
Ғарб қирувчи учоқлари ижтимоий тармоқлардаги Украина ҚКнинг бўлажак кенг миқёсли операцияларидан чўчиб турган россияпараст шарҳловчилар учун ҳам чинакам олабўжи бўлиб турибди.
Бироқ, Украина ва Ғарбда ҳам Россия авиациясидан чўчиш ҳисси бор.
Самолётлар кўпчилик учун урушнинг боришини «ҳал қилувчи восита», мўъжизавий қурол сифатида кўриниши мумкин. Бундай дейиш учун асослар ҳам бор. Янги тарихда самолётлар ҳал қилувчи ролни ўйнаган урушлар ҳам бўлган.
Масалан, 1991 йилнинг 27 февралида Америка авиацияси Кувайтдан чекинаётган Ироқ ҳарбий колонналарига зарба беради. Ўшанда юзлаб ҳарбий техникалар йўқ қилинган.

Сўнгра НАТОнинг Югославия ва Ливиядаги ҳаво кампаниялари, Россиянинг Суриядаги операцияси рўй берди — сўнгги ўн йилликлардаги урушлар ҳарбий авиация образини мустаҳкамлаб борди, у гарчи ҳар қандай можаронинг оқибатини ҳал қилмаса-да, ғалабани яқинлаштирувчи бўлиб туюла бошлади.
Россиянинг Украинага босқини бу образга кўланка ташлаган биринчи уруш бўлди.
Украинага Россиянинг кенг миқёсда босқин уюштирганидан бир йил ўтиб бу уруш томонларнинг ҳеч бири ҳаво операциясини режалаштириб, уюштира олмайдиган қарама-қаршиликка айланди. Россия ва Украина самолётлар ва вертолётлардан фронт чизиғига яқинлашмасдан, фақат узоқдан туриб тактик даражада қуруқликдаги қўшинларни қўллаб-қувватлашда фойдаланмоқда.
Украина ҳаво кучлари билан боғлиқ ҳолатда бу ҳарбий самолётлар, тажрибали учувчилар ва ер устидаги персонал етишмаслиги билан тушунтирилади. Лекин, ажабланарлиси, сон ва сифат жиҳатдан устунликка эга бўлган Россия ҳарбий космик кучлари ҳам тўлақонли ҳаво операцияси ўтказишга қодир бўлмаяпти, деб ёзади BBC.
Бунга сабаб уруш бошланганидан буён украин зенитчилари ер усти комплексларини фаол равишдан бир жойдан бошқасига кўчириб, радарларни ўчириб юрибди — уларни аниқлаш ва йўқ қилиш қийин бўлиши учун.
Гарчи Украина ҚК ихтиёрида советларнинг эски зенит ракета комплекслари ва радарлари бўлса ҳам, украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаанинг ўрта ва яқин таъсир радиусига эга эшелонланган тизимини ярата олишган. Уни алдаб ўтиш қийин — нишонлар юқори баландликда С-300 ва «Бук»ларнинг нишонига айланади, паст баландликларда эса ғарбда ишлаб чиқарилган кўчма зенит комплексларига «ем» бўлади.

Иккинчи сабаб — россиялик ҳарбийларда ҳаво ҳужумидан мудофаани сўндириш кампанияси олиб бориш учун ҳарбий тажриба ва кўникма етишмаслиги.
Украина С-300 зенит ракета дивизиони командири Олександр BBC News Украина’га ҳикоя қилиб беришича, у Россия учувчиларидан бу қадар бемулоҳазалик кутмаган.
«Улар менга номаълум сабабларга кўра, бизда умуман ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими йўқ деб ўйлашган. Улар гала бўлиб учиб кела бошлашди ва бу бизга ёқимли сюрприз бўлди. Биз уларни осонгина уриб тушириш мумкинлигини кўрдик. Улар уруш бошида ҳатто чалғитувчи воситалардан ҳам фойдаланишмади», — деган у.
Олександрнинг айтишича, бу улар учун янги йил конфетидек совға бўлган.
