Қрим суди маҳаллий тадбиркор Артем Палийчукнинг рўйхатдан ўтказилган савдо белгисидан ноқонуний фойдалангани учун товон пули ундириш тўғрисидаги даъвосини кўриб чиқди. Даъво Россиянинг Ростов шаҳридаги бир компания ва Ўзбекистоннинг Жиззах шаҳридаги аккумулятор заводига нисбатан берилган.
Суд қарорига кўра, даъво тўлиқ қаноатлантирилган. Аккумулятор заводи қримлик тадбиркор фойдасига компенсация тўлаши керак.
Гап нима ҳақда кетмоқда?
Жиззах аккумулятор заводи бир неча йиллардан бери Россияга “KUCH” бренди остидаги аккумуляторларни экспорт қилиб келади.
Қримлик тадбиркор Артем Палийчук судга мурожаат қилиб, “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ ва Ростовда фаолият юритувчи “АРС Моторс” МЧЖ унга тегишли “KUCH” савдо белгисидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келаётганини иддао қилади ва унинг фойдасига Ростов компаниясидан 6,2 млн рубль, Жиззахдаги заводдан эса 257,3 миллион рубль (қарийб 3,18 млн доллар) товон пули ундирилишини талаб қилади.
Қайд этилишича, Жиззах аккумулятор заводи ўз маҳсулотларини “KUCH” савдо белгиси остида оғир юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи Татаристондаги “КАМАЗ” АЖга етказиб берган. Бу товар айирбошлаш 2019 йилдан 2022 йилгача амалга оширилган операциялар тўғрисидаги божхона маълумотларида ҳам келтирилган.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, у рўйхатдан ўтказган товар белгиси остида маҳсулот етказиб бериш унинг интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқларини бузган.
Суд ҳужжатларига кўра, судланувчи томон даъво Россиянинг ҳакамлик судида кўриб чиқилиш шарт эмаслигини кўрсатиб, ишни якунлаш зарурлигини, шунингдек, Жиззах аккумулятор заводи Ўзбекистонда рўйхатдан ўтгани ва Россия юрисдикциясига бўйсунмаслигига ишора қилган. Бироқ ушбу жиҳатлар судда инобатга олинмаган.
Суд буни хорижий компаниянинг бошқарув органи раҳбари Россияда рўйхатдан ўтгани ва низо келиб чиққан домен номига эга сайт рус аудиториясига қаратилгани билан изоҳлаган.
Узоқ муддат давом этган ўрганишлардан кейин, 2023 йилнинг 3 апрелида Қрим арбитраж судида ушбу иш кўриб чиқилди ва даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилинди.
Маълумот учун, Артем Палийчук автомобиль қисмлари савдоси билан билан шуғулланади. 2014 йилда Симферополда рўйхатдан ўтган “Magnat-Oil” компаниясининг эгаси. Тадбиркор “Роспатент”да 22 та савдо белгисига эга ва яна 9та янги савдо белгисига эгалик қилиш ҳуқуқини олиш учун ариза топширган.
ЖАЗ аппеляция киритади
Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Жиззах аккумулятор заводи мутасаддилари билан боғланди.
“Бугунги кунда “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ ва якка тартибдаги тадбиркор Палийчук ўртасида “KUCH” савдо белгисига эгалик қилиш бўйича иқтисодий низо юзага келган.
Палийчук судга “ЖАЗ” АЖ Россия ҳудудида “KUCH” товар белгисидан ноқонуний фойдалангани учун жарима миқдорини ундириш талаби билан мурожаат қилган. 2023 йил 3 апрелда биринчи инстанция суди Палийчук фойдасига қарор чиқарди. “ЖАЗ” АЖ 1-инстанция судининг қароридан рози эмас ва ҳозирда юқори инстанция судига апелляция шикояти беришга тайёрланмоқда. Апелляция суди натижалари кейинроқ эълон қилинади”, деди “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ юристи Баҳриддин Абдуллаев.
“Жиззах аккумулятор заводи” АЖ ҳақида
“Жиззах аккумулятор заводи” АЖ 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, йилига 800 минг дона аккумулятор ишлаб чиқариш қувватига эга.
Эътиборлиси, компания расмий сайтида ишлаб чиқарилаётган аккумуляторлар “JAZ Battery” савдо белгиси остида сотилаётгани келтириб ўтилган.
Завод аккумуляторлар бозорида устун мавқега эга. 2018 йил июнда корхонадаги 51,78 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш ҳақида президент қарори имзоланган, лекин 2021 йил июлида қарор бекор қилинган.
Маълумот учун, акциядорлик жамиятининг кузатув кенгашига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратулла Рафиқов раислик қилади.