2022 йил охиридаги статистик маълумотларга кўра, Германияда ҳимоя сўраб рўйхатга олинган хорижликларнинг учдан бир қисми украиналиклардир.
Германияда ҳимоя сўраб рўйхатга олинган чет эл фуқаролари сони 2022 йилда 1,14 миллионга ошиб, рекорд даражадаги 3,08 миллионга етди. Бу ҳақда 30 март, пайшанба куни Висбадендаги Федерал статистика бошқармаси маълумот берди.
Таъкидланишича, ушбу соҳадаги бундай сезиларли ўсиш - 2007 йилда бундай статистик маълумотлар бошланганидан бери энг каттаси - Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ. Федерал статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йилда Германияда ҳимояга муҳтож 1,01 миллион украиналик рўйхатга олинган. Бюрократик тартиб-қоидаларга йўл қўймаслик учун улар, дунёнинг бошқа мамлакатлари фуқароларидан фарқли ўлароқ, Германиядан бошпана сўраш учун расмий ариза топширишлари ва қочқин мақоми берилишини кутишлари шарт эмас.
Германияда «ҳимоя изловчилар» мақоми у ерда ҳуманитар, сиёсий ёки халқаро ҳуқуқий сабабларга кўра бўлган хорижликларга тегишли. 2022 йил охирига келиб Германияда 2,25 миллион хорижлик инсонпарварлик нуқтайи назаридан ҳимояга муҳтож бўлган.
Айни пайтда 570 минг киши, жумладан 271 минг украиналик учун 2022 йил охирида Германияда бўлиш мақоми аниқлаштирилмаган. Ўша пайтда Германияда бошпана тақдим этиш бўйича рад жавоби берилган 255 минг хорижлик бўлган, бу эса уларни мамлакатни тарк этишга мажбур қилади.
Федерал статистика бошқармасининг 2022 йил охиридаги маълумотларига кўра, Германияда ҳимоя сўраган барча чет элликларнинг учдан бир қисми (1,01 миллион киши) украиналиклардир. Уларнинг учдан бир қисмини 18 ёшгача бўлган болалар ва ёшлар, учдан бир қисмини 15 ёшдан 64 ёшгача бўлган меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ташкил этади. Ҳимоя сўраган Украина фуқароларининг қарийб 64 фоизи қизлар ва аёллардир, дейилади ҳисоботда. Таққослаш учун: Германияда ҳимоя излаётган барча чет элликлар орасида бу кўрсаткич пастроқ - тахминан 50 фоиз.