Ўтган ҳафта солиқ органлари фойда солиғидан авансни ноқонуний тарзда ҳисоблаб, тадбиркорлар ҳисобидан ортиқча маблағ ечиб олгани кескин эътирозларга сабаб бўлди. Натижада 5 нафар мулозим, хусусан Солиқ қўмитасининг департамент бошлиғи ва пойтахтнинг бош солиқчиси жазога тортилди, ортиқча ундирилган пуллар зудлик билан қайтарилиши айтилди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов бу ҳолат “техник хатолик” натижасида юзага келганини айтди.
Солиқ қўмитаси 28 март куни 352та корхонага ортиқча ундирилган 27,1 млрд сўм солиқ қайтарилганини маълум қилди.
Бироқ “техник камчилик” туфайли юзага келгани айтилган ноқонуний солиқ ундириш тадбиркорларнинг солиққа оид бошқа оғриқларини ҳам қўзғади.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан кейин Kun.uz тадбиркорлардан уларни қандай масалалар қийнаётгани ҳақида сўради. Қуйида уларнинг фикрларини тақдим этамиз. Тадбиркорлар солиқчилар билан муаммо туғилмаслиги учун аноним қолишни афзал кўришди.
Солиқ органлари қарз сўради...
“Фирмамиз очилганига кўп бўлмаган. Биринчи иш бошлаганимизда термопринтерлар орқали ишладик, касса аппаратимиз йўқ эди. Жаримага тортилганимиздан кейин дарҳол интернетдан қидириб, “Arca Group”га мурожаат қилиб, 3,5 млн сўмга “Тинда” касса аппаратини сотиб олдик. Уларнинг ходими аппарат қандай ишлашини тушунтирди. “Ойига 100 минг сўмдан тўлаб турасизлар, ортиқча пул тўланмайди” деди. Биз ҳар бир харидни касса аппаратга уришни бошладик. Аммо 2023 йил март ойида касса аппаратини ишлатганимиз учун 66 млн сўм қарздорлик ёзилган. Қандай бундай бўлиши мумкин деб ўйладим. Аниқлашимизча, касса аппаратни сотишганда созламаларида нимадир нотўғри созланган. Бухгалтерим “олдинги фаолиятимда ҳам шундай бўлган, корректировка қилиб тўғрилаб бераман, аммо бунинг учун солиқ органи бизга доступ очиши керак” деди. Ўша куниёқ шахсий кабинет орқали хат жўнатдик, эртасига солиқ органига бордик.
Солиқ органлари ходимлари шундай дейишди: “Вазият оғир, солиқдан катта қарздорликлар бор. 66 млн сўмни тўлаб туринглар, сизларга олдиндан тўлов сифатида ёзилади. Ёки 4-5 ойда пулингизни қайтариб берамиз. Ҳозир ҳеч қанақасига сизларга доступ очиб бера олмаймиз, бу солиқдан кеча олмаймиз”.
Ҳисобимизда пулимиз кўп бўлмагани учун тўлай олмадик. 4 кундан бери ишим тўхтаган. Агар ҳисобимга пул ташласам, солиқ уни дарров ечиб олади. Ҳисобим картотекага қўйилган. Нима қилишни билмаяпман. 2-3 марта мурожаат қилсам, “бу пулни тўлашингиз шарт” дейишяпти. Кейинчалик бўлиб тўлаб қайтариб берамиз дейишяпти. Биз ҳам янги фирма бўлганимиз учун пул ташламай ўтирибмиз. Ортиқча пул тўлаш ниятим ҳам йўқ”.
Cолиқ органларидан хато ўтганда...
“Солиқ органлари бошқа давлат органлари билан ўзаро маълумот алмашинувида техник носозликлари сабаб тадбиркорга кўп ноқулайликлар туғдиряпти. Масалан, кадастр ёки нотариус. Солиқ органлари маълумот алмашинуви жараёнида маълумотлар тўғри ёки нотўғрилигига эътибор қаратмай, камерал солиқ текшируви белгилаб, тадбиркорга хато ҳисобланган солиқ ва/ёки пенялар юкланяпти. Хато исботланганидан кейин ҳам, солиқ органларидан хато ҳисобланган суммани қайтариб олиш осон эмас. Бу эса тадбиркорни асосий фаолиятдан чалғитади”.
ҚҚС гувоҳномаси ва ҚҚСни қайтариб олиш
“Қорақалпоғистонданмиз. Бир корхонамизнинг ҚҚС гувоҳномаси бекор қилинди. Бунинг натижасида энди бизга тегишли бошқа иккита фирманинг ҳам ҚҚС гувоҳномалари бекор бўлди. Битта корхонанинг банкрот бўлиши қолган иккита корхонага ҳам таъсир қиляпти”.
