Қуйида Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди ва бошқа судлар томонидан инсониятга қарши жиноятда айбланган давлат раҳбарлари эслаб ўтилади. Улар орасида мусулмонларни қиришда, араб бўлмаганларни оммавий ўлдиришда айбланганлар, шунингдек Адолф Ҳитлернинг вориси ҳам бор. Айбланганлардан бири эса шерикларини олиб, ўз ихтиёри билан Ҳаагага йўл олган.
Умар ал-Башир
Судан президенти (1993 – 2019 йиллар)

Фото: Al Jazeera English
Нимада айбланган: Башир амалда 1989 йилдан буён Суданни бошқара бошлаган. Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди 2009 йил уни ҳибсга олишга ордер беради ва бу Нидерландиядаги суд томонидан амалдаги давлат раҳбарларига чиқарилган биринчи ордер эди. У инсониятга қарши жиноят, индивидуал ва оммавий одам ўлдириш, ноқонуний депортация, қийноқ, зўрлаш, шунингдек, ҳарбий жиноятларда айбланади.
Бу айбловлар 2003 йил Дарфурдаги можаро бошланиши билан боғлиқ эди. Прокурорларга кўра, Башир Судан ғарбидаги бу ҳудудда араб бўлмаган миллатларни онгли равишда қирган. Шундай бўлса-да, унга нисбатан қатағон айблови қўйилмаган.

Lynsey Addario / Getty Images
Суд таъқиби: Судан ҳам АҚШ, Хитой ва Россия каби Рим статутини имзоламаган давлат бўлгани учун Халқаро жиноят судининг мамлакат президентини топшириш сўровини рад этади. Судан ҳукумати позициясини Араб давлатлари лигаси ва Африка кенгаши қўллаб-қувватлайди. Улар Халқаро жиноят судини икки томонлама стандартлар ва ирқчиликда айблайди.
Умар ал-Башир уни қўлга олишга ордер берилганиден кейин ҳам кўп марта чет элга чиққан. Хусусан, Хитой ва Россияга борган, Владимир Путин билан кўришган. Бундан ташқари, Башир Рим статутини ратификация қилган давлатларга ҳам борган, лекин уни ҳибсга олишмаган.
2019 йилда ал-Башир ҳарбий тўнтариш натижасида тахтдан ағдарилади. Янги ҳукумат уни ва бошқа гумондорларни Халқаро жиноят судига топширишга ваъда қилади. Бироқ у ҳозиргача Судандаги қамоқхонада қолмоқда.
Муаммар Қаззофий
Ливия раҳбари (1979 – 2011 йилларда)

Нимада айбланган: Қаззофий, унинг ўғли ва қайнисини ҳибсга олишга ордер 2011 йил, Ливияда фуқаролик уруши авж олган вақтда чиқарилади. У инсониятга қарши жиноятда, хусусан, унинг режимига қарши чиққан қуролсиз одамларни оттиришда айбланган.

Суд таъқиби: Қаззофий Ҳаага суди томонидан таъқиб қилиниши Ғарб давлатларида эҳтиёткорлик билан қабул қилинади. Кўпчилик Халқаро жиноят суди Қаззофийга ордер бериш орқали уни аниқ жиноятда айблашни эмас, босим ўтказиб музокараларга кўндиришни мақсад қилган деб ўйлайди. Прокурор Луис Морено-Окампо эса Қаззофийни ҳибсга олишни талаб қилади. Бироқ бу иш амалга ошмайди, чунки 2011 йил Қаззофийни ўлдиришади. Диктаторнинг ўғли Саиф ал Ислом ҳам ҳозиргача суд қаршисига олиб келингани йўқ ва Ливия сиёсатига қайтишга ҳам улгурди.
Лоран Гбагбо
Кот-дʼИвуар президенти (2000 – 2011 йилларда)

Фото: ХЖС / Архив
Нимада айбланганди: Франциялик ҳарбийлар ва БМТ тинчликпарвар кучлари (улар 2000-йиллар ўрталаридаги фуқаролик уруши вақтида мамлакатга кирганди) Гбагбони тахтдан ағдарганидан кейин Халқаро жиноят суди унга қарши айблов эълон қилади. Гбагбо 2010 йилги президентлик сайловларида мағлубиятини тан олмаганидан сўнг, мамлакатда қуролли тўқнашувлар бошланиб кетганди. Ўшанда уч мингдан ортиқ ивуарлик ҳалок бўлади. Гбагбо сайловда Халқаро валюта фондининг собиқ иқтисодчиси Алласан Уаттарага мағлуб бўлганди. Шу тариқа, Гбагбо инсониятга қарши жиноят, зўрлаш ва қотилликда айбланган.