«Урушнинг уч ойи мобайнида мен фақат самолётларни уриб тушира бошладим. Бу биз Мариупол фронтида турганимизда Донецк, Харкив, бироз Запорижжя йўналишларида содир бўлди. Биз у ерларда уларнинг янги Су-35, Су-34 ва Су-30 самолётларини қулатдик», — деган Олександр.
«Катта» зенит ракеталардан зарба ейишдан қочиб, россиялик учувчилар у қадар юқори бўлмаган баландликларда парвоз қила бошлашган ва Украинага урушгача ғарб давлатлари томонидан етказиб берилган кўп сонли кўчма зенит комплекслари зонасига тушиб қолишган. Паст баландликларда учиш манёвр учун, шунингдек ракета нишонга аниқ текканда парашютдан фойдаланиш учун деярли имконият қолдирмайди.
Бироқ, Украина авиацияси ҳам худди шундай вазиятда — улар учун Россия фронтолди ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими жуда хавфли рақиб бўлди. Очиқ маълумотларга қараганда, уруш бошланганидан буён Украина 61 та самолётидан айрилган, уларнинг тенг ярми ҲҲМ тизимлари ёрдамида уриб туширилган.
Украина авиацияси муваффақиятсизликларини учоқлар ва тажрибали учувчилар етишмаслиги билан боғламаслик керак — Россия ҲҲМ тизимлари украин учувчиларига ўз назорати остидаги ҳудудлар осмонини ёпиш учун етарли тарзда самарали фаолият кўрсатмоқда.
Бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ, чунки ҳар икки армия илдизи совет қуролли кучларига бориб тақалади ва уларда ҳаво ҳужумидан мудофаа асоси айнан ер усти комплекслари бўлган.
«Кеч совет Ҳаво ҳужумидан мудофа (ҲҲМ) тизимлари эшелонланган тизимини тўлақонли синдириш ҳеч ким томонидан уддаланмаган вазифа, Россия эса ҳеч қачон принцип жиҳатидан ўзига қарши ўзи урушга тайёрланмаган — Россия ва Украина ҲҲМ тизимлари ака-ука, шунчаки Россия тизимларининг катта қисми янгиланишга улгурган, бироқ ривожланишнинг эски мантиғида қолиб кетган», — деган BBC’га номини ошкор этмаган ҳарбий эксперт.
Ғарбда ҳаво ҳужумидан мудофаани ташкиллаштиришда авиацияга кўп эътибор қаратилган, у Россиянинг ҳаводан сиқувига қарши туришга, ер усти комплекслари билан жиҳозланган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ёриб ўтишга ўргатилган.
Энди, уруш бошланганидан бир йил ўтгач, Украина ҳам, Россия ҳам ўз осмонини самаралироқ ҳимоя қилишни ўрганиб олишди. Гарчи Россиянинг қанотли ракеталари ва дронлари ҳамон мўлжалга аниқ етиб бораётган, Украина пилотсиз учар қурилмалари ҲҲМ тизимидан «туйнук» топиб, Россия ичкарисигача учиб кираётган бўлса-да, учувчи билан бошқариладиган самолётлар воситасида бу ишни қилиш жуда қийин.
Ер усти ҲҲМ тизимини ёриб ўтиш тажрибаси томонларнинг иккисида ҳам йўқ. Россия учун бундай операция катта йўқотишлар билан кечади. Аммо раҳбарлари ғарб қирувчи самолётлари етказилиши учун оёқ тираб турган Украина бундай операцияни режалаштириб амалга ошира оладими?
Ҳаводан операция
Украинадаги урушда авиациядан қай тариқа фойдаланилаётгани сўнгги ўн йилликларда бўлиб ўтган урушларда кузатганимиздан тубдан фарқ қилади. Мураккаб, қимматбаҳо ва юқори самарадорликка эга восита гаубица ва миномётлар билан баб-баравар ишлатилмоқда.

Авиациянинг асосий вазифаларидан бири — жанг майдонида қўшинларни қўллаб-қувватлаш ва артилеррия ўқ-дориларининг иқтисод қилинишига ёрдам бериш. F-16 7,7 тонна қурол-яроғ элтиши мумкин, МиГ-29 эса уч тонна. Бу ҳолда қирувчи учоқ учувчиси ердаги артиллериячига нисбатан ўз қуролларини катта аниқлик ва самарадорлик билан ишлата олади.
