Шавкат Мирзиёев Хитой ҳудудлари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади

Ўзбекистон 15:53 / 29.03.2023 3523

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 март куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони Партқўми котиби Ма Синжуй бошчилигидаги ХХР делегацияси билан учрашув ўтказди. Унда  Ўзбекистон ҳудудлари ва ШУАР ўртасидаги ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон ҳудудларида Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида қайта тикланувчи энергетика, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, саноат парклари ва қишлоқ хўжалиги кластерларини ташкил этиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари эътибор марказида бўлди.

Учрашув аввалида Ма Синжуй ХХР раиси Си Цзинпиннинг саломи ва эзгу тилакларини ҳамда Хитой раҳбари лавозимига қайта сайлангани муносабати билан йўлланган табриклар учун миннатдорлик билдирди.

Учрашувда ўтган йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтган ва Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларида янги даврни бошлаб берган тарихий саммитнинг сермаҳсул натижалари қайд этилди.

“Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темирйўлини қуриш лойиҳасини жадаллаштиришда икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Тошкент, Самарқанд ва бошқа вилоятларнинг Шинжон-Уйғур автоном райони билан, шу жумладан савдо, логистика, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, туризм ва таълим соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги айтилди.

Давлат раҳбари ўзаро мулоқот ва алмашинувни фаоллаштириш, ташриф ва бизнес форумларини ташкил этиш, устувор лойиҳа ва дастурларни илгари суриш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан топшириқлар берди.

Кўпроқ янгиликлар