Жўрабек Раҳимов Хоразм вилояти ҳокими этиб тасдиқланди

Ўзбекистон 13:28 / 31.03.2023 23138

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ва фаоллар иштирокидаги йиғилишда Хоразм вилоятига ҳоким тайинлаш бўйича ташкилий масала кўриб чиқилди.

“Раҳимов меҳнат фаолиятини Шовот туманида бошлаб, сўнгги йилларда Боғот ва Қўшкўпир ҳокими лавозимларида ишлади, қишлоқ хўжалигида катта тажрибаси бор. Бундан уч ой олдин, Жўрабек Раҳимовга ишонч билдириб, вилоят ҳокими вазифасини бажаришни юкладик. Бу муддат Раҳимовга вилоят аҳолисини қийнаётган масалаларнинг ичига кириш, уларни ҳал этишни бошлаш учун етарли бўлди, деб ҳисоблайман”, деди Шавкат Мирзиёев.

Бироқ бугунги сессияда номзод одатдагидек депутатлар томонидан шунчаки қўл кўтариб, тасдиқлаб қўйилмади. Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Раҳимов йиғилишда вилоят имкониятларини ишга солиш бўйича ўз таклиф ва режалари тақдимотини қилди.

Тақдимотдан келиб чиқиб, таклифлар маҳаллий депутатлар томонидан муҳокама қилинди ва ундан сўнг Жўрабек Раҳимов Хоразм вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Жўрабек Раҳимов 1981 йил Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган. У Ўзбекистон Либерал-демократик партияси aъзоси ҳисобланади.
 
Жўрабек Раҳимов ўтган 2022 йилнинг декабр ойида Хоразм вилоятига ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. Бундан олдин у Қўшкўпир тумани ҳокими лавозимида ишлаган.

Кўпроқ янгиликлар