«Газпром» Кабаева академиясига 2 млрд рублга бино совға қилган - ОАВ

Жаҳон 09:44 / 01.04.2023 12722

2023 йил январь ойида Алина Кабаева номидаги бадиий гимнастика академияси Россиянинг биринчи федерал ҳудуди - «Сириус»да жойлашган кадастр қиймати 2,2 миллиард рубл бўлган бинони «Газпром» тузилмаларидан бепул олган. Бу ҳақда 31 март, жума куни эълон қилинган «Можем объяснить» Telegram-каналининг суриштирувида айтилади.

Суриштирув муаллифлари Кабаева билан боғлиқ бўлган иккита юридик шахснинг мулки ва мулкчилик тузилмасини ўрганди. Биринчиси, унинг «Небесная грация» бадиий гимнастика академияси. Юридик шахсларнинг ягона давлат реэстри маълумотларига кўра, 2023 йил март ойи бошида Кабаева ушбу уюшманинг директори бўлган, реестрда «Небесная грация»нинг расмий эгалари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. 

Кабаеванинг ушбу академияси ўқув базаси «Сириус» ҳудудида жойлашган, дейилади «Небесной грации» сайтида. Росреестр маълумотларига кўра, 2022 йил октябр ойида «Газпром инвестгазификация» МЧЖ ушбу бинонинг эгаси бўлган. Бир ой ўтгач, у кўчмас мулкни «Газпром»нинг бошқа шуъба корхонасига - «Фонд поддержки социальных инициатив Газпрома»га сотган. Журналистлар томонидан эълон қилинган Росреестр кўчирмасига кўра, жорий йилнинг январ ойида «Газпром» 2,2 миллиард рубл турадиган бинони бошқа компания - «Академия художественной гимнастики»га совға қилган. Компания мулк қабул қилинишидан уч ҳафта олдин тузилган.

Феврал ойи охирида «Проект» нашри Кабаеванинг мол-мулки ва унинг Россия президенти Владимир Путин билан муносабатлари бўйича катта суриштирув эълон қилди. «Национальная медиа группа» директорлар кенгаши раиси лавозимини эгаллаб турган Кабаева сохта шахслар орқали тахминан 120 миллион долларлик кўчмас мулкка, жумладан Путиннинг Валдайдаги қароргоҳи ҳудудидаги уйга эгалик қилади, дея хабар берди «Проект». Умуман олганда, нашр Москва, Сочи ва Валдайдаги 20 дан ортиқ мулкни санаб ўтди.

Кўпроқ янгиликлар