Украина уруши тезгина артиллерия урушига айланиб кетди ва у ўз навбатида «снаряд тақчиллиги»ни келтириб чиқарди — рус қўшинлари ҳам, украинлар ҳам снаряд етишмовчилиги билан тўқнаш келишди. Бу Россия қўшинлари «судралувчи» босқинлар уюштиришга интилиб, Украина мудофаасини секин-аста сиқувга олаётган шу кунларда янада яққолроқ намоён бўлмоқда.
Бироқ, томонлардан бири қатъият билан ҳужумга ўтса «снаряд тақчиллиги» янада муаммога айланади — душманнинг мудофаасини дастлабки босқичда жуда кўп снаряд талаб қиладиган ёпирилма артиллерия зарбалари билан ёриб ўтиш керак бўлади.
Уларни қисман авиация бомбалари билан алмаштириш мумкин. Бироқ, ҳаводан ҳужум уюштиришни қўллаш учун фақат ер устидаги нишонларнигина мўлжалга олишни тақозо этмайдиган тўлақонли кенг миқёсли ҳаво операция ўтказиш керак бўлади.
Қирувчи-бомбардимончи учоқлар душманнинг таянч пунктлари, ҳужум қилаётган қўшинларни нейтраллаштириш учун келаётган захиралар колоннаси, штаблар, алоқа тугунларини йўқ қила олиши учун авиациянинг ҳарбий ҳаракатини таъминлаш керак бўлади.
Бунинг учун иккита алоҳида операциялар ўтказилиши керак — душман назорат қилаётган ҳудуд узра ҳаво кенгликларини эгаллаш ва унинг ҲҲМ тизимини йўқ қилиш. Акс ҳолда, қирувчи учоқларнинг зарбавий гуруҳи мўлжалга етиб бора олмайди, уни тутувчи самолётлар ва ер устидаги зенит ракета комплекслари уриб туширади.
Бу масалаларнинг ҳар бири — ер томон зарба бериш, ҳаво жанги ва ҲҲМни сўндириш — жуда мураккаб ва учувчилар таркибининг алоҳида тайёргарлик кўришини тақозо этади.
Биргина ҳаво жангининг ўзида турлича нишонларга дуч келиш мумкин — алоҳида тактик усулларни қўллаш керак бўлган манёврли қирувчи самолётлар, узоқни ура оладиган ракеталар ва алоҳида тактика лозим бўлган учар радарлар, душманнинг штурмчи ва бомбардимончи учоқлари — бу нишонларнинг ҳар бирига қарши курашиш учун алоҳида тайёргарлик ва кўникмалар зарур.
ҲҲМ тизимини енгиб ўтиш — янада мураккаб вазифа бўлиб, турли вазифаларни бажараётган бир неча учоқлар гуруҳининг юқори координациясини талаб қилади: кимдир ўзига душман диққатини жалб қилади, иккинчиси радиоэлектрон курашга киришади, яна бир бошқаси ракета комплекслари ва радарларни йўқ қилади.
Бу алоҳида операцияларнинг барчаси яна бир катта операцияга бирлаштирилганда, у янада мураккаб ташкилотчилик, бошқарув, пилотлар тайёргарлиги, қўмондонлик таркиби, ниҳоят, бу операцияларни режалаштирувчи штабларни тақозо этади.
Бунга авиация ҳаракатларини ер устидаги кучлар билан координация қилиш заруриятини ҳам қўшинг, буни нафақат олдиндан репетиция қилиш керак, шунингдек импровизацияга тайёрлик, доимо ўзгариб турувчи ҳолатда ишлаш талаб қилинади. Бундан ташқари, ер усти персонали, логистика ва бошқаларнинг тайёргарлиги ҳам муҳим.
Ғарбда авиацияда жанговар ҳаракатларнинг иккита асосий сценарийси кўрилади — ҳаво маконига кириш учун тўсқинлик қилиш ва ҳавода ҳукмронликни қўлга киритиш. Соддароқ айтганда, мудофаа ва ҳужум.