Simon Rawles / Getty Images
Суд таъқиби: 2011 йил ойида, яъни тахтдан ағдарилганидан 1,5 йил ўтиб у Ҳаагага олиб борилади. Суд ярим йилдан кейин бошланиши керак эди, аммо собиқ президент адвокатларининг талаби билан жараён қолдирилади. Улар Гбагбо «ёмон шароитларда сақлангани учун» саломатлигида кўплаб муаммолар пайдо бўлганини иддао қилишади.
Шу тариқа, суд 2016 йилга келибгина бошланади. 2019 йилда эса далиллар етишмаслиги сабаб сиёсатчи тўлиқ оқланади. Икки йилдан кейин апелляция инстанцияси Гбагбонинг оқланганини тасдиқлагач, Кот-дʼИвуарнинг амалдаги президенти Алласан Уаттара (у ҳам ўшанда конституциядаги тақиққа қарамай учинчи муддатга сайланганди) собиқ рақибини мамлакатга қайтишга таклиф қилади.
Слободан Милошевич
1991 – 1997 йилларда Сербия президенти, 1997 – 2000 йилларда Югославия иттифоқ республикаси президенти

Нимада айбланганди: Ҳаага суди ҳақида гапирганда кўпчиликнинг кўз ўнгига айнан Югославия собиқ президенти Милошевич келади. Унга қарши Ҳаага суди ордери 1999 йилда, у ҳали давлат раҳбари лавозимини эгаллаб турган вақтда берилганди. Айблов ҳайъати 2002 йилда тузилади. Болқондаги урушларни суриштириш учун эса махсус трибунал ҳам ташкил қилинади. Айнан мана шу трибунал ўз вақтида Ҳаага трибунали деб ном олган.
Милошевич Косовода инсониятга қарши жиноят содир этганликда, албанларга қарши уруш очишда айбланади. Кейинроқ унга қарши Босниядаги мусулмонларни қатағон қилиш ва уруш урф-одатларини бузиш каби айбловлар ҳам илгари сурилади.

David Brauchli / Getty Images
Суд таъқиби: Милошевич ҳам оммавий намойишлар натижасида лавозимидан қулатилганидан кейингина Ҳаага судига олиб борилади. Украинада уруш бошланганидан буён Кремл пропагандачилари Югославиядаги воқеалар илк «рангли инқилоб» бўлганини иддао қилишмоқда. Аммо Россиядаги мустақил нашрлар суриштирувларига кўра, Путиннинг ўзи ҳам Милошевични ағдаришда иштирок этишга қарши бўлмаган, бу ҳақда АҚШ президенти Билл Клинтонга айтган ҳам.
Милошевич устидан Ҳаага суди 2002 йилда бошланади. Милошевич ўзини ўзи ҳимоя қилишини эълон қилади. У судда Югославияни ағдариш ортида Германия турганини айтади.
Слободан Милошевич 2006 йил Ҳаагадаги судланувчилар сақланадиган қамоқхонада, суд ҳукми чиқмай вафот этади. Иш шу тариқа ёпилади, лекин унинг исми бошқа жиноий ишларда, хусусан, «соф серблар давлати» тузиш учун жиноий гуруҳ тузиш айблови илгари сурилган ишда ҳам тилга олинади.
Чарлз Тейлор
Либерия президенти (1997 – 2003 йилларда)

Нимада айбланган: 2002 йилда БМТ томонидан Либерияга қўшни бўлмиш Сьерра-Леонедаги фуқаролик урушини (1991 – 2002) суриштириш учун махсус суд тузилади. Тейлорга қарши айблов айнан мана шу суд томонидан чиқарилади. Либерия президенти қўшни давлатдаги олмос кони устидан назоратни қўлга олиш учун фуқаролик урушида қатнашган жиноий гуруҳлардан бирини молиялаштиришда айбланган. Унга 15 ёшдан кичик болаларни урушга жалб қилиш каби айбловлар ҳам илгари сурилган.
Тейлорга қўйилган айбловлар қаторида у ҳали Либерия президенти бўлмаган вақтда қилган ишлари ҳам бор. Ўшанда у дала қўмондони бўлган ҳолда мамлакатнинг катта қисмини назорат қилган. Тейлорга қурол етказиб берганлар орасида россиялик қурол мафияси Виктор Бут ҳам бўлгани айтилади.