“Биз экспорт билан шуғулланамиз. Қўшимча қиймат солиғи [вақтида, тез] қайтмаслигини асосий муаммо сифатида кўрсатишим мумкин. Январда коэффициент 0,22 эди, аммо февралда ҳам экспорт қилганимизга қарамай, коэффициент ўзгармади. Анча катта ҚҚС суммаси қайтарилмади”.
“Андижон вилоятида фаолият юритамиз. Йирик корхоналар рўйхатидамиз. Ўзим яқиндагина 30 ёшга тўлдим, лекин 5 йилдан бери корхонага раҳбарлик қиламан. Иш фаолияти давомида солиқ органлари ходимлари билан доимий ишлайман. Ортиқча фойда солиғи ундирилганига доир хабарларни ўқидим. Ҳа, бир қанча таниш тадбиркорлар билан хам шунақа воқеа бўлгани рост, лекин айнан бизнинг МЧЖда бундай ноаниқлик бўлгани йўқ. ДСҚ ҳозирги кунда деярли тўлиқ электронлашган ва бундай ноаниқликлар инсон омилисиз амалга ошган деган фикрдаман. Лекин йирик солиқ тўловчи ва экспортёр сифатида бу ноаниқликнинг тезда бартараф этилиши ва солиқ тўловчиларнинг манфаатлари тезкор ҳимоя қилиниши тарафдориман. Янги Солиқ кодексида деярли баҳсли вазиятларга ўрин қолдирилмаган, деб ҳисоблайман. Фақат ҚҚСни қайтариш муддатларини қисқартириш керак деб ҳисоблайман”.
“Текстиль соҳасида фаолият юритамиз. Бизда ҳозирча ноқонуний солиқ ундириш ҳолати кузатилмади. Аммо қайтариб олинадиган ҚҚС суммасини ҳали ҳам ололмадик. 3 ойлик суммамиз йиғилиб қолган”.
2D сканерлари муаммоси
“Кичкина озиқ-овқат дўконларида 2D сканерларини қўллашга умуман қаршиман. Бу кичик дўконлар учун фойдасиз нарса. Жуда катта қийинчилик туғдиради. Ундан кўра дўконни ёпган яхши. Ҳа, шундай қилдим ҳам – дўконни ёпдим, бошқа иложим қолмади. Тадбиркорга қийин вазифаларни юклагунча, кичкина дўконларни ёпинглар, катта супермаркетлар қолсин, деб очиқчасига айтишсин”.
Солиқ текширувлари
“Агар муаммоларимиз керакли жойга етиб борса, жуда яхши бўларди. Менда савол бор: солиқ органлари ходимлари ўзи ишлашни биладими? Менинг 2-3та фирмаларимда камерал текшириш ўтказилди. Ҳаммасини асослаб, олиб бориб берсам, хоҳлаганини инобатга оляпти, хоҳламаганини олмаяпти. Нимага асосланиб инобатга олмаяпсиз десам, сабаб келтириб бера олмаяпти. Уларга шундай ҳуқуқ берилганми? Унда Солиқ кодексининг моддалари нимага керак? Уларни солиқ органи ходимлари ўзлари ишлатмаса, нега тадбиркордан талаб қилишади? Озгина имкон беришсин, ҳамма тўлайди солиқларни. Ҳар томонлама қийнашяпти: МХИК бўйича, масалан. Кодларни касса аппаратга киргизгунча вақт кетади, бу томонда чек сўрашади, чек бермасангиз, жарима тўлайсиз”.
Нақдда ишлашга рағбат уйғотаётган ҳисоботлар
“Хоразм вилоятида фаолият юритаман. Ёш тадбиркорман. Фаолиятимизни бошлаганимизда, ҳисоботлар кечиккан пайти солиқ органи ходимлари қўнғироқ қилишганди. Бир нечта ҳисоботларни юборсам, яна бошқа ҳисоботларни сўрашди. Шунга солиқ ҳисоботлари кўпдек туюлади.
Орада фаолиятимизда узилиш бўлди ва ҳисобимизга анча муддат пул тушмади. Фаолият юритмай, ҳисобимиз нол бўлса ҳам, ҳисобот топширишга мажбур бўлганман. Шу ғалати туюлган. Айни кризис пайтида бу ҳол унча ёқмаган, балки хато ўзимдадир.
Энди иш бошлаган пайтим устозим бухгалтерияни “оқ юрит, чёрный қилма”, деганди. Ҳисобрақамимизда пул бўлса, ой охирида ҳисобот топширмагунча эҳтиёжимиз учун ололмаганмиз. Энди бошлаган пайтим ҳатто йўлкирага пул қолмаган, лекин ҳисобрақамимдаги пулни ололмаганман. Бу анча кўнглимни совитган, шундан кейин кўп мижозларимиз билан “чёрный” ҳисобда нақд ишлаганмиз”.