Францияда пенсия ислоҳотига қарши намойишларнинг ўнинчи куни, 28 март, сешанба куни мамлакат бўйлаб яна юз минглаб одамлар кўчаларга чиқди. Шу билан бирга, Париж ва бошқа баъзи шаҳарларда кўча ҳаракатлари тартибсизликларга айланиб кетди. Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, тўқнашувларда 175 нафар полициячи тан жароҳати олган. AFP агентлиги ўз мухбирига таяниб хабар беришича, Парижда камида икки намойишчи ҳам яраланган. Полиция 200 га яқин тартибсизлик иштирокчисини қўлга олди.
Франция пойтахтида юзлари ёпилган қора кийимдаги намойишчилар чиқинди қутиларига ўт қўйди ва супермаркетларни талон-торож қилди, дея хабар бермоқда AFP. Тартибсизликларга жавобан полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.
Франция шимоли-ғарбидаги Лориент порт шаҳрида намойишчилар темирйўлларни ёнаётган баррикадалар билан тўсиб қўйишди. Нефтни қайта ишлаш заводлари ва ёнилғи базаларида давом этаётган иш ташлашлар туфайли мамлакатдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларининг тахминан 15 фоизи таклиф этилаётган ёнилғи турларини қисқартиришга мажбур бўлди, 7 фоиз шохобчаларда эса ёнилғи бутунлай тугаб қолган.
28 март куни бўлиб ўтган норозилик намойишлари туфайли Франциянинг қатор шаҳарларида жамоат транспорти ишида ҳам узилишлар кузатилди. Эйфел минораси ва Версал саройи ташриф буюрувчилар учун ёпилди.
28 март куни намойишчилар сони бўйича, полиция ва намойишга чақирган CGT касаба уюшмаси маълумотлари фарқ қилади. Франция ИИВ маълумотларига кўра, шу куни жами 740 минг киши мамлакат кўчаларига чиққан, шундан 93 минг нафари Парижда бўлган. CGT касаба уюшмаси икки миллион намойишчи ҳақида маълумот келтирди, улардан 450 минг нафари Франция пойтахтида бўлган. Таққослаш учун: 23 март куни, CGT маълумотларига кўра, Франция президенти Эммануэл Макроннинг пенсия ислоҳотига қарши 3,5 миллион киши кўчаларда норозилик намойиши ўтказган, шундан 800 минг нафари Парижда бўлган.