Украина ҚК ҳарбий ҳаво кучлари душман самолётлари учун осмонни ёпа олишга қодирлигини намойиш этди. Лекин осмонда ҳам ердагидек ҳужум қилишдан кўра мудофаага ўтиш осонроқ. Агар Украинанинг биринчи мудофаа сценарийси муваффақиятли иш берган бўлса, бу ҳозирча улар иккинчи сценарийни ҳам эплай олишидан далолат бермайди.

Бу хулосалар Россия авиацияси учун ҳам тўғри келади, лекин улар афзалроқ вазиятда: Россияда замонавий қирувчи самолётлар, ҳаво радарлари, аэродром инфратузилмаси бор. Бундан ташқари, улар Россияда ишлаб чиқарилган самолётлардан фойдаланишади, уларни таъмирлаб, жанговар ҳолатда ушлаб туриш осонроқ.
Россия учувчиларига бундай операцияларни ўтказиш учун тажриба етишмаётган бўлиши эҳтимолли. Тажрибани бирор жойдан олиб бўлмайди — Суриядаги жанговар парвозлар ҲҲМ тизимлари йўқ жойларда амалга оширилган, Украинадаги уруш эса фронтолди нишонларига тактик зарба бериш даражасида олиб борилмоқда.
Россиялик ҳарбий экспертлардан бирининг қайд этишича, яна бир катта муаммо тажрибали ҳарбий бошлиқлар етишмаслиги: «Амалда бундай жанговар ҳаракатлар олиб бориш ёндашуви масъулиятни ўз зиммасига олиб, бир нечта дадил ташкилий қарорлар сериясини қабул қилишни тақозо этади. РФ ҲКК бошқарув тизимида бунга мос инсонлар бор-йўқлиги очиқ қолмоқда. Техник воситалар эса етарли».
Воситалар
Ҳаво операциясини ўтказиш учун тегишли қурол-яроғлар ва техникалар зарур. Замонавий қирувчи самолётлар — аслида зарур ресурсларнинг кичик бир қисми.
Масалан, замонавий ҳаво жангини бошқаришда узоқ масофадаги радиолокацион аниқловчи қурилма (AWACS)га эга самолётлар қатнашади. Уларни кўпинча учар радарлар деб аташади, улар нафақат ҳаво кенгликларини кузатади, балки ҳарбий самолётлар ҳаракатини координация қилувчи қўмондонлик пункти бўлиб ҳам хизмат қилади.
Бундай қўмондонлик пункти бўлмиш учоқ реал вақтда ҳаво кенгликлариданги ҳолатни ҳаво операциялари қўмондонлик марказига узатиб туради, усиз жангни бошқариш жуда қийин.
Бундай самолётлар Россияда бор, улардан бирига феврал ойида Беларусда дрон ёрдамида ҳужум қилинди — ҳарбий аэродромдаги кўплаб самолётлар ичидан дрон оператори айнан уни танлагани ҳам бежиз эмас.
Украина ҚК самолётлари мамлакат ҳудудига учиб кирмайдиган, Полша ва Руминияда навбатчилик қилаётган Boeing E-3 Sentry AWACS’ларидан ахборот олиши мумкин. Бироқ E-3 радарининг амал қилиш масофаси 375,5 километрга тенг. Руминия чегарасидан Херсон областидаги энг яқин фронт чизиғигача масофа 280 км чиқади. Ҳаво жанглари НАТОга аъзо давлат чегарасидан узоқроқда ўтса нима бўлади?
AWACS’нинг таъсир қилиш масофаси — шартли катталик. Каттароқ самолётларни у узоқдан таниб олади, кичикларини яқинроқдан. Унга радиолокацион сигнал узатувчилар ердаги ва учар радарлар яхшироқ кўринади. Лекин ҳаво жангини тўлақонли бошқариш учун яқинроқда учиши керак.
Замонавий ҳаво жанги турли қирувчи самолётлар гуруҳининг ўта мураккаб комбинациясидан иборат бўлади. Бировлари жанг қилса, бошқаси зарур пайтда ҳужумга ўтади, шунингдек «пистирмадан ҳужум» тактикаси бор: бунда самолётлар ер бўйлаб, радарларга унчалик кўринмайдиган тарзда парвоз қилишади.