Natalie Behring-Chisholm / Getty Images
Суд таъқиби: Тейлорга қарши айблов у лавозимини тарк этишидан бир неча ой аввал илгари сурилади. Кўп ўтмай ағдарилган Тэйлор судланади ҳам. У ўзига қарши қўйилган барча айбловларни рад этиб, қилган ҳаракатларини кичик Жорж Бушнинг Яқин Шарқдаги ҳаракатларига қиёслайди. Тейлор 1980-йилларда АҚШ Марказий разведка бюроси билан ҳамкорлик қилганини айтади. АҚШ ҳукумати тафсилотларини очиқламаган ҳолда бу фактни тасдиқлаганди.
2012 йилда трибунал Тейлорни 50 йиллик қамоққа ҳукм қилади. У жазони Британияда ўтамоқда.
Ҳусайн Ҳибрий
Чад президенти (1982 – 1990 йиллар)

Нимада айбланган: 1980-йилларда Ҳибрий Чад президенти бўлган ҳолда мамлакатдаги Муаммар Қаззофий томонидан қўлланган ливияпараст кучларга қарши курашган вақтда амалга оширган ҳаракатлари учун айбланган. Унга қарши инсониятга қарши жиноят, зўрлаш, одам ўғирлаш, қуллар меҳнатидан фойдаланиш каби айбловлар илгари сурилган. Ҳуқуқ фаоллари маълумотларига кўра, Ҳибрий 42 минг одам ўлимида айбдор ҳисобланади.

Philippe Le Tellier / Getty Images
Суд таъқиби: Ҳусайн Ҳибрийга қарши илк марта 2005 йил оммавий равишда инсон ҳуқуқларини топташ айблови илгари сурилади. Бу вақтда собиқ президент Сенегалда қувғинда эди. Ҳибрийга қарши илк айбловни Белгия эълон қилади. 2012 йилда БМТ Халқаро суди Сенегалдан Ҳибрийни судга топширишни талаб қилади. Кейинги йил эса у Дакарда қўлга олинади, Африка кенгаши фавқулодда суд ташкил этади, бу суд уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилади.
Ҳибрий ўзига қарши илгари сурилган айбловларни ҳам, суд ҳукмини ҳам қабул қилмайди. У барчасида Чад бир вақтлар колонияси бўлган Францияни айблайди. У 2021 йил августида қамоқхонадалигида коронавирус оқибатида вафот этган.
Ҳошим Тачи
Косово президенти (2016 – 2020 йилларда)

Нимада айбланган: Ҳошим Тачига қарши 2020 йил қисман тан олинган Косово республикаси президенти бўлиб турган вақтда ҳарбий жиноятлар, қотиллик, рақибларини таъқиб қилиш, қийноққа солиш каби айбловлар илгари сурилади. Унга қарши айбловлар 1990-йилларда қилган ишларига алоқадор. Тачи бу вақтда Косово мустақиллиги учун курашаётган айирмачилардан бири эди. Унга қарши айбловлар Европа Иттифоқи талаби билан Косово ҳукумати томонидан ташкил этилган махсус прокуратура томонидан илгари сурилади. Бу прокуратурага исёнчи косоволикларнинг жиноятларини ўрганиш вазифаси қўйилганди.

David Brauchli / Getty Images
Суд таъқиби: Ҳошим Тачи 2020 йил истеъфога чиқиб, ўз ихтиёри билан уч нафар шериги ҳамроҳлигида Ҳаагага боради. Унинг устидан суд жараёни 2023 йил апрел ойида бошланиши керак. Косоволик айирмачилар одам органлари савдоси билан шуғуллангани айтиб келинади ва Тачига қарши ҳам шу айблов бўлиши ҳақида гаплар йўқ эмасди. Аммо охирги айбловда бу борада банд йўқ.
Карл Дёниц
Германия рейхспрезиденти (1945 йил 29 апрелдан – 23 майгача)

Адмирал Карл Дёниц фашистлар Германияси етакчиси Адолф Ҳитлер 1945 йил 29 апрел куни ўз жонига қасд қилгач, мамлакатнинг расмий раҳбарига айланади. У 23 майгача Германия ҳукуматига расман раҳбарлик қилади. Нюрнбергда фашистларга қарши ишда Карл Дёниц инсониятга қарши ва ҳарбий жиноятларда айбланади. Суд вақтида у расман лавозимидан кетган бўлса-да, амалда Германия давлат раҳбари эди. Шу тариқа, Ҳитлернинг вориси Карл Дёниц замонавий дунёда қилган жинояти учун қонун олдида жавобгарликка тортилган илк амалдаги давлат раҳбари бўлганди.

Hulton Archive / Getty Images
Суд таъқиби: Карл Дёницга қарши асосий айблов иккинчи жаҳон уруши давридаги денгиз уруши қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ бўлган. У аввалига ўзига қўйилган барча айбловлар «америкаликларнинг уйдирмаси» эканини иддао қилади. Лекин кейинроқ Учинчи рейх раҳбарияти судга тортилганидан «кўнгли тўлгани»ни билдиради. Нюрнберг трибунали Дёницни 10 йиллик қамоққа ҳукм қилади. У жазони тўлалигича ўтайди.