Давлат солиқ қўмитаси банк картасидан картага (P2P) пул ўтказмалари учун солиқ жорий этилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад қилди.
«Солиқ кодекси 378-моддасига биноан, жисмоний шахсларнинг бошқа жисмоний шахсдан мерос ёки ҳадя тартибида, шунингдек текинга олган пул шаклидаги даромадлари солиққа тортилмайди», дейилади хабарда.
Шу асосда жисмоний шахсдан бошқа жисмоний шахсга пул ўтказиш (P2P) операциялари солиққа тортилмайди.
13 апрел куни солиқ қўмитаси ва банк вакиллари билан P2P ўтказмалари учун ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш масалалари муҳокама қилинган.
2023 йил 1 майдан жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар учун комиссия олинишидан қатъи назар, электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришлари ва тақдим этишлари белгиланган.
Қайд этилишича, учрашув ахборот алмашинувини тартибга солиш ва техник интеграцияни соддалаштириш мақсадида ташкил этилган.
Учрашувда жисмоний шахсдан жисмоний шахсга пул ўтказилганда солиқ муносабатлари юзага келмаслиги ва жисмоний шахсларда солиқ тўлаш мажбуриятлари пайдо бўлишидан хавотирланиш асоссиз экани айтилган.