Бу тактик мураккаб комбинация қўмондонлик пунктидан туриб бошқарилади ва радарлар унинг «кўзи» ҳисобланади. Улар ҳаво жанги бўлаётган ҳудудга қанча яқин ва қанчалик баландда бўлса шунча яхши.
Украинанинг бисотида эса учар радар йўқ.
Ғарбнинг иккиланишлари
Киев ҳозирча Ғарб давлатларидан қирувчи самолётлар етказиб бериш илтимоси бўйича қатъиян рад жавобини олгани йўқ, бу масала муҳокама этилмоқда.
Хорижий учоқлар Украина учун нечоғлик фойдали бўлиши тўғрисидаги мулоқотлар нафақат махфий мажлислар ва учрашуларда, шунингдек махсус ҳарбий матбуот ва экспертлик ҳамжамиятида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Кенг тарқалган нуқтайи назарлардан бири қуйидагича: Украинага замонавий қирувчи самолётлар етказиб берилмаслиги керак, диққат-эътиборни оператив узоқликдаги нишонларни ура олиши мумкин бўлган узоқ масофали ракеталарга қаратиш керак. Масалан, уриш масофаси 150 км бўлган GLSDB ёки 300 км.га уча оладиган MGM-140 ATACMS ракеталарига.
Бундай нуқтайи назар тарафдорларидан бири АҚШ Сенатининг қуролли кучлар бўйича қўмитаси раҳбари Жек Рид. Феврал ойи бошида АҚШ ҳаво-космик ассоциацияси томонидан чоп этиладиган Air & Space Forces нашрида Украинага F-16 самолётларини етказиб бериш борасидаги мунозарага нисбатан унинг фикрлари берилди.
Риднинг сўзларига кўра, украин учувчилари Россия ҲҲМ тизими томонидан хавф туфайли ўзларида мавжуд бўлган эски совет самолётларидан ҳам 100 фоизга фойдалана олишмайди.
«Улар мўлжалга етиб боргунча дарахтлар баландлигида учиб юришибди, бомба ташлашдан аввал хавфсизроқ баландликка кўтарилишади. Улар шунақа қилиб бир неча учувчиларини йўқотишди», — деган сенатор.
«Бу ҳолатга F-16 нима устунлик қўша олиши мумкин? Сизлар унинг узоққа уча олиши, баланд уча олиши ва бошқа устунликларидан барибир фойдалана олмайсизлар, чунки ҳаво кенгликлари бунга йўл қўймади», — деб ҳисоблайди Жек Рид. У Украинага ATACMS ракеталари берилиши тарафдори.
Бу ғоянинг бошқа бир тарафдори — ҳарбий эксперт, ўтмишда ҳарбий учувчи бўлган Максимилиан Бремер интернетдаги Defense News нашрида мақола эълон қилиб, унда «Украинанинг ҳавода устунликка эришиш учун қилган ҳар қандай ҳаракати қимматга тушувчи хато бўлиши»ни таъкидлаган.
«Бунинг ўрнига, Украина ўзининг ҳаво ҳудудларига киришга тўсиқинлик қилишдек муваффақиятли стратегиясига содиқ қолиши керак, Украинани қўллаётган халқаро коалиция эса уларга ҲҲМ тизимлари ва ўқ-дорилар етказишни канда қилмаслиги керак», — деб ҳисоблайди у. Бремернинг сўзларига кўра, Ғарб Украинага ҳозиргидан кўпроқ ҲҲМ тизимлари етказиб бермоғи керак.
«Имкониятлари чегарасида»
Бироқ, Киевдагиларнинг фикри бошқача. Украина раҳбарияти Ғарбга Украина ҚКга қирувчи самолётлар кераклигини эслатишдан чарчамаяпти. Бунинг учун Киевда ўзининг далиллари бор.
Биринчидан, Украина эски совет МиГ-29 ва Су-27 учоқларидан фойдаланмоқда ва уларнинг ресурслари етиб келган.
