Полша снарядлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ниятида

Жаҳон 08:42 / 30.03.2023 3166

Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги фонида Полша расмийлари артиллерия ўқ-дориларини ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ниятида. Бош вазир Матеуш Моравецкий 29 март, чоршанба куни ўқ-дорилар ишлаб чиқариш бўйича янги миллий дастурни амалга ошириш мақсадида ҳукумат маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун 2 миллиард злотий (тахминан 427 миллион евро) ажратишини маълум қилди.

Бундан ташқари, Полша ҳукумати қиймати 12 миллиард злотий (2,6 миллиард евро) бўлган 800 мингта артиллерия снарядларига буюртма беради. Моравецкийнинг таъкидлашича, Украинадаги жангларнинг сўнгги ойлари Полша ва унинг ғарбий иттифоқчиларига жанг майдонида қанча артиллерия ўқ-дорилари қўлланилганини кўрсатган. Унинг сўзларига кўра, бу рақам Франция, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатларининг ҳозирги ишлаб чиқариш қувватларидан бир неча баробар кўпдир.

Полша ҳукумати раҳбари 155 мм ёки 120 мм артиллерия ўқ-дориларига бўлган талаб катта экани сабабли заводлар уларни осон ва тез сота олишини таъкидлади.

Моравецкий Варшавада ҳукумат томонидан қабул қилинган ўқ-дориларни ишлаб чиқариш бўйича миллий дастур 1-2 йилга мўлжалланганлигини таъкидлади.

Полша Россиянинг кенг кўламли тажовузини қайтаришга уринаётган Украинага Ғарб қуролларини етказиб беришда муҳим ўтказиш пункти ролини ўйнайди. Ушбу можаронинг кучайишидан қўрқиб, бу НАТО давлати қайта қуролланиш дастурини амалга оширмоқда, дея қайд этади dpa.

Кўпроқ янгиликлар