Бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари импортига божхона божи бекор қилиниши нархларга қандай таъсир кўрсатади?

Иқтисодиёт 18:44 / 29.03.2023 25315

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон имзоланганди.

Фармон билан 2024 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланадиган товарлар рўйхати тасдиқланди. Жумладан:

  • йогурт; пахта, ивиган сут ёки қаймоқ, қатиқ;
  • пишлоқ ва твороглар;
  • янги ёки қуритилган хурмо (финик), анжир, ананас, авокадо, гуава, манго ва мангостин ёки гарсиния;
  • янги олма, нок ва беҳи;
  • буғдой ёки жавдардан ташқари ғалла донидан ун;
  • какао таркибли шоколад ва бошқа тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари.

28 март куни Миллий медиа марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг ОАВ вакиллари учун брифинги бўлиб ўтди.

Тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов кўрилаётган чора-тадбирлар ички бозордаги нархларга қандай таъсир қилиши ҳақида фикр билдирди.

«Маълумки, 23 март куни президент 32 турдаги озиқ-овқат импортига божхона божининг ноль ставкасини қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Гўшт, пишлоқ, макарон, олма каби маҳсулотлар кундалик ҳаётимизда жуда ҳам кўп истеъмол қилинади. Биргина 2022 йилда республикамизга қарийб 900 миллион долларлик маҳсулот импорт қилинди. Ушбу маҳсулотлар учун 500 миллиард сўмдан ортиқ божхона божлари тўланган», — деди Обид Ҳакимов.

Марказ директорининг сўзларига кўра, истеъмол товарларининг айрим турлари бўйича божхона божларини ноллаштириш иккита йўналиш бўйича ўз таъсирини кўрсатади.

 «Биринчидан, божхона божлари пасайганда импорт қилинадиган маҳсулотлар арзонлашади ва натижада ушбу маҳсулотларнинг истеъмоли ошади. Буни савдони ҳосил қилиш эффекти деб айтамиз.

Иккинчидан, бир мамлакатдан импорт қилинаётган маҳсулот қимматроқ бўлгани учун савдо йўналиши ҳам ўзгаради. Яъни импорт географияси ўзгаради. Биз баҳолашимизни ушбу чора-тадбирлар иккита эффект бўйича истеъмолчиларга қандай таъсир қилишига асосланиб ўтказдик».

Обид Ҳакимовнинг қўшимча қилишича, ушбу турдаги истеъмол товарларига божхона божларининг ноль ставкага туширилиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини мақсадли қўллаб-қувватлайди ва кам таъминланган уй хўжаликлари томонидан истеъмолни рағбатлантириш имконини беради.

«Мисол учун, биргина уй хўжаликлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, ушбу озиқ-овқатларга кам ёки ўрта даромадли уй хўжаликлари даромадларининг катта қисми сарфлаётганини кузатиш мумкин. Жумладан, булар макарон, тухум, сариёғ, гўшт, пишлоқ, олма ва бошқалар. Импортнинг ўсиши натижасида аҳолининг истеъмоли ошиши кутилмоқда ва ушбу турдаги маҳсулотлар учун импорт нархлари 1 фоиздан ортиқроқ пасаяди»,– дея тушунтирди эксперт.

Макроиқтисодий таъсири

Юқоридаги қарорнинг иқтисодий таъсири ИТИМ экспертлари томонидан ҳам ўрганилди. Марказ ахборот хизмати таҳлил натижаларини Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, божхона тўловлари ставкаларини нолга туширишнинг макроиқтисодий таъсири марказ томонидан гўшт ва сут маҳсулотлари, мевалар, ёнғоқлар, дон маҳсулотлари, ун маҳсулотлари, консервалар, шоколад, сув, тўқимачилик маҳсулотларининг айрим турлари учун умумий мувозанат модели асосида ҳисоблаб чиқилган.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Эркин савдо зонаси тўғрисидаги битимга мувофиқ МДҲ давлатларидан олиб кирилаётган товарларга импорт божхона тўловлари киритилмайди. Транспорт ва логистика занжирларининг бузилиши, асосий етказиб берувчи мамлакатларда, ишлаб чиқаришнинг тўхтаб қолиши туфайли Ўзбекистон МДҲга аъзо бўлмаган учинчи мамлакатлардан импорт ҳажмини оширган. Бу, ўз навбатида, ички бозорда маҳсулот таннархининг ошишига олиб келади.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, 2022 йилда божхона божининг ноль ставкаси қўлланиши белгиланган маҳсулотларнинг 57 фоизи МДҲ давлатларидан божсиз олиб келинган, қолган 43 фоиз импорт қилинаётган истеъмол товарларига божхона божи ставкалари қўлланган.

Ҳисоб-китобларга кўра, божхона божининг пасайтирилиши ушбу маҳсулотлар импортининг ўртача 6,7 фоизга ошишига олиб келади.

Импортнинг энг катта ўсиши қуйидаги товарлар гуруҳлари учун кутилмоқда:

  • гўшт ва гўштли озиқ-овқат субмаҳсулотлари; 
  • совитилган ёки музлатилган мевалар; 
  • олма, нок, беҳи ва бошқа янги мевалар;
  • ёнғоқ;
  • қандолат маҳсулотлари;
  • шоколад;
  • макарон;
  • пишлоқ маҳсулотлари.

Шу билан бирга, ушбу маҳсулотлар учун ички бозорда импорт нархлари 1,16 фоизга пасайиши кутилмоқда.

ИТИМ мутахассислари таҳлилларига кўра, божхона божи ставкаларини нолга тенглаштириш аҳолидан 600 млрд сўм миқдорида қўшимча маблағларни тежаш имконини беради, бу эса иқтисодиётдаги ички талабнинг 0,45 фоизга ўсишини рағбатлантиради ва иқтисодий ўсишга оширувчи таъсир кўрсатади.

Импорт оқимларига таъсири

Марказ экспертлари прогнозларига кўра, Россия, Молдова, Қозоғистон, Беларусь ва Украинадан озиқ-овқат импорти камайиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Европа Иттифоқидан импорт кўпаяди.

Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида импортнинг энг катта ўсиши Польша, Франция ва Италия ҳиссасига тўғри келади. Савдога энг кўп ижобий таъсири кўрсатадиган бошқа мамлакатлар Туркия, Хитой ва Ҳиндистондир.

Кўпроқ янгиликлар