«Бугун биз ўзимизда мавжуд самолётлар билан уларга қарши теппа-тенг жанг олиб боролмаймиз. Бу совет техникаси ҳам маънавий, ҳам жисмоний эскирган. Биз бу техникаларни ишлаб чиқарувчиси ҳам эмасмиз. Ўз-ўзидан тушунарлики, бу техникалар ўз имкониятлари чегарасида ишламоқда. Учувчилар учоқлардан сиқиб олиш мумкин бўлган имкониятларнинг барчасини ишга солмоқда», — деган BBC’га Украина ҚК ҳаво кучлари расмий вакили Юрий Игнат.
Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг Россия самолётларини фронт чизиғига яқинлашишга йўл қўймаётган тактикаси нафақат ер усти тизимларидан, шунингдек зенит ракета комплекслари билан ҳамкорликда ишловчи авиациядан ҳам фойдаланишни қамраб олади. Украина самолётларининг ресурси адо бўлганида, Россия қирувчи ва бомбардимончи самолётларига Украина ҲҲМ тизимларини енгиб ўтиши осонлашади.
Игнатнинг сўзларига кўра, ғарб қирувчи самолётлари Россия армияси Украина ҳудудини ўққа тутаётган қанотли ракеталар ва дронларни самарали тутиб олишда ҳам асқотади.
Бундан ташқари, ғарб қирувчи учоқлари, хусусан, F-16 замонавий қуролларни ҳам олиб юролади. Масалан, AGM-88 HARM аксилрадиолокацион ракеталарга эга қирувчи самолётлар Россия операторларини радарларни ўчиришга мажбур қилади, бу эса ер усти нишонларига қийналмасдан зарба бериш имконини яратади.
Агар Украина F-16 самолётларини олса, улар 160 км.га учувчи AIM-120 AMRAAM ракетадан ҳам фойдаланишлари имконли бўлади. Америка қирувчи самолётларининг сўнгги модификациялари замонавий рақамли ўт очиш тизимлари, кучли радарга ва душманни олисдан туриб нишонга олиш имкониятига эга.
F-16 коррекцияланадиган авиабомбалардан фойдаланаётган Россия самолётларига қарши курашиши мумкин. Бундай бомбалар ҲҲМ тизими зонасига кирмасдан, нишонга бир неча ўн километр қолганда ишга туширилади. Россия Су-35 қирувчи самолётлари Суми областидаги нишонларга қарши шундай авиабомбаларни ишга туширишган.
Ниҳоят, F-16 турли туман бомба ва ракеталарни, жумладан, денгиз бомбаларини ҳам олиб юриши, Россия ҲҲМ тизимлари фаолият зонасига кирмасдан, ўзини хавф остига қўймасдан ишлаши мумкин.
Украина томонини қирувчи самолётлар бериш фойдасига келтирган далиллари бўлса ҳам, уларда ҳаво жангида қатъиян бурилиш ясаш ҳақида гап бормаяпти. Украина ҚК чинданам ҳам Россиянинг энг янги Су-30 ва Су-35 самолётларига қарши эски ва оддийроқ МиГ-29лар билан самарали қаршилик қилмоқда.
Янги самолётлар Украина авиациясини тактик даражасда янада самарали қилади, мамлакат ҲҲМ тизимини кучайтиради, лекин Украина ҚК ҳаво кучлари қўмондонлигида қатъий рейдлар ва ёпирилма операциялар ўтказиш нияти борми?
Украина ҳаво кучлари бомбардимончи учоқлар ва учар радарларни уриб тушира оладими, Россия кемалари ва Қора денгиз флоти соҳилидаги базаларга зарба бера оладими, Украина ҳужум қилаётган жойга тортиб келинаётган Россия захира қўшинлари олдидаги кўприкларни вайрон қила оладими?
Учувчилар қаердан олинади?
Ёпирилма операциялар нафақат кўплаб қирувчи самолётлар, дадил режалар ва штабларнинг пухта тайёргарлигини, шунингдек, кўп сонли тайёрланган учувчиларни ҳам талаб қилади.
