасида ЯИМ кўрсаткичи ўсиш суръати тезлашиши кузатилган. Уларнинг 12 тасида инфляция секинлашган ва 10 тасида тўғридан тўғри хорижий инвестиция (ТТХИ) кўлами ошган. Жумладан, Бангладеш, Гондурас, Туркия ва Камерунда кўпчилик йўналишлар бўйича ижобий натижа кузатилган.

Шу билан бирга, салбий тенденция ҳисобланган ишсизлик даражасидаги ўсиш 15 та давлатдан 10 тасида юз берган. Масалан, Бангладешда ишсизлик 2,3 фоиздан 3,5 фоизга, Гондурасда 3,4 фоиздан 4,4 фоизга, Қирғизистонда 6,8 фоиздан 8,7 фоизга ошган. Бундан ташқари, ушбу мамлакатларнинг 2 тасида қайта ишлаш саноатининг ЯИМдаги улуши кўпайган бўлса, 6 тасида камайган.

Шунингдек, ташкилотга аъзо бўлган Қозоғистон, Туркия ва Грузиянинг макроиқтисодий кўрсаткичларидаги ўзгаришлар ЖСТга аъзо бўлмаган турдош мамлакатлардаги ўзгаришлар билан қиёсланган. Натижаларга кўра, сезиларли ижобий ўзгариш фақат экспорт ва импорт кўрсаткичларида кузатилган. Қолган кўрсаткичлардаги ўзгаришлар аъзо бўлмаган бошқа турдош мамлакатлардаги ўзгаришлардан фарқ қилмаган.

Масалан, Қозоғистон ЖСТга аъзо бўлгандан кейин ишсизлик даражаси 5,3 фоиздан 4,9 фоизга пасайган. Турдош мамлакат сифатида олинган Озарбойжонда ҳам айнан шу даврда ишсизлик даражаси 5,2 фоиздан 4,9 фоизга камайган, Ўзбекистонда эса ушбу кўрсаткич сезиларсиз 5 фоиздан 5,6 фоизга ошган.

Туркияда инфляция даражаси 73,5 фоиздан 59 фоизга тушган, унга турдош мамлакат сифатида олинган Эронда ҳам 21 фоиздан 20,5 фоизга ва Жазоирда ҳам 25 фоиздан 7,6 фоизга пасайган. Яъни ЖСТга аъзо бўлган ва бўлмаган баъзи давлатларда бир хил ижобий ўзгаришлар кузатилган.

Юқоридагиларни инобатда олган ҳолда Ўзбекистон учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф қилинади:

мамлакатнинг нисбий устунликларидан келиб чиққан ҳолда ташқи дунё билан эркин рақобатлаша оладиган (давлатнинг тўғридан тўғри кўмагисиз) ишлаб чиқариш соҳаларини танлаб олиш ва уларни узоқ муддатли ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш лозим. Масалан, муваффақиятга эришган Шарқий Осиё давлатлари саноат сиёсатининг жуда хилма-хил воситаларидан фойдаланганлар: пилот режалаштириш агентликлари (Кореяда EPB), муайян функцияларни бажариш учун давлат институтлари (Кореяда KAIST), кичик фирмалар учун давлат сектори маслаҳат агентликлари (Тайванда ITB), хусусий сектор ассоциациялари билан доимий мулоқотни давом эттириш учун мулоқот форумлари, махсус молия институтлари (Японияда JDB) ташкил этилган;

узоқ муддатли самарали горизонтал саноат сиёсати стратегиясини шакллантириш талаб этилади. Масалан, Европа иттифоқи ўз саноат сиёсатининг асосий тамойилларини белгилаб қўйган. Германия Иқтисодий ишлар ва энергия федератив вазирлиги тақдим этган Саноат сиёсати стратегиясида саноат рақобатбардошлигини ошириш мақсадида 3 та йўналиш бўйича (институционал муҳитни яхшилаш, хусусий капитални жалб қилиш, технологик автономияни таъминлаш) ишлар кўлами белгилаб берилган;

корхоналарнинг ташқи рақобатга бардошлилик кўрсаткичи бўйича ўз-ўзини доимий мониторинг қилиб боришига туртки берувчи механизмларни қўллаш жоиз. Масалан, амалиётда рақобат енгил, ўрта ва кескин кучайиши сценарийси доирасида маркетинг ва ишлаб чиқариш занжирларини такомиллаштириш, истеъмолчи содиқлигини (consumer loyalty) ушлаб туриш стратегияларини кенг қўллаш.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари ва истиқболларига оид тақдимот билан танишиб, ЖСТга аъзо бўлиш шартлигини таъкидлаганди.

Кўпроқ янгиликлар