Гарчи матбуотда хорижда аллақачон Украина Қуролли кучлари парвоз таркиби тайёргарлик ўтаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлаётган эса-да, Украина ҚК вакиллари ҳозирча учувчилар тайёрланмаётганини айтишмоқда.
Украина ҚК авиация қўмондони, генерал Сергий Голубцов Times нашрига айтишича, яқинда АҚШдан F-16 самолётини бошқариш имконияти синовдан ўтказилган икки украин учувчиси қайтиб келган.
«Улар уч ҳафта мобайнида у ерда F-16 тренажёрида икки учувчи биргаликда учиб, қурол-яроғлардан фойдаланишни ўрганишди. Натижалар ёмон эмас: украин учувчилари F-16 самолётларида парвоз қилиш ва қурол-яроғ тизимидан фойдаланишни ярим йилга қолмасдан ўрганиши мумкин», — дея ундан иқтибос келтиради нашр.
Унинг сўзларига кўра, Украина ҚК «бир неча ўн» учувчидан иборат гуруҳни танлаб олган, улар ўрганиш учун АҚШга жўнаб кетишга тайёр.
У шунингдек, парвоз таркибидан бўлмаган ҳаво кучлари мутахассислари аллақачон ўқиётганини ҳам таъкидлаган: «Украина ҳарбий хизматчиларини тайёрлаш бутун Европа бўйлаб давом этмоқда. Ўн минглаб аскарлар Испания, Франция, Италия, Буюк Британия ва Германияда ўқишмоқда. Уларнинг аксарияти ҲҲК ҳарбий хизматчилари, хусусан, ҲММ тизимини бошқаришга ўқитилаётганлар, улар орасида ҲҲК жанговар бошқарув офицерлари ҳам бор, улар ердан туриб авиация ҳаракатини бошқаради».
Қирувчи самолётлар парвозини таъминлаш учун керак бўладиган бундай мутахассислар сони учувчилардан ҳам кўпроқ бўлиши керак. Рус экспертларидан бирининг сўзларига кўра, 200 та самолёт учун «бир неча минг техника ва ускуналарини тушунадиган тахминан 10 минг нафар киши керак бўлади».
Аввалроқ Украина матбуоти Юрий Игнатнинг бу борадаги сўзларини келтирган эди. Унга кўра, Украина осмонини тўлақонли ҳимоя қилиш учун «қирувчи самолётларнинг 5 та бригадаси керак». Украин журналистларининг ҳисоблашларича, бу 180 тагача самолётларни англатади. Бироқ, спикер Украина бу самолётларни яқин орада қўлга киритишни мўлжаллаётгани ҳақида ҳеч нарса демаган.
Бироқ, Украина ғарб самолётларини келтирган тақдирда ҳам унга тажрибали учувчилар етишмайди. Агар жанговар тажрибага эга учувчилар бу самолётларга кўчириб ўтқазилганида ҳам, янги типдаги учоқни бошқаришни ўрганиш қийин, у билан жанг қилиш янада мураккаб.
Украин ва жаҳон матбуотида айнан F-16 самолётларида жанг қилиш тажрибасига эга бўлган хорижлик кўнгилли учувчиларни жалб қилиш имконияти муҳокама қилиб бўлинган.
Игнат ҳам бундай имконият борлигини инкор этмаяпти. «Нега фойдаланмаслик керак? Ҳам учувчилар, ҳам техник персонални жалб қилишимиз мумкин. Фикримча, улар эзгулик ва ёруғлик томонда туриб жанг қилиш истагини билдиришса, бу ўрнатилган тартибда амалга оширилади, бу муаммо эмас», — деган у BBC’га.
Бироқ Украина ғарбда тайёрланган қанча учувчини қабул қилиб олиши ва бу қачон рўй бериши аниқ эмас. Бу ахборот шу қадар махфийлаштирилганки, очиқ манбалар асосида Украинада яқин орада ўнлаб жанг қилишга қодир учувчилар пайдо бўлишини ҳам, бунинг акси рўй беришини ҳам инкор этиб бўлмайди.
Боз устига, Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги ўзининг мутлақо кутилмаган режалари билан душманни боши берк кўчага қамаб қўя олишига кузатувчиларни кўниктириб бўлган.